Қийноқлар ва қонун: Ички ишлар Президент Мирзиёев даврида ўзгардими? Диққат, BBC - Видео

Дилшод Юсупвалиев (ўнгда) марҳум укасининг ўлимида айбдор ИИБ ходимлари очиқда юрганини даъво қилади.

Сурат манбаси, Oilaviy surat/BBC

Сурат тагсўзи, Дилшод Юсупвалиев (ўнгда) марҳум укасининг ўлимида айбдор ИИБ ходимлари очиқда юрганини даъво қилади.
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Бу ой "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги қонун Ўзбекистон парламентида қабул қилинганига саккиз йил тўлади. У Президент Шавкат Мирзиёев ҳали муваққат давлат раҳбари лавозимида бўлганида имзолаган илк қонунлардан бири бўлган.

Бу Қонун ички ишлар органларининг тизим, ваколат ҳамда мажбуриятларини белгилашдан ташқари, инсон шаъни ва ғурурини поймол қилувчи ҳар қандай зўравонлик, тажовуз ва бошқа турли ҳаракат ва усулларни қўллашни ички ишлар ходимига тақиқлайди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Алоқадор мавзулар:

"Қийноқларга солиш, зўравонлик қилиш, бошқа шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситадиган тарзда муомалада бўлиш ички ишлар органи ходимига тақиқланади", дейилади қонуннинг 8-моддасида.

Лекин, қонун қабул қилингач ҳам, охирги тўрт йилнинг ўзида Ички ишлар биноларидан камида 13 кишининг ўлиги чиқди.

Бекободда 43 ёшли Дилмурод Юсупвалиев июнь ойида бу мудҳиш рўйхатни тўлдирди.

Дилмурод Юсупвалиев укаси Ҳусанга ўқилган суд ҳукмидан норози бўлиши ортидан ИИБга олиб кетилган.

Сурат манбаси, Yusupvaliyevlar oilasi

Сурат тагсўзи, Дилмурод Юсупвалиев укаси Ҳусанга ўқилган суд ҳукмидан норози бўлиши ортидан ИИБга олиб кетилган.

Юсупвалиев ўз укасига судда ўқилган ҳукмдан норози бўлиши ортидан Бекобод Ички ишлар бўлинмасига олиб борилган ва у ерда жон берганди. Унинг акаси Дилшод Юсупвалиев ўзи ва укасини бир неча Ички ишлар ходимлари уриб-тепгани ва укаси шу қийноқлар оқибатида вафот этганини даъво қилади.

Дилмурод Юсупвалиевга кўра, укасининг ўлимига сабабчи ходимлар ҳалиям ишлаб юрибди.

Дилмурод Юсупвалиев Би-би-сига йўллаган видеода Ички ишлар билан кўчадаги суҳбати акс этган. Юсупвалиев ундан нега унга ҳалиям чора кўрилмаётганини сўраганида, ходим уни танимаслигини айтади.

Биз бу суҳбатимизда кўринган видеони Ички ишлар вазирлигига юбордик ва изоҳ сўрадик. Тергов қандай кетаётгани борасида ҳам Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлигига юзландик. Бош прокуратура саволимизни жавобсиз қолдирди, лекин Ички ишлар вазирлиги "Ҳолатга тўлиқ ҳуқуқий бахо берилганидан сўнг ахборот олишингиз мумкин бўлади," дея жавоб берди.

"Мен бу ишдан қониқмаяпман. Бир ҳодим ҳибсга олинган, иккинчиси ишдан бўшатилган. Лекин, яна 5-6таси ишда ишлаб юрибди", - дейди марҳумнинг акаси.

Унинг айтишича, у укаси ва ўзини дўппослашда қатнашган ходимларнинг исм-шарифларини терговчиларга берган, лекин терговда ҳануз улар билан юзлаштирилмаяпти ёки уларни аниқлаш сўралмаяпти.

BBC

Бу иш билан яқиндан шуғулланаётган Ўзбекистондаги "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов ҳам тергов қандай кетаётганидан қониқмаяпти. Унга кўра, жиноят қандай малакаланишининг аҳамияти катта.

"Бизда бу иш бўйича ҳамма маълумотлар, ҳужжатлар етарли. Биз буни тўғридан-тўғри қийноқ ҳолати деб ҳисоблаймиз. Юсупвалиевга зўравонлик қўллаган шахсларга нисбатан прокуратура Жиноят кодексининг 235-моддаси билан жиноий иш қўзғатиши керак эди. Ҳозир биздаги маълумотларга кўра, бу ерда 104-модда билан иш қўзғатилган", - дейди Ташанов.

Жиноят кодексининг 104-моддаси "Қасддан баданга оғир шикаст етказиш"ни назарда тутади ва, Ташанов фикрида, у Ички ишлар ходими эмас, оддий фуқароларга нисбатан қўлланилади. 235-модда эса "Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш" дея номланиб, Кодекснинг "Одил судловга қарши жиноятлар" бобининг бир қисми ҳисобланади.

Инсон ҳуқуқлари фоалининг ўз тажрибасига таяниб айтишича, ҳуқуқ-тартибот органлари атайин 235-моддани қўлламайди, чунки қўлласа, Ўзбекистон ҳукумати қийноқлар бўйича халқаро ҳисобот беришга мажбур бўлади.

Фаоллар Ислом Каримов даврида ички ишлар органлари ҳақидаги қонуннинг йўқлиги хизмат ваколатларини суистеъмол қилган ва қийноқ қўллаган ходимларни маҳкамага тортишни қийинлаштириб келганини айтиб келишган. Халқаро матбуотда Ўзбекистон "полиция давлати" дея тилга олинарди.

Аммо, янги маъмурият даврида қонун кучга кирди. Қонун етти йилдирки амал қилар экан, нима ўзгарди?

BBC

Охирги уч йилда ҳуқуқ-тартибот фаолиятига оид 10та қонун, Президентнинг 40га яқин фармон ва қарорлари, 60дан ортиқ ҳукумат қарорлари қабул қилинди. Президет Мирзиёевнинг бир нутқида айтишича, ҳуқуқ-тартибот органлари, айниқса, ички ишлар ходимларининг маоши кескин оширилди ва кўплаб имтиёзлар берилди.

Бу билан ходимларнинг халқ орасидаги имиджи ўзгардими? Уларга ишонч ошдими?

Би-би-си Тошкент кўчаларида оддий одамлардан Ички ишлар органларига ишончи ва улардан қўрқиш ё қўрқмаслиги ҳақида сўради.

"Ҳозирги кўп мелисалар, менимча, ёшлар. Ёшлар барибир бошқача, олдингидан фарқи бор, лекин", - дейди бир фуқаро.

"Ишониш бўйича..., билмадим, тўғриси", - дейди бошқа фуқаро.

Ички ишлар ходимларининг Би-би-си билан очиқ мулоқот қилиши жуда ғайриоддий ҳол. Аммо, собиқ биз зобит биз билан суҳбатлашишга рози бўлди.

Жаҳонгир Зикриллаев бир неча йилдирки бу соҳада ишламайди, лекин ўзгаришларни яқиндан кузатиб келяпти.

Собиқ Ички ишлар зобити Жаҳонгир Зикриллаев ўз ҳамкасбларининг куч ишлатишига гувоҳ бўлганини айтади.
Сурат тагсўзи, Собиқ Ички ишлар зобити Жаҳонгир Зикриллаев ўз ҳамкасбларининг куч ишлатишига гувоҳ бўлганини айтади.

У 1999 йилда Ички ишлар академиясини битирган ва 2005 йилгача Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур Ички ишлар бошқармасидаги Жиноят-қидирув бўлимида ишлаган. Ўз касбий фаолиятидаги энг юқори даражали рутбаси - капитан бўлган.

"Ички ишлар академиясида ўқиган пайтимда бизни ўз ишимизни яхши билишга ўргатишган. Тўрт йил давомида жинотчиларни қандай топиш, фош қилиш, улар билан ишлаш ўргатилган бўлса, мен биринчи бўлиб 1999 йилда ишга тушганимда, милициянинг иши ундай эмаслигини кўриб ҳайрон бўлгандим. У ерда қисқа вақтда жиноятни фош қилиш талаб қилинарди. Бунинг оқибатида милиция ходимлари куч ишлатиб қўйганининг гувоҳи бўлганман. Назария билан амалиёт жуда катта фарқ қилишини ўшанда ҳис қилганман", - дейди Зикриллаев.

Собиқ зобитнинг айтишича, ходимлар қўпол ва қонунга зид усулларни қўллашган.

"Жиноятни очиш учун куч ишлатасизми, ё яна бошқа воситаларни ишлатасизми - бунинг аҳамияти йўқ эди", - дейди у.

Зикриллаевга кўра, Ички ишлар соҳасида инсон вафоти билан боғлиқ ҳолатларнинг "ҳаммаси ҳам ошкор бўлавермайди".

"Ярми десам адашмайман. Жабрланувчиларнинг яқинлари жамоатчиликка чиқиб туриб ҳаққини талаб қилмаслигига ҳаракат қилинади" - дейди у.

Зикриллаев бекободлик марҳум Дилмурод Юсупвалиевнинг ўлими ҳақида фикр билдирар экан, унинг ўлими учун фақат бир ходим ҳисбга олинганини савол остига олади.

"Агар кимдир жароҳат олса ё ўлиги чиқадиган бўлса, бунда бир одам[нинг айби бор] деб айтилиши - кулгули. Чунки бир одам бир одамга бу даражада [шикаст етказишининг] иложи йўқ. Бир нечта одам қилган бўлади. 104-модда - оддий одамларга қўлланилади. Мансабдор одамнинг жинояти бошқа модда билан малакаланади, оддий одамга нисбатан эса бошқа модда", - дейди у.

Жаҳонгир Зикриллаев билан тўлиқ суҳбатни BBC Uzbek YouTube каналида томоша қилишингиз мумкин.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002