БМТ: Роҳингаларга қарши амалиёт этник қирғиндир

Сурат манбаси, Reuters
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн айтишича, Мянмар ҳукуматининг Роҳинга мусулмонларига қарши ўтказаётган ҳарбий амалиёти этник тозалашнинг классик намунасидир.
Зайд Раад ал-Ҳусайн Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари Кенгашига мурожаатида гапирган.
"Мянмар ҳукумати инсон ҳуқуқлари поймол этилаётганини текширишга рухсат бермаётгани боис вазиятни тўла баҳолаш имконсиз, бироқ бу этник тозалашнинг китобий намунасидир", деб айтган Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн.
БМТ Олий комиссари Мянмар ҳукуматини мусулмонлар билан Мянмар армияси ўртасида тўқнашувлар рўй берган Ракхайн штатига БМТ вакиллари киришига рухсат беришини сўраган.
"Мянмар ҳукумати гўё Роҳингалар ўзларининг уйларини ёқиб, ўзларининг қишлоқларини вайрон этаётгандек қилиб кўрсатишини тўхтатиши лозим. Реалликни буткул инкор этиш яқин-яқингача яхши муносабат кўрсатилган давлатнинг халқаро обрўсига катта путур етказади. Мен ҳукуматнинг шафқатсиз ҳарбий амалиётини тўхтатишга, барча айбдорларни жавобгарликка тортишга ва Роҳинга мусулмонларига қарши шафқатсиз таҳқирлашларни тўхтатишга чақираман", деб айтган жаноб ал-Ҳусайн.
Мянмардаги сўнгги танглик "Аракан Роҳингаларини қутқариш армияси"(АРҚА) нинг 25 август кунги ҳужумлари ортидан бўй кўрсатгани иддао қилинади.
Хабарларга кўра, бу гуруҳ бир қанча полиция постлари ва Мянмар Қуролли кучларининг базасини нишонга олишган.
Ўзаро жангларда 12 нафар ҳукумат ҳарбийси ва саксонга яқин исёнчи ҳалок бўлгани хабар қилинади.
Бунинг ортидан Мянмар ҳарбийлари аксилтеррор амалиётларини бошлаганлар.
"Рейтер" ахборот агентлигининг хабар беришича, ўтган бир ҳафта давомида ҳукумат кучлари ва Роҳинга жангарилари ўртасидаги тўқнашувларда қурбон бўлганларнинг сони қарийб 400 кишига етган.
Қурбонлардан аксариятининг мусулмон Роҳинга жангарилари эканликлари айтилади.
Хабарларга кўра, сўнгги зўравонликлар боис, Мянмарни ташлаб чиққан ва ташлаб чиқиш ҳаракатида бўлган маҳаллий мусулмонларнинг сони қарийб 300 мингга етган.
Орада уларнинг кўплаб уй-жойларига ўт қўйилганига оид хабарлар ҳам олинган.
Мянмардаги бу каби зўравонликлар Россия ва Чеченистонда йирик оммавий норозилик намойишларига ҳам сабаб бўлган.
Собиқ Шўро давлатлари раҳбарлари орасидан биринчи бўлиб Мянмардаги ҳодисалар юзасидан кескин баёнот билан чиққани эса, Чеченистон Президенти Рамзан Қодиров бўлган.
Рамзан Қодиров рохинга мусулмонлари учун Россияга қарши чиқишга ҳам тайёр эканини баён қилди.
Мянмардаги мусулмонларнинг сони бугунги кунда 1.5 миллион кишини ташкил этиши айтилади.
Тарихий манбаларга кўра, бу мусулмонлар 19-асрнинг охирида британ мустамлакачилари томонидан Бангладешдан Мянмарга кўчириб ўтказилган.
Аммо улар Мянмарда ҳали-ҳануз ноқонуний муҳожирлар саналишади ва аксариятининг расман фуқаролиги ҳам йўқ.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02















