Ўзбекистон: Уй-жой бўйича минглаб хулосаларни рад қилган ҳокимларга чора кўрилади

Ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни қонунийлаштириш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси доирасида чиқарилган хулосаларга қарор чиқармаган туман (шаҳар) ҳокимлари маъмурий жавобгарликка тортилади.
Адлия вазирлигининг @huquqiyaxborot канали хабар беришича, ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси доирасида бугунга қадар давлат хизматлари марказига жами 583 минг дан ортиқ мурожаат келиб тушган.
Мурожаатларнинг 187 мингдан ортиғи бўйича мулк ҳуқуқи эътироф этилган.
Комиссия ижобий хулосасига қарамасдан 23 мингдан ортиқ мурожаат бўйича маҳаллий туман (шаҳар) ҳокимлари асоссиз равишда қарор қабул қилмаган.
Давлат хизматлари марказидаги Би-би-си манбасининг айтишича, комиссия хулосасини бажаришдан бош тортган амалдорларга нисбатан маъмурий жавобгарлик кодексида кўрсатилган чоралар кўрилади.
"Давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги ваколатли давлат органининг қонуний талабини (топшириғини) бажармаганликда ифодаланган тарзда бузилиши, -мансабдор шахсларга ва хизматчиларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади", дейилади маъмурий жавобгарлик кодексида.
@huquqiyaxborot канали келтирган инфографикадан маълум бўлишича, қонун бузиш ҳолатлари энг кўп Бухоро вилоятида содир этилган.

Сурат манбаси, @huquqiyaxborot
Комиссия турар жойни фуқаро номига ўтказиб бериш бўйича ижобий хулоса қабул қилган бўлса-да, Бухорода 5216 комиссия хулосаси асосида қарор қабул қилинмаяпти.
Бухородан сўнг Тошкент вилояти ва Сурхондарё вилоятларини кўриш мумкин.
Бундан ташқари Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Қашқадарё, Хоразм, Наманган ва Самарқанд вилоятларидаги мансабдорлар томонидан ҳам қонун бузилишлари содир этилган.
Туман ҳокимларининг комиссия хулосасини нима сабабдан бажармаётгани маълум эмас.
2018 йилнинг 20 апрелида Президент Шавкат Мирзиёев «Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида»ги фармонни имзолаган эди.
2018 йил 21 июнида Вазирлар Маҳкамаси Президент фармони ижросини таъминлаш юзасидан қарор қабул қилди ва шу асосда мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисидаги низомни тасдиқлади.
Низом тураржойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси доирасида жисмоний шахсларнинг қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида ёки ўзбошимчалик билан қурилган якка тартибдаги уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тартибини белгилайди, деб ёзади кун.уз.
Кун.уз нашрининг ёзишича, акциядаги имтиёзларни суиистеъмол қилиш ҳоллари фуқаролар томонидан ҳам содир қилинмоқда.
"Акция эълон қилингандан кейин уй-жой, пойдевор кўтариб, уларни расмийлаштиришга ҳаракат қилаётган шахслар фаолиятига ҳам қонуний баҳо бериш бўйича ишлар алоҳида назоратга олиниши таъкидланган", -деб ёзади нашр.
- BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
- Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












