'Ўзбекистон ўз халқини қул қилмоқда'

Глобал Қулдорлик Кўрсаткичи ҳисоботига кўра, Ўзбекистон ҳукумати ҳар йили бир миллионга яқин ўзбекни қарийб икки ой давомида пахта далаларида мажбуран ишлатиади.
Бу эса айнан қулдорлик таърифига мосдир. Чунки қулдорлик инсон эркига қарши уни назорат қилиш, мулк каби муносабатда бўлиш, фойда илинжида эксплуатация қилиш ва мажбурий меҳнатга жалб этиш каби ҳолатларни ҳам кўзда тутади.
Энг қизиғи, айнан пахта терими чоғидаги икки ой давомида Ўзбекистон давлати дунёнинг иккинчи энг ашаддий қулдорига айланади. (Биринчи ўринда Африкадаги Мавритания туради).
Собиқ Совет Иттифоқидаги энг ашаддий "қулчи" давлатлар - Молдова, Ўзбекистон, Туркманистон ва Озарбайжон, деб баҳоланган.
Аммо бу давлатлардаги қулдорлик кўринишлари бошқачароқ. Масалан, Россияда ҳуқуқсиз муҳожирлар қишлоқ хўжалиги соҳасида ва қурилишда қул каби ишлатилади.
Молдовада эса бунинг устига инсон савдоси каби ҳолатлар ҳам қўшилади.

Умумий қулдорлик рўйхатидан собиқ СССР давлатларига қаралса, фақат Молдова Ўзбекистондан олдинги ўринда келади.
Ўзбекисон қулдорлик бобида 47 ўринда, лекин пахта мавсумида иккинчи ўринга чиқиб кетади.
Ўзбекистонда Совет давридан бери мажбурий меҳнат қўлланилади ва Сталин бошлаган бу сиёсатни Ислом Каримов ҳукумати ҳам давом эттирмоқда.
Халқаро босимлар остида ҳозир ўта ёш болалар пахтага олиб чиқилмаётгани айтилади.
Аммо терим бошланиши ортидан бозорлар, коллеж, университет ва тўйхоналар ёпилади, одамлар худди фавқулодда ҳолат каби пахта фронтига жалб этиладилар.
Давлат корхоналари ходимлари, муаллим, шифокор ва ҳатто футболчилару хонандалар ҳам пахта ишларига мажбурланмоқда. Хусусий тадбиркорлар эса катта миқдорда пул тўлашлари керак.
Айрим вилоятларда балоғатга етмаган коллеж талабалари пахтага чиқмагани учун ўқишдан ҳайдалгани, таълим ходимлари ё фермерлар расмийлар тарафидан калтаклангани, ёш болали шифокор оналар ҳам пахта теришга мажбурланаётгани ва касал одамлар учун тиббий справка олиш маън этиб қўйилаётгани ҳақида хабарлар мавжуд.
Бироқ Ўзбекистон ҳукумати мулозимлари пахта теришга чиқаётганларни ўз ташаббуси билан термоқда, деб айтади.












