Кекса фоҳишалар учун меҳрибонлик уйи

Сурат манбаси, Clayton Conn
- Author, Клейтон Конн, Мексика
- Role, Би-би-си Жаҳон Хизмати
Кармен Муноз бундан 11 йил олдин Мексика пойтахтидаги ёмонотлиқ бўлган кўчаларнинг биридан ўтаркан, чиқиндихона ёнида ғимирлаган нарсага кўзи тушади.
Қаровсиз болаларми, деган хаёлда бориб қараса, бир пайтлар ўзи билан бирга ишлаган аёллар экан.
Улар кексайганда энди ишсиз ва уйсиз, кўчада қолишганди.
Кармен ҳам чиқиндихонада яшаётган бу уч аёл каби узоқ йиллар худди шу ерларда ишлаган. Улар бирга фоҳишалик қилишган.
Кармен Муноз кекса аёлларни уйига олиб кетади.

Сурат манбаси, Clayton Conn
Карменнинг ўзи ҳам эри ташлаб кетганида жуда қийналган, кўчадаги шу қадим касб бўлмаса, ҳеч қачон болаларини улғайтира олмасди.
Чунки ҳеч ким кўп болали бесавод онага иш бермаган.
Мексикада эса кўчада қолиш - ҳуқуқсизлик, ҳимоясизлик ва очлик дегани.
У 40 йил давомида Plaza Loreto сўқоқларига чиқиб пул топган, шаънини букиб, қаддини тиклаб олган.

Сурат манбаси, Shutterstock/Benedicte Desrus
Шу боис у ўзи каби аёлларнинг аҳволини яхши тушунади.
Аммо Кармен 3 собиқ "касбдошига" уйидан бошпана бергани билан кўчада қолаётган юзлаб кекса фоҳишалар муаммосини ҳал қила олмасди.
Шу учун у машҳур санъаткорлар ва ўзи каби фаол собиқ фоҳишалар билан биргалашиб, маҳаллий ҳокимиятга мурожаат қилади.
Ниҳоят, расмийлар аёллар ишлаган Plaza Loreto мавзесига яқин ерда улар учун 18 асрда қурилган таъмирталаб эски бинони ажратишади.

Сурат манбаси, Shutterstock/Benedicte Desrus
Casa Xochiquetzal Мурувват уйи анча кўримсиз ва таъминот қийин. Лекин бу ерда кекса фоҳиша аёллар қадр-қиммати ерга урилмайди.
Бир умр жамият оёқ учида кўрсатиб келган аёллар учун ўзини қадрли ва ҳурматга сазовор ҳис қилиш муҳим.
"Мен ўзимни ҳурматга лойиқман, деб ишонтирганман" - дейди Кармен Муноз.

Сурат манбаси, Shutterstock/Benedicte Desrus

Сурат манбаси, Shutterstock/Benedicte Desrus
Ҳозир бу ердаги аёллар турли ишлар билан шуғулланиб, ўзларини таъминлашга ҳисса қўшишмоқда.
Айрим аёллар тақинчоқлар ясашади. Пазандаликка қизиқадиганлар эса пишириқ ва ширинликлар пишириб, сотувга чиқаришади.
Хуллас, ёшликларида ўргана олмаган ҳунарларни энди ишга солишмоқда.

Сурат манбаси, Shutterstock/Benedicte Desrus

Сурат манбаси, Shutterstock/ Benedicte Desrus
Бу ердаги аёллар аксариси ёшлигида кўчада ишлаб, соғлиғини йўқотган ва кўпи ҳозир қариб қолган. Энг кекса аёлнинг ёши 80да.
Шу боис уларнинг соғликларини кузатиб бориш ҳам муҳим масала.
Айрим аёллар эса ҳаётда дуч келган зўравонлик ё таҳқирлар сабабли ҳали-ҳамон руҳий муолажага муҳтож.

Сурат манбаси, Clayton Conn
Фрҳишалик қилган аёлларни жамият айблайди. Аммо айрим ҳикоялар одамни ўйга толдиради:
Марбелла ҳозир 70 ёшга яқинлашиб қолган. Унинг хонасида Пабло Неруда, Лев Толстой ва Франц Кафка китобларини кўрасиз.
Ҳали 9 ёшида кўчада қолгач, бир аёл уни боқиб олади. Аммо мактаб пулини топиш учун 16 ёшидан ўз танасини сотишга мажбур бўлади.
"Бошқа ҳеч қандай иложим йўқ эди" - дейди Марбелла.
У фоҳишалик ортидан уч боласини катта қилади. Аммо тўнғич қизи қон саратонидан оламдан ўтгач, қаттиқ тушкунликка тушади.
Кўчага чиқиб ишлай олмайди. Хуллас, уй кирасини тўлолмай, кўчада қолади.
Не ажабки, ёшлигида ота-онаси воз кечгани боис фоҳишалик йўлига кирган бўлса, худди шу касби туфайли кексайганда, қийналиб боққан болалари ҳам ундан юз ўгиришади.

Сурат манбаси, Shutterstock/Benedicte Desrus
Ўтган йиллар давомида бу мурувват уйида 250 нафар аёл бошпана топди.
Мексика жамиятида ижтимоий муҳофаза деярли йўқ ҳисоби. Оилавий муносабатларда эса ҳамон анъанавий қадриятлар устун.
Шу сабабли, фоҳишалик йўлига кирган аёлларни на оила, на жамият қабул қилади.
Ҳозирча, уларни фақат Casa Xochiquetzal мурувват уйи қабул қилмоқда, холос.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
Instagram - BBC UZBEK
Twitter - BBC UZBEK
Odnoklassniki - BBC UZBEK
Facebook - BBC UZBEK
Google+BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - uzbekbbclondon
bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг













