Муҳаммад бўлгани учун АҚШга киритилмадими?

АҚШга учишга шайланган британиялик мусулмон ўқитувчи ўз ўқувчилари кўзи олдида самолётдан чиқариб олинган ва унга ҳеч қандай изоҳ берилмаган.
Паспортида исми Муҳаммад Мия бўлган, лекин ҳаётда Жуҳел Мия исмини қўлловчи ўқитувчи ўзининг 39 ўқувчиси ва 5 ҳамкасби билан Исландияга учиб борган.
Сўнгра 16 февралда мазкур гуруҳ Исландия пойтахти Рейкявик аэропортида Нью-Йоркка учадиган самолётга чиқишган, аммо қўриқчилар ҳеч қандай изоҳсиз Мияни самолётдан туширишган.
Мия Би-би-сига муддати 2019 йилда тугайдиган АҚШ визаси борлиги ва ҳеч қандай жиноий ўтмишга эга эмаслигини айтди.
"Ҳамма менга худди мен бир ёмон иш қилиб қўйгандек қарашди. Мен ўзимни жуда ҳам ночор ҳис қилдим. Қайта-қайта нега мени самолётдан тушириб юбораётганларини сўрадим, лекин ҳеч ким менга жавоб бермади", - деди у.
Унинг қўшимча қилишича, у АҚШ Президенти Доналд Трамп имзо чеккан тақиқлов фармонига киритилган етти мусулмон давлатнинг биронтасида бўлмаган.
Жаноб Мия асли келиб чиқиши бангладешлик, лекин Британияда туғилган ва фақат британ паспортига эга.
Ўқитувчи яшайдиган Уэльс раҳбарияти Британия Ташқи ишлар вазири Борис Жонсонга "зудлик билан аниқлик" киритишни сўраб мактуб йўллаган. Нит Порт Талбот ҳокимияти эса АҚШ элчихонасига ёзма норозилигини изҳор қилди.
Лондондаги АҚШ элчихонаси бирон муносабат билдиргани йўқ.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02.
ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
Instagram - BBC UZBEK
Twitter - BBC UZBEK
Odnoklassniki - BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio
bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг












