Роҳинга инқирози: Ракхайн вилоятидаги оломон кўмак юклари ортилган кемага ҳужум қилган

Мянма Ахборот қўмитаси Халқаро Қизил Ярим ой жамиятининг ёрдам юклари ортилган кема фотосуратини Фейсбукда эълон қилган.

Сурат манбаси, Myanmar Government Information Committee

Сурат тагсўзи, Мянма Ахборот қўмитаси Халқаро Қизил Ярим ой жамиятининг ёрдам юклари ортилган кема фотосуратини Фейсбукда эълон қилган.

Мянма расмийлари хабар қилишларича, бу ёрдамлар фақат Роҳинга мусулмонларига мўлжалланган, деб ишонган Буддойиларнинг оломони Ракхайн вилоятида кўмак кемасига ҳужум қилган.

Ракхайн вилояти полицияси Буддойи оломонни тарқатиш мақсадида огоҳлантирувчи ўт очгани хабар қилинмоқда.

Оломон ёқилғи тўлдирилган идишларни кемага қарата отган, бунинг ортидан ҳибслар амалга оширилди, деб айтганлар расмийлар.

Халқаро Қизил Ярим ой жамиятининг юклари ортилган кема Мянма шимолидаги ҳудудда юкланаётган бўлган.

Ракхайн вилояти август охиридан буён зўравонликларга саҳна бўлди, мусулмон жангарилар ҳужумига жавобан дея Мянма ҳарбийлари бу ерда ҳарбий амалиётларни бошладилар.

Мянма ҳарбийлари бегуноҳ инсонларни ўлдиргани, жинсий зўрлаш ҳолатлари рўй бергани, бутун бошли қишлоқларга ўт қўйганлари маълум бўлди.

Юз минглаб Роҳинга мусулмонлари ўз жонларини асраб қолиш мақсадида мамлакатни ташлаб қочишга мажбур бўлдилар.

Кўмак ташкилотларининг хабар қилишларича, ҳам Мянмадан қочиб Бангладешга ўтган ва ҳам Ракхайн штатида қолган Роҳингалар ўта зудлик билан ёрдамга муҳтожлар.

Бу инсонларга озиқ-овқат, сув ва бошпана зарур.

Ўн минглаб Роҳинга мусулмонлари Бангладешдаги қўлбола жамлоқларда қолмоқдалар, улар учун ҳам ёрдаслар чекланган

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Ўн минглаб Роҳинга мусулмонлари Бангладешдаги қўлбола жамлоқларда қолмоқдалар, улар учун ҳам ёрдаслар чекланган

Аммо зарур кўмакларни Мянма ичкарисида қолган инсонларга тарқатиш жуда қийин, дейди Би-би-си мухбири Жонах Фишер.

Ҳам кўмак ташкилотлари расмийларнинг чекловларига дуч келишмоқда ва ҳам Роҳинга мусулмонларига ёрдам етказилишини хоҳламайдиган Буддавий жамоа вакилларининг очиқдан-очиқ душманлиги кўзга ташланади.

"Бу ёрдамлар ҳамма учун"

Хабар қилинишича, Халқаро Қизил Ярим ой жамиятининг юклари Ракхайн штати маркази Ситтве шаҳрида кемага ортилаётган пайти бир неча юз кишидан иборат "тажовузкор" оломон юк ортилишига халақит қилишга ҳаракат қилганлар.

200 тача полициячи оломонни тарқатишга муваффақ бўлган.

Қизил Ярим ой жамият ходимлари одамлар билан гаплашганлар ва бу кўмак юклари кимки ёрдамга муҳтож бўлса, ўша одамларга мўлжалланганини айтганлар.

Шундан сўнг оломон халқаро ташкилот ходимларини тинч қўйганлари айтилмоқда.

"Чуқур хавотирда"

Мянманинг амалдаги раҳбари Аун Сан Су Чи

Сурат манбаси, AFP/Getty Images

Айни пайтда Мянма ҳукумати Роҳинга инқирози боис халқаро танқидлар остида қолган.

Мамлакатнинг амалдаги раҳбари Аун Сан Су Чи БМТ Бош ассамблеяси 72-сессиясига ҳам бормади, 19-сентябр куни баёнот билан чиқди.

Сан Су Чи хонимнинг Мянма армияси томонидан содир этилаётган жиддий инсон ҳақлари поймол этилишини қораламагани яна бир бор танқидларга учради.

Аун Сан Су Чи ўз нутқида 5-сентябрдан кейин зўравонлик ёки қишлоқларни тозалаш юз бергани йўқ, деб айтди.

Аммо Ракхайн штати ичидаги вазиятни биладиган инсонларнинг хабар қилишларича, ҳарбийлар Роҳингаларнинг қишлоқларига ўт қўйишни 5-сентябрдан кейин ҳам давом эттирганлар.

Чоршанба куни БМТ Бош ассамблиясида гапирган Мянма Вице-президенти Ҳенри Ван Тио мусулмонларнинг Ракхайн штатини кўп сонда тарк этганларидан "чуқур хавотирда" эканини айтган.

Унинг сўзларига кўра, Мянма ҳукумати "муаммони аҳамиятли миқёсда" тергов қилмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02