Қашғар-Гвадар йўлаги қаердан ўтади?

Сурат манбаси, Reuters

Покистон, Бош вазир Навоз Шариф бир замонлар айтганидек, "Осиё йўлбарси"га айланадими?

Тўғри, жаноб Шариф бу гапни ҳали генерал Парвез Мушарраф уни ҳокимиятдан ағдаришидан анча олдин, 1997 йилдаги бош вазирлиги замонида гапирган эди.

Аммо Хитой Президенти Ши Жинпингнинг Покистонга ташрифи муносабати билан мухбирлар ўша ваъдаларни эслаганлар.

Исломободдаги икки кунлик музокараларда Хитой Покистонга 46 миллиард долларлик сармоя киритиши кўзда тутилган шартномалар имзоланган.

Бунинг асосийси Шинжонни Покистоннинг Араб денгизидаги соҳили билан боғлайдиган йўлакни барпо этишдир.

(CPEC - China-Pakistan Economic Corridor) Хитой-Покистон Иқтисодий йўлаги деб ном берилган лойиҳа автомобил ва темир йўллар, қувурлар тизимини қуришни кўзда тутади.

46 миллиард доллар - Покистонга 2008 йилдан буён киритилган жами сармоялардан уч баравар кўп деганидир.

Мухбирларга кўра, сўнгги янгилик Хитойнинг Марказий ва Жанубий Осиёга ўз таъсирини ошириш истагидан далолат беради.

Сурат манбаси, BBC World Service

Янги йўлак Хитойни тўғридан-тўғри Араб денгизига чиқишига имкон яратади.

Бу йўлакнинг узунлиги 3000 километрни ташкил этади.

Аммо бу ерда сармояни Покистон томонидан "ҳазм қилиниши" муаммоси ҳам бор.

Чунки Покистон жангарилик, Балужистон минтақасида бўлгинчилик, сиёсий беқарорлик ҳамда коррупция мавжудлиги билан танилган.

Хитойни эса Шинжондаги мусулмон уйғурлар орасидаги радикаллашиш хавотирга солади, бўлгинчи уйғур жангариларининг Покистон Толибони билан бирлашиб янада кучайишидан чўчийди.

Балужистон вилоятидаги бўлгинчилар ўнлаб йиллардан буён қўлларидан қуролларини ташламайдилар, бироқ бу ҳудуддан Қашғардан узанган йўлак Гвадарга ўтиши кўзда тутилган.

Мухбирларга кўра, иқтисодий рағбат билан Балуж бўлгинчиларини тинчитиш ва йўллар хавфсизлигини таъминлаш учун расмий Исломободнинг "қаттиқ ишлаш"ига тўғри келади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio