‘37 ёшимга қадар аёл билан қовушмаганимдан хафаман’

18+

Illustration of a man in bed

Аксарият балоғат ёши арафасида илк бор жинсий алоқага киришади, лекин ҳамма ҳам эмас. 60 ёшли «Жозеф» аёлидан ажралган. У ўз вақтида қизлар билан бирга бўлмаганидан уялади. Қуйида унинг ҳикоясини ўқишингиз мумкин.

Қирққа чиқай деганимга қадар аёллар билан алоқада бўлмаганман. Бу гап бошқаларга қандай таъсир қилишини билмайман, лекин доим бу нарсадан уялиб келганман.

Мен жуда ҳам уятчан ва хавотирга тез тушувчи одам бўлганман. Аммо одамлардан ажралиб қолмагандим. Доимо дўстларим кўп бўлган, лекин улар билан ҳеч қачон яқин бўлолмаганман.

Мактабда қизлар мени ўраб олишар эди. Мен эса ҳар қандай ўзини нормал ҳисобловчи эркак қўл урадиган ишни қилмасдим - уларнинг бошини айлантиришга интилмасдим ҳам.

Видео тагсўзи, Британиялик модель Клои Эйлинг фотосессия учун Миланга учиб борганди.

Университет ёшига етгунимга қадар ўз ҳаёт йўлимни чизиб бўлдим - ҳеч қандай ишқий муносабатларга киришмайман. Бунинг сабаби менда ўзини-ўзи ҳурмат қилиш ҳисси етишмаслиги ва одамлар мени ёқимсиз, деб топишларидан доимий ҳадикда юришимда эди.

Илк 20 баҳорга қадам қўйгунингизга қадар «бу қиз билан гаплашганман, у қиз билан муносабатда бўлганман» дейиш учун асосли бир иш қилмаган бўлсангиз, одамлар сизни хушламаслиги эҳтимолидан қўрқишингиз ошиб бораверар экан.

Мен ҳеч қачон бу ҳақида дўстларим билан гаплашмаганман. Улар ҳам сўрашмаган. Очиғи, сўрашганда ҳам ўзимни ҳимоя қилиб, бир нарсалар тўқиб чиқарган бўлардим.

Балки жамият ёшингиз етганда жинсий алоқага киришмасангиз, бунда сизни айбламас. Бироқ менимча, нимадир нормал қолипдан ташқарида бўлса, у қандайдир маънода девиант (ноодатий, ғалати) ҳисобланиши мумкин.

Мен аёллар билан «омади юришгани»ни намойиш қилиш урфга айланганлигини сезаман - агар бирор машҳур қўшиқни тинласангиз ёки филмни кўрсангиз, унда қизлар билан эрта алоқага киришиш эркак сифатида етилишнинг нишонаси этиб тасвирланади. Френки Валлининг «Оҳ, қандай тун!» қўшиғида қиз йигитни бир кечада эркакка айлантирганини сезасиз.

Lonely man illustration

Сурат манбаси, Getty Images

Бундай нарсалар ҳақида ўйлаганимда ичимда уят ҳиссини туяр эдим.

Аксар дўстларимнинг юрадиган қизи бор эди. Мен улар танишгандан то турмуш қургунга қадар ўтган воқеаларни бир четдан кузатар эдим. Бу манзара менинг ўзимга бўлган ишончим ва ҳурматимни емириб ташлар эди.

Мен ёлғиз эдим ва чуқур тушкунликка тушиб қолгандим, лекин буни тан олгим келмасди. Бу бир томондан менда жинсий алоқа бўлмаётганидан бўлса, бошқа томондан самимий гаплаша оладиган яқин инсоним йўқлигидан ҳам эди.

15, эҳтимол, 20 йил ортга назар ташласам, ойим, дадам ва сингилларимдан ташқари бирор инсон билан дардлашмаган эканман. Бундан ташқари бирор қизнинг қўлини ҳам тутмаган эдим. Шу сабабли менинг дардим фақат сексдан иборат эмасди.

