“Ҳокимингиз Президент Мирзиёев фармонини бажармаяптими, Jamoatfikri.uzга ёзинг!”

Prezident Mirziyoyev va prezident adminstratsiyasi rahbarlari

Сурат манбаси, kun.uz

Президент Каримов бошқаруви йилларида Ўзбекистонда жуда кўп ишлар фақат қоғозда бўлиб келгани бугун энг юқори минбарлардан айтилмоқда, халқ арзу шикоятлари масъул ташкилотларнинг "отписка" ва "футбол"лари билан қарши олингани ҳеч кимга сир эмас бўлмай қолди.

Президент Мирзиёев "халқ давлат учун эмас, давлат халқ учун хизмат қилиши лозим" деган сиёсатни бошлагани аксар ўзбекистонликларга маъқул келди ва Президент портали, Халқ қабулхоналари ўзларининг муаммоларини ўнлаб йиллаб ҳал қилолмай келган оддий одамлар билан тўлиб кетди.

Бироқ охирги ойларда Президент портали ва туманларда ташкил этилган Халқ қабулхоналарининг масъуллари яна "отписка" ва "футбол" "маҳоратларини ишга солаётганлари" ҳолатлари кўпайди.

Ҳатто Ўзбекистон Президенти порталига бир неча марта шикоят ёзиб адолат топмаган фуқаролар оммавий ахборот воситалари ёки Интернет социал тармоқларига сўнгги чора сифатида мурожаат қилмоқдалар.

Муаммонинг матбуотда кўтарилиши ҳам ёрдам бермаган ҳолатлар кузатилмоқда.

Мамлакат раҳбариятининг янги иш жойлари яратиш, ўз меҳнати билан оиласини боқмоқчи бўлаётганларнинг йўлига тўсиқ бўлмаслик талабларини жойларда "халқпарварликдан фойда йўқ" деган қарашдаги тўралар жинояткорона инкор этмоқдалар.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 5 октябр куни имзолаган "Давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида"деб номланган янги қарори ана шундай мансабдорларни халқ ва мамлакат равнақи учун ишлашга мажбурлаш мақсадидаги ҳужжат деб кўрилмоқда.

Қарорга биноан, Ijro.gov.uz ва jamoatfikri.uz деб номланган иккита янги портал ташкил этилмоқда.

Бу порталлар мансабдорларнинг нақадар кўнгилдагидек ишлаётганларини жамоатчилик томонидан назорат қилиб туриш мақсадини кўзлайди.

Юқоридан келган буйруқларни фақат қоғозда бажаришга ўрганган раҳбарлар яна кўзбўямачилик билан қилмаган ишларини қилди деб кўрсатмасалар бўлди, деган мулоҳаза билдиришди қарор мазмуни билан танишган айрим ўзбекистонликлар.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek