Электр ва янги қарз: Ўзбекистон энергетика соҳаси учун Осиё Тараққиёт Банкидан 300 миллион доллар қарз олди

Осиё Тараққиёт Банки (ОТБ) Ўзбекистон ҳукуматининг бозор иқтисодига асосланган энергетика соҳасини ривожлантириш ва молиявий бозорини қўллаб-қувватлашга қаратилган иккита дастур учун 400 миллион долларлик қарз беришини тасдиқлади.
Бу ҳақида банк ўз сайтида хабар тарқатди.
Алоқадор мавзулар:
Ўзбекистон ОТБга 1995 йилда қўшилганидан бери ушбу банк унга қиймати 12,5 миллиард долларга тенг қарзлар, грантлар ва техник ёрдам берган.
Ўтган йил июлида ОТБ Ўзбекистондаги электр узатиш тармоқларини замонавийлашириш учун 125 миллион доллар ажратганди.
Янги пакетнинг биринчи дастуридаги 300 миллион долларлик қарз энергетика соҳасига қаратилган бўлиб у, банк таъбирида, "энергетика секторининг тузилиши, ҳуқуқи ва қоидалари ва бошқаруви"ни яхшилашни мақсад қилади.

Бу дастур қазиб чиқарилувчи ёқилғига қарамликни камайтириш ва энергия самардорлигини оширишга қаратилган.
ОТБ бу қарзнинг қуйидаги вазифаларга йўналтирилишини истайди:
- Электр бозорини ривожлантириш бўйича дастури амал;
- Рақобатни рағбатлантириш ва шаффофликни таъминлаш учун энергия соҳасини бошқарувчи мустақил идорани тузиш;
- Марказий харидор ва сотувчи вазифаларини янги тузилган мустақил идораларга топшириш;
- Қайта тикланувчи энергия турларини ошириш, иссиқхона газ чиқиндиларини камайтириш ва Ўзбекистондаги энергия тақсимлаш тизимларини замонавийлаштириш бўйича мастерплан ишлаб чиқиш;
Ўзбекистонда электр таъминотига талаб ошиб борар экан, мазкур сектор эксирганлиги ва ислоҳотга муҳтожлиги кўп қайтарилади.
Хусусан, жорий йил ёз мавсумида электр истеъмоли учун ажратилган ижтимоий меъёр аҳолининг норозиликларига сабаб бўлди.
Бу меъёр ойига 200 кВт/соат қилиб белгиланган бўлиб, унга биноан истеъмолчи ҳар бир кВт/соат электр энергияси учун 450 сўмдан, лимитдан ошганда эса 900 сўмдан тўлайди.
Ҳукумат ҳозирги вақтда 1 кВт электр энергиясининг таннархи 895 сўмни ташкил этишини айтиб, ушбу чора тежамкорликни оширишини билдирган.
Ўтган йил октябрида Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати тарқатган баёнотда, мамлакатдаги электр таъминотини турфахиллаштириш ва тармоқларни тўлиқ замонавийлаштириш учун 52 миллиард доллар зарур эканини билдирганди.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