Ўзим ҳаёлан истаган инсонни учратиб қолсам, юрагим қувончдан ҳапқириб кетмасди ё хурсанд бўлмасдим - қайтанга менда хафалик ва тушкунлик ҳисси пайдо бўларди. Умидсизлик менинг доимий ҳамроҳим эди.

Одамлар мени рад этишидан чўчимас эдим, чунки ҳеч ким мен ҳис қилаётган туйғулар ила менга жавоб қайтариши эҳтимоли деярли йўқ эди.

Балки ўзимни ҳимояламоқчи бўлгандирман, лекин аёлларга суйкалиш уларни мажбурлашга тенг, деб ҳисоблар эдим. Ҳеч қачон аёллардан «фойдаланувчи» эркак бўлмайман, деб ўйлардим.

Мен аёллар кундалик ҳаётдан сўнг тунни эркакларсиз бемалол, ўйнаб-кулиб ўтказиши лозим, деган фикрда эдим.

Ўзимга ёққан аёллар билан тез орада дўстлашиб кетардим. Ишончим комилки, уларнинг аксарияти ичимдан ўтган ҳаёлларни ўқий олмаган.

Ўша вақтда аёллар мен билан алоқага киришишни истамаслигига ишончим комил эди. Ҳозир ўтмишга назар солсам, нега бундай ўйлаганимни ўзим тушунмайман. Ўзимнинг ёқимтойлигимга ишончим бўлмаган бўлса керак.

Бирор аёл менга тўшак таклиф қилмаган. Бу эҳтимол ўша пайтлари аёлларнинг бундай амалга қўл уриши уят ҳисоблангани сабабли бўлса керак.

35 ёшимдан қирққа кирганимга қадар тушкунлик даражам ортиб бораверди. Менга антидепрессантлар ёзиб беришди. Психотерапия курсларига қатнай бошладим.

Две руки держат друг друга

Шунда ҳаммаси ўзгара бошлади.

Аввало, ўзимга нисбатан ишончим жилла қурсада, ошди. Иккинчидан, антидепрессантлар ҳам ўз таъсирини кўрсатди - улар мендаги уялиш ҳисси даражасини тушириб юборди.

Камига ўзимни бироз улғайгандек ҳис қила бошладим.

Бир қизни кўнглини олишга ўзимда журъат топиб, у билан бироз алоқада бўлдим.

Биринчи учрашув кечасида қанчалик ҳаяжонланганим ва асабийлашганим ҳамон ёдимда. Бироқ ичимдан «Бу ажойиб, менга ёқяпти,» деган овоз келарди. Мен у қизни яна учрашувга таклиф қилдим, у ҳа, деди ва воқеалар шу тарзда ривожлана кетди.

Илк учрашувдан бир неча ҳафта ўтгандан сўнггина биз қовушдик. Илк бор бирга бўлаётган ўсмирлар кўп нарсаларни билмай, қийналади дейишади, лекин мен ўсмир эмасдим - ҳамма нарсани билардим. Илк алоқа мен учун ажойиб ва ёқимли кечди. Одамлар биринчи алоқа унча яхши бўлмайди, дейишади. Аммо менда ҳаммаси зўр ўтди.

Мен у қизга бу ҳаётимдаги илк алоқа эканини айтмадим. Сўраганда, айтган бўлардим.

18 ойдан сўнг ишда бўлажак рафиқамни учратдим. У зумда мени эътиборимни тортди. Унинг катта-катта шаҳло кўзлари жуда ёқимли эди.

Уни ўзим бевосита учрашувга таклиф қилмадим. Дугонасидан менинг ўрнимга бу ҳақида сўрашини илтимос қилдим.

Илк учрашувимиз 40 ёшга тўлган куним бўлиб ўтди. 18 ойдан сўнг турмуш қурдик.

У жуда ўзига хос аёл эди.

У мени севиб қолганидан хурсанд эдим. У менга ҳаётимдаги илк севгини берди.

Мен унга жинсий ҳаёт борасидаги ўтмишим ҳақида сўзлаб берганимда у ҳаммасини тўғри қабул қилди. У мени ҳеч қанақасига танқид қилишга интилмас эди.

Бизнинг бахтли турмушимиз 17 йил давом этди. Мана у оламдан ўтганига ҳам деярли уч йил бўлибди. Ҳамон уни йўқотганимдан ўзимга кела олмайман.

Доим уни кеч топиб, эрта йўқотдим, деб ўйлаб юраман. Бироқ ёш пайтим уни учратганимда ишқий муносабат бошлашга журъатим етармиди, деган савол ҳам қийнайди мени.

Мен ёшлик давримга афсус билан боқаман. Гўё мавжуд бўлмаган нарса учун афсус чекаётгандек бўламан. Ёшлик давримдан бошқалардагидек ширин хотиралар ва саргузаштлар мерос қолмаган.

Ёшлик пайти қалби севгига тўлиб юриш қандай бўлишини билмайман. Қарши жинс вакили қўлларини тутиб, фараҳли дунёга қадам қўйиш қандай бўлиши ҳақида ҳам тасаввурга эга эмасман. Шу сабабли қалбимда надомат туйғуси бор.

Шундай вазиятда турган одамларга айтадиган илк гапим бундай: Буни жиддий қабул қилинг.

Ва кимдир шундай вазиятда эканлигини пайқаб қолсак, аралашишимиз зарур. Буни қандай қилиш лозимлигини билмайман, чунки мен ўша пайтлари ўзимдаги мазкур ҳолатни ҳеч қачон тан олмаган бўлар эдим.

Масала шундаки, менга - аниқроғи ёшлигимдаги менга - ўхшаш одамлар эътибордан четда қолиб кетади.

Lonely man illustration

Сурат манбаси, Getty Images

Биз ёшлар хавфли ҳисобланган амалларга қўл урганда қаттиқ ташвишга тушамиз - гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш, пичоқбозлик, эрта жинсий алоқага киришиш ва бошқалар шу каби амаллар жумласидан. Нимагадир қўл урмаслик эса бизни ташвишга солмайди.

Шундай экан, ёши етса ҳам бирор қиз ёки йигит қўлини ушламаган танишингиз бўлса, беэътиборлик қилманг. Ишонинг, ишқий муносабатда бўлмаслик улар истаган нарса эмас. Улардан қўққисдан «Нега бирор ким билан учрашмайсан?» деб сўраманг. Бунинг ўрнига уларга елкадош бўлинг, дастакланг.

Учрашувга чиқишдан олдин ҳаяжонланиш одатий ҳолат. Кимдир билан бирга бўлишни исташ ҳам инсонга хос. Шундай экан, сиз ўз-ўзингизни рад этсангиз, инсонлигингизга ҳам кўз юмган бўласиз.

23 апрел куни Торонтоода Алек Минасциан томонидан кичик юк машинаси орқали уюштирилган хуруж оқибатида 10 нафар инсон ҳалок бўлди. Кейинроқ Минасциан «ноилож селибат» (селибат - уйланмасликка аҳд қилган эркак) сектасидан эканлиги аниқланди. Ушбу интернет жамоати аъзолари ҳеч қачон секс билан шуғулланмасликларига ишонадилар ва бунда, асосан, аёлларни айбдор кўрадилар. Бундай сектанинг мавжудлиги Жозефни чуқур ташвишга солади.

Мени Торонтодаги ҳужум бўйича энг кўп ташвишлантирадиган нарсалардан бири шуки, севги-муҳаббат излаб юрган инсонларнинг аксари ҳали ҳам ичидаги уят туйғусини жиловлай олмаган.

Пировардида, бундай одамлар жамиятнинг кўзига ғалати бўлиб кўриниши мумкин. Мен рафиқамни учратишимдан олдин ва ундай кейин ҳам ўзлигимни сақлаб қолганман - ўзгармаганман. Менда ҳеч қандай ғалатилик йўқ.

Жуда кўп инсон меҳр-муҳаббат излайди ва уларнинг қалби ҳали жамиятга нисбатан нафратга тўлмаган. Торонто хуружини амалга оширган шахс билан инсон тафтига муҳтожларни бир-бирига боғлаш тўғри иш эмас.

Севилиш ва севиш ҳаётнинг ширин онлари. Севгини топа олмаслик эса кимнингдир айби эмас, балки шунчаки қилинмаган ишлар оқибати, холос.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek