"Жонига қасд қилганига шубҳам йўқ, лекин саволлар ҳам кўп" - Чирчиқ ИИБ биносидан 22 яшар йигитнинг ўлиги чиқди Yangiliklar

korpacha

Сурат манбаси, Screenshot YouTube/Qalampir.uz

Ички ишлар вазирлиги йигит ўз жонига қасд қилганини билдирди. Би-би-сига юборилган тасвирларда эса марҳумнинг танасида жароҳат изларига ўхшаш аломатларни кўриш мумкин.

Диққат: мақоладаги айрим тасвирлар дилни хира қилиши мумкин:

Ижтимоий тармоқда Чирчиқ шаҳри ИИБ ҳибсхонасида ёш йигит оламдан ўтгани тўғрисида хабар тарқалган.

Бу - йил бошидан бери ИИБ биноларида жон берган фуқаролар билан боғлиқ матбуот хабар топган камида тўртинчи ҳолат.

Янги ҳолат ҳақида илк бор хабар берган Чирчиқ шаҳар Кенгаши депутати Жаҳонгир Тўлаганов 2001 йилда туғилган марҳумнинг танасида "бурни синган, қоши ёрилган ҳолатлар" мавжудлиги ҳақида ёзган.

Би-би-сига юборилган тасвирларда марҳум юзининг ўнг қисми - бурни ва қоши остида кўкариш-қизариш ҳолати ҳамда чап елкаси олд қисмида чуқур ўйилган, шилинган жароҳат борлиги кўринади.

Тақдим этилган тасвирларга берилган изоҳда марҳумнинг яқинлари танада жароҳатлар борлиги сабаб мурдани кўмишдан бош тортишгани, натижада қайта экспертиза тайинлангани ҳақида гап боради.

Марҳумнинг отаси Qalampir.uz нашрига берган интервьюсида фарзандининг "қош ости, елкаси, қўллари, оёғининг тагида тан жароҳатлари бор"лиги ҳақида гапирган, "ўз жонига қасд қилиш сабабларига ишонмаётган"ини таъкидлаган.

iqtibos

Ички ишлар вазири матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов эса Би-би-сига суратларда кўринган шилинган жароҳатлар "анча эски" эканини, марҳумнинг бурни синганлиги ҳақидаги маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.

Би-би-си билан суҳбатда кузатув камералари тасвирларини ўз кўзи билан кўрганини айтган депутат Тўлаганов йигитнинг ўз жонига қасд қилганига шубҳа қилмаслиги, аммо юз берган ҳолат ички ишлар органлари фаолиятига нисбатан саволлар уйғотаётганини тилга олди.

Навбатдаги ўлим

Чирчиқ шаҳар Кенгаши депутати Жаҳонгир Тўлаганов Чирчиқда юз берган машъум ҳолат борасида 2 декабрь куни хабар тарқатган.

"Ўлим сабаби тўғрисида тўлиқ маълумот йўқ. Айримлар айтишича, ёш йигит ўзини-ўзи осиб ўлдирган, дея иддао қилинмоқда. Тергов шу қадар оғир олиб борилдимикин, бир ёш йигит ўз жонига қасд қилса!!! Қасд қилишга нима сабаб бўлган, ундан ташқари хибсхонада арқон қаердан топилиб қолган, ҳайронман".

"Чирчик ИИБ тергов хибсхонасида соат тунги 02-30 ларда A.нинг ўзини осгани айтилган бўлса-да, аммо унинг бурни синган, коши ёрилган холатлари мавжуд дейилмоқда", маълум қилган Тўлаганов ўзининг Телеграм каналида қолдирган хабарида.

"Ҳар бир жиноят қилган жиноятчи ёки гумонланувчи" қилмиши учун "ўлими билан эмас, қонун олдида жавоб бериши керак"лигини тилга олган депутат ҳолат "ҳақиқатан қандай бўлганининг тагига етиш"га ҳаракат қилишини таъкидлаган.

2-декабрь куни кечки томон Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармаси мазкур ҳолат юзасидан оммага расмий ахборот тақдим этган.

Қайд этилишича, ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми "в" банди (ўғрилик, кўп миқдорда) ва 168-моддаси 3-қисми "б" банди (фирибгарлик, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан) билан қўзғатилган жиноят ишида айбланган 2001 йилда туғилган йигит ҳибсхонада ўз жонига қасд қилган.

"Жорий йилнинг 1 декабрь куни соат тунги 02.30 ларда жиноят иши доирасида ҳибсхонада сақланаётган A.Ў. камерадаги ёпинчиқ чойшабдан сиртмоқ ясаб, камера ойначасининг темир панжарасига боғлаган ҳолда ўз жонига қасд қилган. Суд-тиббиёт экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, марҳумнинг ўлими, бўйин қисми сиртмоқ билан сиқилиши натижасида келиб чиққан механик асфиксия оқибатида юз берганлиги аниқланган", дейилади расмий ахборотда.

Шунга қарамай, марҳум танасида жароҳат излари бўлгани тўғрисидаги маълумот ортидан кўплаб тармоқ фойдаланувчилари расмий ахборотни шубҳа остига олишмоқда.

Уларнинг аксари йигит қийноққа солиш ортидан оламдан ўтган бўлиши мумкинлиги ёки ўз жонига қасд қилиш даражасигача тазйиқлангани борасида тахминларни илгари сурган.

2 декабрнинг ўзида Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) матбуот хизмати ҳолат назоратга олиниб, ишга тааллуқли маълумотлар сўраб олингани, ишга оид ҳужжатлар ўрганилаётгани ҳамда тарқалган хабарлар юзасидан текширув ҳар томонлама, тўлиқ ва қонуний ўтказилиши назорат қилинишини маълум этган.

"Жонига қасд қилганига шубҳам йўқ"

Би-би-си ихтиёрига келиб тушган тасвирларда марҳум танасининг пешона, елка, билак, биқин, бел қисмларида ўйиқ шилинган жароҳатлар ҳамда бурун, қош, кўз ости, орқа елка қисмларида қизариш-кўкариш аломатлари борлиги кўринади.

Би-би-си ҳолатни ўрганиш жараёнида иштирок этган депутат Жаҳонгир Тўлаганов билан боғланди.

Депутатнинг сўзларига кўра, ўлимдан сўнг майит экспертизадан ўтган, аммо яқинлари унинг танасидаги аломатлардан хабар топгач, қайта экспертиза ўтказишни талаб қилишган.

"Яқинлари бирламчи экспертиза хулосасини кўрсатишни талаб қилди, лекин ходимлар жиноят иши билан боғлиқ бўлгани учун кўрсата олишмаслигини айтишди. Шундан сўнг яқинлари ҳар бир жароҳатни бирма-бир экспертиза қиласан, деб туриб олишди. Эксперт ҳолатни тушунтиришга ҳаракат қилди. Бу орада началник, прокурор ҳам келди. Халқ сайлаган депутат сифатида фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мажбуриятимиз бўлгани учун мен ҳам ўша жараёнда иштирок этдим".

Тўлаганов марҳумнинг отаси ўғли ўз жонига қасд қилгани тўғрисидаги маълумотга ишонмагани, шундан сўнг расмийлар кузатув камералари тасвирларини кўришни таклиф қилгани ҳақида гапирди.

Унинг сўзлашича, бу тасвирларни кўргач, йигит ўз жонига суиқасд қилганига нисбатан "мутлақ гумони қолмаган".

"Тўрт кишилик камерада уч киши сақланишган экан. Кузатув камераси шунақа ўрнатилган экан, боланинг осилиб ётгани кўринмади. Аммо чойшабдан ясалган сиртмоқни бўйнига илаётгани ва сакрагани кўринди... ...Ярим тун бўлганидан, икки қаватли каравотнинг биринчи қаватида ётган икки бола ҳам унинг ўзини осганини сезмай қолди. Бироздан кейин навбатчи ҳолатни кўриб қолган, ҳуштак чалиб, ҳаммани уйғотган, югур-югур бошланган. Умуман олганда, ўзимда ҳам шубҳа бор эди, лекин бу тасвирларни кўргандан кейин бола ўзини осганига шубҳам қолмади", кўрганларини тасвирлайди депутат.

Шунга қарамай, Тўлаганов ҳолат ортидан бир қанча саволлар юзага чиқаётганини таъкидлайди.

"Биринчиси, бадандаги тан жароҳатлар. Марҳумнинг оиласи билан гаплашган эксперт баданда ўлимгача ва ўлимдан сўнг жароҳатлар борлиги ҳақида гапирди. Ҳибсхона девори крошка билан сувалган экан. Бола ўзини деворга тираб осди. Шу сабаб типирчилаганда, янги жароҳат излари бўлган, дейишди".

"Бошқа саволларим эса ички ишлар биноларидаги шароит. Агар фуқаро ўзини ўлдиргиси келса, бунга шароит бор экан. Майли, ўзини осмаган тақдирда ҳам, ҳибсхонада сақланаётган икки-уч гумонланувчи бир-бирини уриб ўлдириб қўйса ҳам, ҳеч ким билмас экан-да?! Депутат сифатида норозилигим ҳам шу. Бундай шароит умуман бўлмаслиги, назорат қатъий бўлиши, кузатилиши керак".

"Тазйиқ ўтказишга ҳозир шароит ҳам йўқ"

logo

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Би-би-си мазкур ҳолат бўйича қўшимча маълумот олиш учун ИИВ матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсовга мурожаат қилди.

Ғиёсов марҳум танасидаги шилинган жароҳатлар "анча эски" эканини, бадандаги кўкарган-қизарган қисмлар эса "мурда доғлари" эканлигини маълум қилди.

ИИВ расмийси келтирган 1 декабрда ўтказилган суд-тиббиёт экспертизаси дастлабки хулосасидан парчада ҳам йигит танасида жароҳат излари аниқлангани ҳақида гап боради.

"…мурданинг чап елка бўғими олд юзаси, чап билак пастки учлиги ташқи юзаси шилинмалари, чап кафт пасти юзаси эски қонталаш каби жарохатлар аниқланган".

Аммо айни бу парчада жароҳатлар қачон олинганига аниқлик киритилмаган.

Би-би-сига маълум бўлишича, тергов давомида ўғрилик ва уяли алоқа аппаратларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган, деган ҳаракатлари боис, дея 22 яшар йигит октябрнинг иккинчи ярмида қўлга олинган ва "Тоштурма"да сақланган, сўнг Чирчиқ шаҳар ИИБга олиб келинган.

Ғиёсовнинг таъкидлашича, жароҳат аниқланган ҳолда, фуқаролар вақтинчалик сақлаш ҳибсхоналарига қабул қилинмайди.

"… бу жароҳатлари Зангиота ТХ [тергов ҳибсхонаси]да ҳам бўлган, Чирчиқ ВСҲ [вақтинча сақлаш ҳибсхонаси]га олиб келинганида ҳам бўлган. Биринчи ушлаб келинганида мед освидетельствование (далолатнома - таҳр.) ўтади, шунда далолатномада барча мавжуд жароҳатлари кўрсатилади. Ҳар бир янги жойга олиб ўтилганида, бу хужжат кўрсатилади, агар бирор бир янги, ҳатто арзимас жароҳат аниқланса ҳам, қайтадан тиббий кўрикдан ўтказилади".

"Бу ерда унда хеч қандай янги жароҳат бўлмаган. Бирламчи суд-тиббиёт экспертизасидаги жароҳатлари илгари ҳам бўлган. Барибир ўлганидан кейин тўлиқ суд-тиббиёт экспертизаси тайинланади. Шунда аниқ бўлади. Айтмоқчиманки, айби тўлиқ тасдиқланган бўлган, терговчини унга нисбатан тазъйиқ ўтказишига хеч қандай сабаб бўлмаган, унга хозир шароит ҳам йўқ", дея ёзди Ғиёсов Би-би-си саволларига жавобан.

Бироқ ИИВ вакили "Тоштурма"га олиб келинганда йигитнинг танасида аввалдан жароҳатлар бўлгани қайд этилган ҳужжатларни матбуотга очиқлаш тўғрисидаги сўровга "узр, бу менинг қўлимда эмас", дея жавоб қайтарди.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002