'Ўзбекистон жаннатга ўхшайди'

Сурат манбаси, none
"Ўзбекистон ҳеч қайси давлатга ўхшамас ва ягона".
Электрон мактуб йўллаган Босид исмли ўқувчимиз ўз фикрини ана шундай ифодалаган. Аксар фикрлар худди шунга монанд.
"Жаннатга". Муслимбек Худойбердиев бир сўз билан Ўзбекистонни ана шундай тасвирлайди.
Шаҳло Икрамова исмли ўқувчимиз Ҳамид Олимжонннинг "Ўхшаши йўқ бу гўзал бўстон, достонларда битган гулистон..." сатрлари билан Ўзбекистонни тасвирлаган.
Аммо бу айримларда истеҳзоли фикрларни ҳам уйғотган.
"Давлат органларида қариндошларингиз борми, жа сайраябсиз" - деб унга жавоб ёзган Умид Калимуллин.
Озарбайжондан Сингапур қадар
Айни дамда, Илҳом Ҳожимуродов Ўзбекистонни Озарбайжон ва Қозоғистон каби собиқ шўро давлатларига қиёс беради.
Ўқувчимиз ўз фикрини далилламаган, аммо Озарбайжонда Илҳом Алиев президентликни марҳум отасидан мерос олган. Қозоғистон эса собиқ СССР давридан бери бир шахс бошқаруви остида энг узоқ қолаётган давлатлардан бири.

Сурат манбаси, none
Баъзи ўқувчиларимиз ўз фикрларини батафсил изоҳлашга интилганлар.
"Ўзбекистон иқтисодий илдамлашда Хитой ёки Жанубий Кореяга, миллийликни намоён этиб, тараққий этишига қарасак, Японияга ўхшаши мумкин" - қабилида фикр билдиради Тошкентдан Мадиёр.
Унинг фикрича, қонун устиворлиги борасида Ўзбекистонни Сингапур ёки Эстонияга, коррупцияга қарши кураш бобида эса Сингапурга қиёслаш мумкин.
Зимбабве ё Шимолий Корея-чи?
Маълумки, ҳозир жаҳонда Ўзбекистон ҳақида гап кетганида турли хил одам уни турли мамлакатга қиёслайди.
Ғарблик сайёҳлар наздида, Ўзбекистон тинч ва барқарор, халқи саводли ва жозибадор мамлакат.
Олимлар фикрича, бу юрт дунё тарихи ҳамда илм-фанида азалдан мустаҳкам ўринга эга мамлакатлар қаторида туради.
Инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, шахс ва сўз эркинлиги қаттиқ чекланаётган Ўзбекистонни фақатгина Шимолий Корея ёки Туркманистон каби мустабид тузумларга қиёслаш мумкин.
Одамларнинг уйлари бузилиб, етарлича товон пули олишолмаётгани ва баъзан кўчада қолишаётгани ҳақидаги хабарлар ортидан бу мамлакат Африканинг Зимбабвеси каби экан-да, деган фикрлар ҳам айтила бошланган.

Бир шахснинг узоқ йиллик қаттиққўл бошқаруви борасида гап кетганда эса қатор таҳлилчилар Ўзбекистонни дунёдаги энг золим ва яккаҳоким тузумлар қаторига ҳам қўшишади.
Халқаро Қулдорлик Кўрсаткичи ташкилоти эса ҳар пахта мавсуми юз минглаб фуқаросини мажбуран пахтага чиқарадиган Ўзбекистон токи терим тугагунча, Мавританиядан кейин дунёнинг иккинчи йирик қулдорига айланади, деб хулоса қилган.
Лекин ўзбекистонлик тингловчиларимиз бу фикрларни тасдиқлашгани ёки маъқуллашгани йўқ.
Масалан, Муҳаммад Усмонов исмли ўқувчимиз Ўзбекистонни асло Туркманистон ёки Шимолий Кореяга ўхшатмаслигини билдирган.
"Уларнинг ташқарига кетган фуқаролари қайтиб боришолмайди-ку" - деб ўз фикрни асослаган Муҳаммад Усмонов.
"Туркманлар эса нолимаса ҳам бўлади, чунки уларда тўкин-сочинлик".
'Оврўпоси бизга етсин-чи!'
Ўзбекистонлик ўқувчиларда ватанпарварлик ҳисси юқорилиги яққол кўринади. Айни дамда Совет ташвиқотидан мерос қолган зеҳният ҳам кучли кўринади.

Масалан, эл-юрт тараққиёти учун ўта муҳим бўлган танқидий фикрлар кўп ҳолларда қабул қилинмайди. Баъзилар, ҳатто танқидий фикр билдирган одамни ватанфуруш ёки хоинга ҳам чиқариб қўя қолишади.
Бу эса ҳали юз йилдан кўпроқ вақт олдин Совет халқи шуури ва фикрларини шакллантириш учун яратилган сиёсий воситанинг ҳамон ўзбек жамиятида ишлаётганини кўрсатади.
Айни дамда, фикрлар ҳақиқатан ҳам ўзбекларга хос ватанпарварликка, эл-юртга ва киндик қони тўкилган тупроққа содиқликни намоён этадиган ҳиссиёт ва муҳаббатга тўлиқ.
"Европа ҳам, Россия ҳам зерикарли, улар Ўзбекистоннинг битта қишлоғига ҳам тенг келмайди" - деб ёзади Асадбек Азим.
Кўпчилик Ўзбекистонда муайян камчиликлар борлигини, уларни бартараф этиш учун узоқ йиллар керак бўлишини қайд этишган. Аммо бу Ўзбекистонни бошқа давлатлардан кам кўришга асос бўла олмаслигини урғулаганлар.
"Керак бўлса, ўша ривожланган давлатларнинг Ўзбекистонга ўхшаши учун бутун умри камлик қилади" - қабилида фикр билдиради Элдор Воҳидов.
Айни дамда бу мавзу қатор баҳсларга ҳам етакламоқда. Лариса Петрова исмли ўқувчимиз кўплаб ўзбеклар Қозоғистонга бориб ишламоқда ва Қозоғистонга етишимиз учун 100 йил керак бўлади, деб айтади.
Аммо унга этироз билдирган ўқувчилар бошқа давлатларга бориб ишлаётган қозоғистонликлар ҳам кўплигини таъкидлашган.
'Ватан ва ҳукумат битта эмас'

Айрим ўқувчиларимиз саволнинг қўйилишига эътироз билдиришган ва одамлар Ўзбекистон деганда, ватанни тушунишади, деб таъкидлаiган. Маълумки, шарқда ватан ва она муқаддас саналиб, уларни бошқаларга таққослаш анъананаси йўқ.
"Сиёсатчиси келиб-кетади, халқ қолади. Ватан қолади" - деб ёзади Алекс Мард исмли ўқувчимиp - "Сиёсий тизимни солиштирса бўлади. Лекин сиёсий тизим бу - Ўзбекистон дегани эмас-ку!!!!"
"Ўзбекистон деганда ҳамма Ватанини кўз олдига келтиради, давлат ёки сиёсат арбобини эмас".
Пахтакор Ранго тахаллусли ўқувчимизнинг ёзишича, Ўзбекистон энг яхши мамлакат, аммо уни золим ҳукумат бошқармоқда.
Ўзига Вилли Ва, деб ном қўйган ўқувчимизнинг фикрича, Ўзбекистон ажойиб мамлакат, фақат баъзи раҳбарлари чатоқроқ.












