"Навоз Шариф Ўзбекистонда алоҳида олқишланди"

Сурат манбаси, AFP

Покистон оммавий ахборот воситалари Бош вазир Навоз Шарифга Тошкент ва Самарқандда алоҳида эҳтиром кўрсатилганига эътибор қаратмоқдалар.

Тошкентда Афғонистондаги вазият ва Покистоннинг Шанхай Ҳамкорлик ташкилотига қўшилиши билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинган.

"Ўзбекистон Покистонга нафақат яқин қўшни мамлакат, балки улкан сиёсий-иқтисодий, ҳарбий-техникавий ва инсоний салоҳияти, қулай геосиёсий ўрни ва вазмин ташқи сиёсати туфайли минтақада, муҳим халқаро масалаларни ҳал этишда етакчи роль ўйнаётган давлат сифатида қарайди", дея Президент Ислом Каримовдан иқтибос келтирган оммавий ахборот воситалари.

Афғонистон мавзуси Бош вазир Навоз Шариф ва Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ўртасидаги расмий музокараларда, шунингдек, Покистон бош вазири шарафига Ўзбекистон президентининг "Кўксарой" қароргоҳида уюштирилган зиёфат пайти ҳам тилга олинган.

"Афғонистонда халқаро якдиллик асосидаги тинчлик музокаралари йўли билан тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш - бизнинг умумий фикримиз. Афғонистон шундай геосиёсий ҳудуки, у нафақат яқин атрофи, балки узоқдагиларга ҳам таъсир қилади", деб айтган Президент Ислом Каримов музокаралар якунида журналистлар билан учрашув пайти.

Покистон Бош вазири Навоз Шариф айтишича, Ўзбекистон ҳам, Покистон ҳам минтақавий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш орқали Афғонистон ва Марказий Осиёда барқарорликни таъминлаш истагидадир.

Президент Каримовнинг журналистларга айтишича, ҳозир Шанхай ташкилотига раислик қилаётган Ўзбекистон Покистон билан Ҳиндистонни ташкилотга қабул қилишни бошлашга оид "йўл харитаси"ни ишлаб чиққан.

"Ҳужжат барча манфаатдор томонлар кўриб чиқиши учун тайёр", деб айтган Президент Каримов.

Бош вазир Навоз Шариф Ўзбекистон Покистонни ШОС шериги сифатида дастаклаётгани учун миннатдорлик билдирган.

Расмийлар хабар қилишларича, ўртада савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни янада кучайтириш йўллари муҳокама қилинган.

Жаноб Шариф Ўзбекистонга Тожикистон билан энергетика битимларинимуҳокама қилганидан бир неча кун ўтиб ташриф буюрган.

Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг Исломободга сафари пайти САSA -1000 минтақавий энергетика ҳамкорлиги лойиҳасини жонлаштириш масаласи муҳокама этилгани хабар қилинди.

Тоғли ўлка Тожикистон ўзининг сув захираларидан фойдаланиб, минтақанинг йирик электр энергияси экспортчисига айланишни истайди, аммо Ўзбекистон Тожикистоннинг Роғундек йирик сув омбори барпо этиш ғоясига қаршилик қилиб келади.

Покистон Бош вазири Навоз Шарифнинг Ўзбекистонга сафари иккинчи кунини Самарқандда ўтказган.

Жаноб Шариф Регистон мажмуасини, Бибихоним масжиди, Амир Темур ва Имом Бухорий мақбараларини зиёрат қилган, Покистон бош вазирига Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлик қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio