Тожикистон Покистоннинг энергетика бозорига кирмоқчи

Сурат манбаси, president.tj
Президент Эмомали Раҳмон Покистонга сафарини бошлаган.
Мақсад САSA -1000 аталмиш минтақавий энергетика ҳамкорлиги лойиҳасини жонлаштириш экани айтилмоқда.
Айни лойиҳада Тожикистон, Қирғизистон, Покистон ва Афғонистон иштирок этади.
Лойиҳага кўра, Покистон Марказий Осиёдан 1000 МW электр энергиясини импорт қилиши керак ва яна 300 MW Афғонистон истеъмоли учун ажратилади.
Эмомали Раҳмонни Покистон Бош вазири Навоз Шариф таклиф қилган, иккала давлат ҳам энергия ҳамкорлиги борасида 2000 йилларнинг бошларидан бери мулоқот қилиб келади.
Тожикистон Покистон энергетика бозори ва айни бозорнинг истиқболи билан қизиқиши бежиз эмас.
Марказий Осиёнинг энг камбағал давлати саналган Тожикистон сув заҳираларидан фойдаланиб, минтақанинг йирик электр энергияси экспортчисига айланиш ниятида...
Иккала мамлакат раҳбарлари муқаддам ўз учрашувларида CASA-1000 лойиҳасини имкон қадар эртароқ амалга ошириш истакларини изҳор этишганди.
CASA-1000

CASA-1000 лойиҳаси ёз ойларида ортиб қоладиган 1,300 MW электр энергиясини Тожикистон ва Қирғизистондан Афғонистон ва Покистонга экспорт қилишни назарда тутади.
Тожикистон бу экспортдаги ҳиссаси 70 фоиз бўлса, Қирғизистонники 30 фоиз экани айтилади.
Айни лойиҳа минтақада энергетика бозорининг шаклланиши ва мунтазам тараққиётга хизмат қилиши урғуланади.
Покистон янгиликлар хизмати APPга кўра, 1222 чақиримга тортиладиган электр симйўли 2020 йилнинг ўрталарида қуриб битказилиши керак.
Лойиҳанинг нархи 1 миллиард АҚШ долларига тенг экани айтилади.
Айни лойиҳа бўйича электр энергиясини экспорт қилиш фақат ҳозирда мавжуд иншооатлар ҳисобидан бўлиши тахмин қилинади.
Аммо ҳам Қирғизистон ва ҳам Тожикистон қиш ойлари кескин энергия тақчиллиги билан рўпара келади.
Шунинг учун ҳам, айрим мутахассисларга кўра, қишги ички тақчиллик ва экспорт ҳажми назарда тутилиб қўшимча қурилишларга эҳтиёж туғилиши мумкин.
Ўзбекистон Қирғизистон ва Тожикистоннинг қўшимча энергия лойиҳаларига мухолиф эканини айтиб келади.
Дарёларнинг қуйи оқимида жойлашган Ўзбекистон учун йирик гидроэлектр энергияси қурилишлари, айрим мутахассисларга кўра, сув таъминотида узилишларга сабаб бўлиши мумкин.
Бу эса Шўролар давридаги пахта яккаҳокимлигини деярли сақлаб қолган Ўзбекистон учун муаммо яратиши турган гап.
Покистон Бош вазири Навоз Шариф шу 17 ноябр Ўзбекистонга сафар қилиши кутилмоқда.
Кузатувчиларга кўра, президент Ислом Каримов билан учрашувларда Покистон раҳбари кўтарадиган асосий мавзулардан бири CASA-1000 бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
Instagram – BBC UZBEK
Twitter – BBC UZBEK
Odnoklassniki – BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio












