Гулнора Каримова: журналистлар сохта ҳужжат 'топишган'

Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова Швеция Жамоатчилик телевидениеси янги ҳужжатли фильмида илгари сурилган иддаоларга муносабат билдирмади, бироқ унинг Twitterда ёзишича, журналистларнинг қўлларидаги ҳужжат сохта.
Би-би-си Ўзбек Хизмати Гулнора Каримова раҳбарлиги остидаги Фонд Форум билан боғланишга уринди, Швед журналистларининг фильмида илгари сурилган иддаоларга муносабатини ўрганишга ҳаракат қилди.
Янги ҳужжатли фильмда Гулнора Каримованинг дастхати битилган ҳужжатларда Teliasonera ширкатига кўп миллион долларлик ҳақ эвазига муҳофаза таклиф қилингани ва Teliasoneraдан Гулнора Каримованинг хайрия тадбирларига ҳомийлик талаб қилингани иддао этилди.
Тошкентдаги Фонд Форум котибияти Би-би-си юборган электрон мактуб етиб борганлигини тасдиқлади, лекин ушбу мактубга изоҳлар бўлмайди дея жавоб берди.
Айни пайтда Би-би-си таҳририяти Гулнора Каримова охирги вақтларда анчайин фаол бўлган Twitter микроблоги орқали ҳам мурожаат қилди, лекин мазкур мурожаатга ҳам ҳозирча жавоб бўлмади.
Гулнора Каримованинг Twitterдаги саҳифаси кеча кун бўйи унинг ёзишмалари билан янгиланиб турди.
Каримова хонимнинг, журналистларни назарда тутиб Твиттерда ёзишича, сохта ҳужжат топишган. "Уларнинг ўзлари айтишича, бу ҳужжатлар қалбаки бўлиши мумкин", чунки бунинг ортида Гулнора Каримовага қаршилар ва Teliasonera ширкатининг рақиблари турган бўлишлари мумкин.
У энг бошида "бу жуда кулгили, ўша-ўша нашрлар, Озодлик билан бирга папа-мама оперейшн кампанияни бошлашди", деб ёзди.
Твиттерчилардан бири Гулнора Каримовага Би-би-си Ўзбек хизматининг мақоласи эълон қилинган веб-саҳифа манзилини юбориб, "сизнинг фикрингиз қандай, бу ерда ёзилган нарсалар ҳам уйдирма гапларми", деб сўраганидан кейин бу твиттерчига тўсиқ қўйилди, яъни у Гулнора Каримованинг Twitterдаги саҳифаси ўқувчилари сафидан чиқарилди.
Мухлисларидан бири Гулнора Каримова уларнинг таклифларига сотилмагани ва шантажларига бўйин эгмагани учун, энди улар унга каттароқ босим ўтказишади, деб ёзди.
Унинг мухлисларидан бирининг Twitterда ёзишича, "тўғри, Ўзбекистон учун геосиёсий кураш олиб бораётганларга аҳмоқ ва бўйсунувчан шахс керак" деб ёзганига Гулнора Каримова "менга ишонинг, бундай одамлар жуда кўп", деб жавоб берди.
"Уларнинг энг асосий мақсади Гулнора Исламовнадан қутилиш, сайловлар яқинлашган сайин, обрўсига доғ тушурувчи материаллар кўпайиб боради", деб ёзди яна бир твиттерчи.
Каримова тарафдорларидан бири "Мен сизга бир неча бор айтмаганмидим. Вақт ва фурсати келди! Чақириқ билан чиқинг!", дея мурожаат қилган.
Эътиборли жиҳати, Гулнора Каримова бу ёзувларни ўзи ёзмаган бўлса ҳам, лекин уларни такроран эълон қилиб турди.
Ва "Азизларим сизларга қўллаб-қуватлаганингиз ва тўғри тушунганингиз учун миннатдорчилик билдираман. Мен одамларнинг кўзига тик қарай олишимдан фахрланаман. Бу каби ишончни қозониш учун узоқ масофадан ўтиш лозим эди", деб ёзди рус тилида Гулнора Каримова Twitter микроблогида.












