Дин ва дунё: ‘Қоҳирадан кўра Лондонда ҳижобда юриш осонроқ’

Сурат манбаси, Dalia Anan
- Author, Дина Абуғазала
- Role, BBC Monitoring
Сарлаҳвага чиқарилган жумла 47 яшар Далия Ананга тегишли. Аёл исломий рўмол ёки ҳижоб аталмиш кийим билан ўз она шаҳри Қоҳирада бошидан кечирганларини Лондондаги вазиятга муқояса қилиб кўрди.
Далия ахборот-технологиялари соҳасида муҳандис сифатида фаолият юритади. Икки йил олдин таълим олаётган фарзандларининг олдига - Буюк Британияга кўчиб келган.
«Бу ердан кўра Мисрда кўпроқ ўзимни атрофдагиларнинг ҳукмига учраётгандек ҳис қилганман,» дейди у.
Бироқ бу асосий масала эмас.
Аҳолисининг аксар қисми мусулмон бўлган Мисрда узоқ йиллар давомида аёллар ҳижоб кийишга рағбатлантириб келинган.
Аммо сўнгги йилларда вазият, айниқса, юқори табақа аёллари учун ўзгариб бормоқда.
"Кечқурунлари маълум вақтларда 'зўр' жой, деб ҳисобланадиган ресторанларга борсангиз, сизни ҳижоб билан ичкарига қўймайдилар. Бундай жойлар, айниқса, шимолий соҳил ҳудудида кўп," сўзлайди Далия.
'Паст табақа'
Ўртаер денгизи бўйлаб жойлашган шимолий соҳил дам олиш масканлари ёзнинг саратонида қоҳираликлар оқиб келадиган гўшага айланади. Айниқса, Ийд Рамазонда дам олувчилар сони кескин ортиб кетади.
Далиянинг айтишича, ўтган ёзда уни ҳижоби учун шимолий соҳилнинг энг қиммат дам олиш масканларидан биридаги икки энг кибор ресторанга қўйишмаган.
Қоҳиранинг юқори табақага мансуб ҳижобли аёллари учун ушбу манзара бегона эмас.

Сурат манбаси, Dina Hisham
Канадада истиқомат қилувчи 23 яшар мисрлик Дина Ҳишам шундай дейди: «Бир кун келиб, Мисрда бирор жойга боришдан олдин у ерга ҳижоб билан қўйишадими ё йўқлигини олдин текшириш зарур бўлишини ҳеч ҳам ҳаёлимга келтирмаган эдим.»
Бир қанча аёллар баъзи пляжларда танани бутунлай ёпиб турувчи "буркини" ёки акваланг костюмлари билан чўмильишга рухсат беришмаганидан шикоят қилган.
"Асосий муаммо шундаки, ҳижоб 'паст табақа'га мос, деган қараш борган сари шаклланиб бормоқда. Шу учун ҳам у юқори синфга оид жойларда тақиқланган," дейди Торонтодаги Йорк Университетида кинесиология бўйича таҳсил оладиган Дина.
Динанинг изоҳлашича, ҳозирда Мисрда "пули кўп, араб тилидан кўра инглизча гапиришни маъқул кўрувчи, алкогол ичиш ва очиқ кийинишдан тортинмайдиган 'очиқ фикрлайдиганлар" юқори табқага мансуб ҳисобланади.
Би-би-си билан суҳбат бўлганлар иддао қилган ҳижоб тақиқланган жойларга такрорий юборилган сўровларга ҳеч қандай жавоб бўлмади.
'Ҳижобни сақлаб қолиш'
Ҳижоб баъзи жойларда шунчаки тақиқланмаяпти. Аксар мусулмон аёллар ҳижоб киядиган Мисрда баъзилар яқинлари томонидан босимнинг ортиб бораётганини ҳам ҳис қилмоқдалар.
Би-би-си билан суҳбатлашган барча аёллар Қоҳиранинг кибор табақага мансуб аёллари ҳижобдан воз кечаётгани, ҳануз ҳижобда юрганлари эса тез-тез бу ҳақида саволга тутилаётгани ҳақида сўзлаб бердилар.

Сурат манбаси, Nike
Асл касби фармасевт бўлган Nike'нинг биринчи ҳижобли модели мисрлик Манал Ростом буни «ҳижобга қарши давр» деб атайди.
"Менинг барча дўстларим ва қариндошларим ҳижобдан воз кечиб, 'фақат сен қолдинг,' дейишмоқда."
"Бундан жаҳлим чиқди. Ҳеч ким менга таъсир ўтказишини истамайман ва шу сабабли ҳам 'Surviving Hijab' гуруҳини ташкил этишга қарор қилдим," дейди ҳозирда Дубайда яшаётган 38 ёшли Манал.
Facebook'даги "Surviving Hijab" (том маънода «Ҳижобни сақлаб қолиш» деб таржима қилиш мумкин) гуруҳи 2014 йилда ёпиқ гуруҳ тарзида ташкил қилинган. Унинг асосий мақсади ҳижоб борасида иккиланаётган аёлларни қўллаб-қувватлаш эди.
Бугунга келиб, гуруҳ аъзолари сони 620,000 га етган. Уларнинг аксарияти Мисрдан.
Маналнинг айтишича, «шундай платформага эҳтиёж бўлгани сабабли» гуруҳ танилиб кетди.
«Аёллар ҳижоб билан боғлиқ ўзлари дуч келган муаммолар ҳақида очиқ гапиришдан қўрқар эдилар… гуруҳ уларга сўз эркинлиги бериб, бир-бирларини елкама-елка дастаклашга имкон яратди.»
Манал жамият кимнингдир ҳижоб кийиши ёки йўқлиги аҳамиятсиз масканга айланишини истайди.

Сурат манбаси, Ranya Essam
'#MyChoice'
Мисрнинг киборлари орасида ҳижоб мавқейининг пасайиши май ойида бошланган #MyChoice (#МенингТанловим) ҳаракатининг асосий сабабчиларидан бири бўлди.

Сурат манбаси, #MyChoice
Ҳаракат асосчиларидан бири 30 яшар Ҳеба Мансур оиласи билан хорижда яшаб, уч йил олдин Мисрга кўчиб келгандан сўнг қанчалик «маданий тўқнашув» билан юзлашгани ҳақида сўзлайди.
«Ҳижоб кийганингиз учун мазах қилишади, ерга уришади,» дейди Қоҳирадаги Америка Университетида катта маслаҳатчи бўлиб ишловчи Ҳеба.
«Бундай вазиятларни кўравериб ҳаракатга нисбатан қатъиятим янада ошиб бораверди,» сўзлайди у.
Рамазон ойи давомида бўлиб ўтган ҳаракат 19 нафар ҳижобли аёлнинг #MyChoice ҳештаги остидаги ҳикояларини ўзида акс эттиради.
«Иштирокчилар турли ҳикояларни улашдилар… улар ҳижоб эркинликка тўсқинлик қилмаслигини айтиб, бошқа аёлларга қуйидаги хабарни етказмоқчи бўлдилар: Кўринишингизни кимдир муҳокама қилишига йўл қўйманг!» дейди Ҳеба.
"Биз ушбу ҳаракатни фақатгина бошқа аёлларга 'сиз ёлғиз эмассиз,' дейиш учун олиб бормоқдамиз."
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













