Британияда Муҳаммад ҳали ҳам энг машҳур исмми?

g

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Даниэл Уэйнврайт
    • Role, BBC News

Статистик маълумотларга кўра, Оливер сўнгги тўрт йилдан бери Буюк Британияда туғилаётган ўғил болаларга энг кўп қўйиладиган исм бўлиб келмоқда. Бироқ кўплаб ўқувчилар Би-би-сига Муҳаммад ҳали ҳам энг машҳур исмми, дея мурожаат қилишда давом этмоқда. Хўш, Муҳаммад ҳақиқатан ҳали ҳам Буюк Британиядаги энг машҳур исмми? Жавоб мақоладан топишингиз мумкин.

Буюк Британиянинг Миллий Статистикалар Офиси маълумотларига кўра, Оливер 2013 йилдан бери мамлакатда ўғил болаларга қўйиладиган энг машҳур исм бўлиб келмоқда. 2017 йилда 6,259 нафар чақалоққа бу исм берилган.

Би-би-си ўқувчилари Муҳаммад исмининг турли талаффуз шакллари биргаликда олинса, балки у мамлакатдаги энг машҳур исм бўлар, деган фикрни ўртага ташладилар.

Муҳаммад, айни шу талаффузда, 2017 йили Англия ва Уэлсда ўғил болаларга қўйилган 10-энг машҳур исм бўлган - 3,691 чақалоқ.

Бироқ бу исмнинг 14 хил талаффуз кўриниши бирга ҳисобланса - Муҳаммад, Моҳаммед, Моҳаммад, Муҳаммед, Моҳамед, Моҳамад, Муҳамед, Муҳамад, Моҳамуд, Моҳуммад, Моҳуммед, Моуҳамед, Моҳаммод, Моуҳамад - у ҳолда 7,307 нафар гўдак сони келиб чиқади.

Бу яна Муҳаммад-Али каби чизиқча билан ёзиладиган исмларни қўшмаган ҳолдаги рақам.

Аммо Миллий Статистикалар Офиси бирор исмнинг ҳар бир талаффуз шаклини алоҳида ҳисоблайди ва алоҳида рейтингга жойлайди.

«Бирор исмнинг барча талаффуз шаклларини бирга ҳисоблаш биз тузадиган рўйхатнинг сифатига путур етказади,» дея маълум қилган эди идора 2016 йилда.

Статистика соҳаси мутахассислари аксар талаффуз шаклларнинг бир илдизга бориб тақалиши борасида баҳслар мавжудлиги сабабли ҳар бир исм алоҳида ҳисобга олиниши зарур, йўқса, статистик маълумот холислигига шубҳа уйғонади, дейди.

Масалан, Сара ёки Сера бир исмнинг турли талаффуз этилишими ёки йўқлиги борасида мунозаралар узоқ вақтдан бери давом этиб келмоқда.

Қизларга ҳам, болаларга ҳам қўйилаверадиган энг машҳур исм қайси, деб қизиққан баъзи ўқувчилар.

Миллий Статистикалар Офиси маълумотларида 28 та бундай исмни учратиш мумкин. Улар жами 6,164 бола ва 7,508 қизга қўйилган.

Бу исмлар ичида 2017 йили энг машҳур бўлгани Эвери экан. Ўтган йили Англия ва Уэлсда 65 бола ва 65 қизга бу исм берилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek