Швейцария прокуратураси: 'Ўзбекистонликларга тегишли уйларда тинтув ўтказилди'

Швейцария Конфедерация Прокуратураси август ойи охирида Женевадаги тўрт манзилда тинтув ўтказилганлигини тасдиқлади.
Прокуратуранинг Би-би-сига маълум қилишича, 2012 йили бошланган жиноий текширув иши бўйича Федерал Жиноий Полиция бошқармаси Женева Полицияси билан ҳамкорликда тинтув амалиётини амалга оширган.
Бизга берилган расмий хабарда айтилишича, бу жиноий тергов тўрт Ўзбекистон фуқаросига қарши очилган иш доирасидадир.
Терговнинг ҳозирги босқичида илгари сурилган айбловлар ушбу шахсларнинг ноқонуний пулларни қонунийлаштиришга қўл урганликларидир.
Прокуратура баёнотида тергов ва текшириш жараёнининг муваффақиятли кечиши учун ҳозирги босқичда бошқа тафсилотлар маълум қилинмаслиги айтилган.
Айни вақтда Би-би-сининг ишончли манбаларининг айтишича, тинтув ўтказилган уйлардан бири Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишли вилладир.
Аввалроқ шу йилнинг 17 ва 18 июн кунлари Гулнора Каримовага тегишли Париждаги ҳашаматли уй ва Сан Тропе оромгоҳидаги виллага муҳр босилгани хабар берилганди.
Франсуз полицияси ушбу тинтувни Швейцарияда тергов қилинаётган ноқонуний пулларни ювиш билан боғлиқ жиноят иши доирасида амалга оширгани айтилганди.
Швейцария прокуратураси Франция ҳуқуқ-тартибот идораларининг ўз сўровига биноан Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизига тегишли экани айтилган бир неча манзилга рейд уюштирганини тасдиқлаган.
Айтилишича, амалиётдан мақсад "ҳужжатларни қўлга киритиш бўлган".
Кейинчалик Гулнора Каримованинг ўзи Твиттер микроблогида Франциядаги терговга муносабат билдирганди.
Гулнора Каримова пул ювиш ва коррупция даъволарини рад этган ва ғарб матбуотидаги чиқишларни ўзини ёмонотлиқ қилиш кампаниясининг бир қисми, деб атаган.
Твиттердаги саҳифасида Франциялик журналист эканини айтган фойдаланувчининг бу борада интервью бериш ҳақидаги сўровини рад этган Каримова хоним "Сен кир қидираётганингни билардим. Ахлат кавлашда сенга омад ёр бўлсин!" дея заҳарханда қилган.
Ўтган йили Швецария прокуратураси "Телиасонера" мобил телефон ширкатининг Ўзбекистон бозорига кириб бориши учун Гулнора Каримованинг яқин шериги ҳисобланган 24 ёшли Гаянэ Авакян назорат қилувчи Гибралтардаги компания ҳисобига 250 миллион доллар тўлагани юзасидан айбловлар асосида жиноий текширув жараёни бошлаганди.
Кейинчалик Швецариядаги Гаяне Авякан ва яна қатор ўзбекистонликларга тегишли банк ҳисобларидаги миллионлаб долларлар музлатиб қўйилгани ҳақида маълум қилинган.












