Рохинга исёнчилари бир томонлама оташкесим эълон қилди

Сурат манбаси, Reuters
Аракан (Рохин) Рохингаларини қутқариш армияси (АРҚА) инсоний бўҳрон ортидан бир ойлик бир томонлама оташкесим жорий қилганини билдирди.
Оташкесим якшанба кунидан бошланажагини маълум қилган АРҚА Мяньмар (Бирма) армиясидан ҳам қуролларни ташлашни ва инсопарварлик ёрдам ташкилотларининг фаолиятини давом эттиришга изн берилишини талаб қилди.
Бирма ҳукуматидан исёнчилар эълон қилган оташкесим борасида бирор расмий изоҳ берилмади.
Исёнчиларнинг 25 август куни полиция постларига ҳужум уюштирганидан сўнг Мянмар армияси мамлакат жанубидаги Рахин (Аракан) штатида йирик ҳарбий амалиётларни бошлаган.
Ҳукумат томонидан олиб борилган ҳужумлар натижасида 290 минггга яқин Рохинга мусулмонлари ватанини тарк этиб Бангладешга қочиб ўтди.
БМТ Рохинга қочқинлари егулик, ичимлик суви ва дорилар катта эҳтиёж сезаётганини ва зудлик билан 77 миллион долларлик ёрдам кўрсатилиши кераклигини таъкидлайди.
Рохинга бўлгасида истиқомат қилувчи фуқаролиги йўқ мусулмонлар асосан буддовийлар яшайдиган Бирмада камчиликни ташкил қилади. Уларнинг айтишича, буддовийлар ва ҳарбийлар мусулмонларга қарши шафқатсиз кампания олиб бормоқда ҳамда уларнинг қишлоқларини ёқмоқда.
Бирма ҳукумати ушбу айбловларни рад этади ва ҳарбийлар Рохинга "терррорист"ларига қарши курашаётганини айтади.
АРҚА оташкесим баёнотиини шанба куни эълон қилди.

Сурат манбаси, Getty Images
Сўнгги танглик
Мяньмардаги сўнгги танглик "Аракан рохингаларини қутқариш армияси"нинг 25 август кунги ҳужумлари ортидан бўй кўрсатгани иддао қилинади.
Хабарларга кўра, бу гуруҳ бир қанча полиция постлари ва Мяньмар Қуролли кучларининг базасини нишонга олишади.
Ўзаро жангларда 12 нафар ҳукумат ҳарбийси ва саксонга яқин исёнчи ҳалок бўлади.
Аён бўлишича, бунинг ортидан Мяньмар ҳарбийлари ўзларининг аксилтеррор амалиётларини бошлашади.
"Рейтер" ахборот агентлигининг хабар беришича, ўтган бир ҳафта давомида ҳукумат кучлари ва рохинга жангарилари ўртасидаги тўқнашувларда қурбон бўлганларнинг сони қарийб 400 кишига етади.
Қурбонлардан аксариятининг мусулмон рохинга жангарилари эканликлари айтилади.
Хабарларга кўра, сўнгги зўравонликлар боис, Мяньмарни ташлаб чиққан ва ташлаб чиқиш ҳаракатида бўлган маҳаллий мусулмонларнинг сони қарийб 90 минг кишига етган.
Орада уларнинг кўплаб уй-жойларига ўт қўйилганига оид хабарлар ҳам олинган.
Мяньмардаги бу каби зўравонликлар Россия ва Чеченистонда йирик оммавий норозилик намойишларига ҳам сабаб бўлган.
Собиқ Шўро давлатлари раҳбарлари орасидан биринчи бўлиб Мяньмардаги ҳодисалар юзасидан кескин баёнот билан чиққани эса, Чеченистон Президенти Рамзан Қодиров бўлган.
Рамзан Қодиров рохинга мусулмонлари учун Россияга қарши чиқишга ҳам тайёр эканини баён қилди.
Мяньмардаги мусулмонларнинг сони бугунги кунда 1.5 миллион кишини ташкил этиши айтилади.
Тарихий манбаларга кўра, бу мусулмонлар 19-асрнинг охирида британ мустамлакачилари томонидан Бангладешдан Мяньмарга кўчириб ўтказилган.
Аммо улар Мяньмарда ҳали-ҳануз ноқонуний муҳожирлар саналишади ва аксариятининг расман фуқаролиги ҳам йўқ.
- Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02












