Ўзбекистон МДҲ эркин савдо ҳудудининг тўққизинчи аъзоси бўлди

Хабарларга кўра, Президент Ислом Каримов "2011 йил 18 октябрдаги Эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги шартномани унинг Томонлари ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида қўллаш ҳақидаги Баённомани ратификация қилиш тўғрисида"ги қонунга имзо чеккан.
Шу тариқа Ўзбекистон МДҲ Эркин савдо ҳудудининг тўққизинчи аъзоси бўлди.
Эркин савдо ҳудудини ташкил қилиш ҳақидаги шартнома 2011 йил 18 октябр куни Минскдаги МДҲ давлатлари раҳбарлари йиғилишида қабул қилинган.
Унга Россия, Украина, Арманистон, Белоруссия, Қирғизистон ва Тожикистон, Қозоғистон ва Молдавия қўшилган. Қирғизистон ва Тожикистон шартномани ҳали ратификация қилмаган. Озарбайжон, Туркманистон ва Ўзбекистон бу масалани қўшимча ўрганиш ниятини билдирган.
Ўзбекистон МДҲ нинг Эркин савдо ҳудудига қўшилиши ҳақидаги шартномани 2013 йил 31 май куни Беларус пойтахти Минскда бўлиб ўтган МДҲ бош вазирлари кенгашининг навбатдаги мажлисида имзолаган эди.
Шартнома лойиҳаси Россия иқтисодий тараққиёт вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, аъзо давлатлар орасида хориж пошлинаси қўлланиладиган товарлар миқдорини минимум даражага тушириш, экспорт божини босқичма-босқич тугатиш, савдо алоқаларини мустаҳкамлашни кўзда тутади.
Ўзбекистон матбуотига кўра, шартнома Эркин Савдо ҳудудига аъзо давлатлар ўртасида товарларнинг эркин ҳаракатини таъминлайди, жаҳон иқтисоди ва халқаро савдо тизимига мослашишни мақсад қилади.
Эркин савдо ҳудуди
Шартнома эркин савдони эмас, балки Эркин савдо ҳудудини тартибга солади.
Унда аъзо давлатлар ўртасида босқичма-босқич турли маҳсулотларнинг экспорт ва импортига қўйилган чекловларни олиб ташлаш назарда тутилган.
Шўро даврида хомашё, энергия ва ишлаб чиқариш технологияларини ўзаро етказиб бериш тизими амал қилган ва бу тизим собиқ шўро жумҳуриятларидаги иқтисодий-ижтимоий барқарорликни таъминлаб келган.
1991 йилда СССРнинг парчаланиши билан иқтисодий алоқаларнинг узилиб қолиши ҳанузгача бу давлатларнинг иқтисодига салбий таъсир кўрсатиб келиши айтилади.
Сабаби мустақил давлатларнинг кўпчилиги, нефт ва газ ҳамда бошқа қазилма бойликлар хориж, жаҳон бозорида ўз ўрнини тополмаган.
Пост совет маҳсулотларига талаб ҳам фақат собиқ шўро давлатларида мавжуд, холос.
Эркин савдо ҳудуди шўро даврида амал қилиб келган иқтисодий ришталарнинг қисман тикланишига олиб келиши кутилмоқда.
Бу эса собиқ совет давлатларидаги ишлаб чиқариш салоҳиятининг юксалиши, иш ўринлари яратилиши асносида Россияга меҳнат муҳожирлари оқимининг ҳам камайишига олиб келиши мумкинлиги башорат қилинмоқда.
Шу тариқа собиқ шўро ҳудуди бир томондан ягона иқтисодий ҳудудга айланяпти.
Расмий Тошкент МДҲ доирасидаги интеграция жараёнларига ҳар доим эҳтиёткорлик билан ёндашиб келади.
Ўзбекистон 2006 йил январида Авросиё иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига қўшилиш тўғрисидаги протоколни имзолаган, аммо 2008 йилда ташкилотдаги фаолиятини тўхтатган эди.
Таҳлилчиларга кўра, савдо ҳудудига қўшилиш Ўзбекистон иқтисодиётининг либераллашувини англатмайди.
Аммо шунга қарамай, ҳукумат айрим иқтисодий ўзгаришларни амалга ошириш мажбуриятини олган бўлиши мумкин.
Жумладан, чегараларни очиш ва миллий валютанинг эркин конвертациясига рухсат бериш.
Уларнинг айтишича, Эркин савдо ҳудудини Божхона иттифоқи билан аралаштирмаслик лозим.
Савдо ҳудудига қўшилган давлатлар ўз иқтисодини мустақил юритиши ва ҳеч қандай ташқи босимни ҳис қилмаслиги мумкин.












