Алишер Усмонов Британия бойлар рўйхатида яна пастлаган

Леонард Блаватник(чапда) Гопи(ўнгда) Ҳиндужа ва акасини ортда қолдирган.

Сурат манбаси, PA

Сурат тагсўзи, Леонард Блаватник(чапда) Гопи(ўнгда) Ҳиндужа ва акасини ортда қолдирган.

Лондонда нашр этиладиган The Sunday Times рўзномаси ўзининг йиллик бойлар рўйхатини эълон қилган.

Бу йил Британиянинг энг бой одамлари рўйхатида биринчи ўринни америкалик бизнесмен деб кўриладиган Леонард Блаватник 13,17 миллиард фунт ёки 19,91 миллиард доллар билан эгаллаган.

Иккинчи ўринда Hinduja Group бизнесини бошқарадиган ака-ука Сри ва Гопи Ҳиндужалар эгаллаган.

Ака-ука Ҳиндужаларнинг умумий бойлиги 13 миллиард фунт ёки 19,65 миллиард долларни ташкил этган.

Учинчи ўринда чакана савдо тармоқларининг соҳиби ҳисобланган Гален ва Жорж Вестонлар.

Уларнинг бойлиги 11 миллиар фунт ёки 16,63 миллиард долларга тенг деб кўрилган.

2013 йилги рўйхатда 13.3 миллиард фунт стерлинг (20.26 миллиард доллар) билан Британия ва Ирландиянинг энг бой одами деб топилган Алишер Усмонов 2015 йилги рўйхатда тўртинчи ўринни эгаллаган.

Жаноб Усмонов активини Британ рўзномаси бу йил 9,8 миллиард фунт(14,88 миллиард доллар) деб баҳолаган.

2014 йили ака-ука Ҳиндужалар рўйхатнинг биринчи ўрнини, Алишер Усмонов иккинчи ўрнини эгаллаган эди.

Ўтган йили жаноб Блаватник Британия бойларининг тўртинчиси деб топилган эди.

"Челси" футбол клуби соҳиби, россиялик бизнесмен Роман Абрамович бу йилги Британия энг бой одамларининг ўнинчиси бўлган.

Алишер Усмонов 2015 йилги бойлар рўйхатида тўртинчи ўринни эгаллаган.

Сурат манбаси, Getty

Сурат тагсўзи, Алишер Усмонов 2015 йилги бойлар рўйхатида тўртинчи ўринни эгаллаган.

Жаноб Абрамович бир йил давомида 1 миллиард 230 миллион фунт стерлинг йўқотгани ва ҳозирга келиб унинг бойлиги 7,29 миллиард фунт(11,02 миллиард доллар)га тенг экани айтилган.

Британиянинг энг бой одамлари рўйхатига кириш учун 100 миллион фунт стерлингга эга бўлиш керак.

2014 йилда бу рўйхатдаги бадавлат инсонлар сони 104 тани ташкил қилган.

Бу йил эса бойлар янада бойиб рўйхатдаги бойлар 117 нафарга етган.

Уларнинг жами бойлиги 547 миллиард фунт стерлинг ёки 830 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган.

Леонард Блаватник 1957 йилда СССРда туғилган.

Москва шаҳрида ўрта мактабни тугатган.

1978 йили АҚШга кетган.

У Access Industries инвестиция компаниясини бошқаради.

Бу ширкат турли соҳаларга сармоя киритади, булар нефт қазиб олиш, металлар, рақамли оммавий ахборот воситалари ширкатларига тегишли.

Леонард Блаватник Warner Music овоз ёзиш ширкатининг соҳиби ҳисобланади ва бошқа қатор лойиҳаларда ўз улушларига эга.

У Нью-Йорк ва Лондонда мунтазам истиқомат қилади деб кўрилади.

Шунингдек, жаноб Блаватник Оксфорд университетига 75 миллион фунт хайрия қилгани билан ҳам танилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio