Чилла: Ўзбекистоннинг энг иссиқ жойида одамлар қандай жон сақламоқда?

- Author, Бахтиёр Турсунов
- Role, Термиз шаҳри
Ҳар йилги ёзда Сурхондарё вилоятида республика миқёсида энг иссиқ кўрсаткич қайд этиларкан, унинг эҳтимолий фожеали оқибатлари мутахассислар тарафидан аввалдан огоҳлантирилади. Ўзбекистоннинг энг жанубий нуқтасидаги энг иссиқ шаҳри - Термизда ёзги ҳарорат ўзгаришлари одамлар учун ўта муҳим.
Зотан Термиз ҳали Совет даврида ҳам собиқ улкан мамлакатнинг иссиқ шаҳри, саналарди.
Сўнгги йиллардаги иқлим ўзгариши эса бу шаҳарга янада каттароқ хавф солиши мумкинми, деган саволларни ҳам пайдо қилмай қолмайди.
Алоқадор мавзулар:
- Жазирама иссиқ: Жанубий Осиёда морглар ўликлар билан тўлиб, кондиционерлар савдоси ортди, Ўзбекистонда нима гап?
- Жазирамадан ўлаётган мигрантлар учун ким жавоб беради? - Дунё, янгиликлар, видео
- Жазирама иссиқ: Кимлар кўпроқ хавф остида, қандай жон сақлаш керак?
- Бошқа чора йўқ - дунё барибир 2.4C қизийди, Ўзбекистон нима бўлади?
Бу мавсумда жазирама кучли сезиладиган Термиз шаҳрида кундузги тушга яқинги вақтдан оқшом тушгунга қадар кўча ва бозорларда одамлар сони ўта камчиллигини кузатиш мумкин бўлмоқда.

Одамлар иссиқдан ўзини панага уриб, зарурат бўлмаса, остона ҳатламасликни маъқул кўради.
Иш жойидагилар ҳам бутун ёз бўйи жазирамадан зарур воситалар орқали ўзларини иҳоталашга уринадилар.
Мутахассислар ёз чилласи авжига чиқишидан огоҳлантириб, маслаҳатлар сонини яна ҳам кўпайтирмоқдалар.
Ёз созми ё бесоз?
"Бу йилги иссиқ ҳаво назаримда чилла кириши билан дарҳол кучайди. Тинчим кетиб, қўярга жой тополмай, ўзимни гоҳ бу хонага, гоҳ бу хонага соламан. Электр ўчиб, кондиционерни мунтазам ишламаслиги асабга тегади. Бир илож қилиб, иссиқдан ҳимояланяпмиз. Баъзида соғлиги заиф маҳалладошларимизнинг бир нечтаси омонатини топширганини биляпмиз. Шундан қўрқиб, кўчада ҳам ёлғиз юрмаяпмиз. Ёнимизда албатта ҳамроҳ етаклаб оламиз"- дейди нафақахўр 61 ёшли Сожида опа.

Шаҳардаги қатор маҳаллаларда одамлар кечки вақт ҳовлиларида сув сепишдан ўзларини тийишади. Чунки ичимлик сувини исроф этишга ҳам жарима белгиланган.
"Пулини тўласак, нега бундан қўрқишимиз лозим. Бизнинг ҳудуддагилар оқшом ва эрталаб ҳовлига сув сепиб, жойимизни салқинлатамиз"- дейди 44 ёшли Ҳалима.
" Иссиқ ҳаво таркибида кишига таъсир этувчи нимадир мавжуд. У бошни айлантириб, одамни ўз ихтиёрига бўйсунтирмайдиган ҳолга солади. Сув масаласига келсак, ариқлар қуриган. Кран жўмраклари ҳисоблагичга улангани туфайли томорқани суғориш ҳам амримаҳол бўлмоқда. Шундан томорқаларида экин-тикин, ўт-ўлан, кўча бўйларидаги дов-дарахтнинг қуриб битганига гувоҳ бўляпмиз. Назаримда ҳатто қушлар ҳам жазирамада сув излаб, уни тополмай қийналиб учишмоқда"- дейди журналист Маягўзал Чориева.
Унинг фикрича, одамлар электр нархи оширилгани, унга маълум лимитлар ўрнатилганига қарамасдан, ёздан эсон-омон чиқиш учун маблағ тежамайдилар.
"Ой бошидан кондиционер ва керакли анжомлар ўчмаслиги учун иложи етгунча кўпроқ маблағни электрга ташлаяпмиз" - дейди суҳбатдошимиз.

Такси ҳайдовчиси 31 ёшли Шоназар ёз фаслидаги, айнан саратондаги кечмишлар чўнтакка иқтисодий жиҳатдан жуда ҳам катта зарарлигини бошқа жиҳатдан асослашга уринди.
"Кундуз соат 11дан соат 16 гача уйда бекиниб ўтиришга мажбурмиз. Иссиқ ҳолдан тойдиради. Кўчада таксидан ташқари одамларни ҳам бу вақтда учратиш даргумон. Оқшом пайти кимдир дам олишга чиқса, кира қилиб аҳён-аҳёнда бунинг жойини тўлдириш мумкин. Яъни ҳаво даражасининг кўтарилиши, унинг таъсири пул топишга мушкуллик уйғотяпти"- дейди Шоназар.
Иқтисодий жиҳатдан об-ҳаво таъсири айрим бизнесларда ҳам акс этмоқда.
" Одатда меҳмонхонамиз сайёҳлар ва меҳмонлар билан гавжум бўларди. Ҳозирги иссиқда уларнинг сони кескин қисқарган, деярли йўқ ҳисоби. Салқин тушишини кутяпмиз"- дейди айни соҳа билан машғул фуқаролардан бири.
Тиббиёт соҳасида таҳсил олаётган 25 ёшли Меҳридин эса таътилда Термиз шаҳридан чиқиб, қишлоққа кетишга қарор қилган.
"Термиз шаҳридаги уйимиз ичида ҳаво ўлчагич кўрсаткичи 33 даражани кўрсатмоқда. Ярим тунда кондиционер ҳавосида ҳам терга ботиб уйғониш мумкин. Бу ерда эса деразаларни шунчаки очиб қўйса ҳам киши терламайди. Шунинг учун Термиз иссиғидан қочиб, Қизириқ туманидаги уйимизга келдим" - дейди Меҳриддин.
Тавсиялар: рўмол ва дўппи

Термиз шаҳар шошилинч "Тез тиббий ёрдам" шифохонаси қабулхона врачи Шоира Турсунова ўтаётган ёз мавсуми мобайнида айтарли фавқулодда нохуш воқеалар кузатилмаганини билдирди.
Унга кўра, ўтган йиллардаги тажрибаларга асосланиб, аҳолига олдиндан берилган тавсиялар самарали бўлиб, кўпчилик уларга қатъий амал қилмоқда.
"Биз фуқароларимизни иссиқ ҳароратдан ҳимояланиш учун зарур чораларни кўришга ундаймиз. Кўчада бош яланг юрмаслик, эркакларга дўппи ёки кепка кийиб, аёлларга рўмол ўраб чиқишни, фақат қайнатилган сув ичишлари лозимлигини уқтиряпмиз. Ҳар қандай газли, энергетик ичимликлар ичиш иссиқда соғликка зиёндир. Соябон ва қора кўзойнаклардан фойдаланиш ҳам мақсадга мувофиқ. Иссиқ ҳарорат қон босими ва юрак билан боғлиқ касалликларга таъсир кўрсатади"-дейди шифокор Турсунова.
Унинг айтишича, бу йилги ёз ҳавосини ҳам аномал деб аташ мумкин. Унинг ўзи ҳароратни қўлбола ўлчашга уринган.
"Термиз туманидаги Учқизил массиви қумлоқларида термометрни қуёш тиккага келганида, яъни тушдан бироз кейинга қўйганимизда, у 50 даражадан юқори ҳарорати кўрсатди. Синоптиклар одатда сояда ўлчанган стандарт кўрсаткичларни айтиб келишади. Инсоннинг саломатлиги бор ўлчамдаги иссиқлик даражасига қараб муҳофазаланиши даркор. Бу чалғитмайди"- дейди шифокор суҳбатдошимиз.
Иссиқ ўтдими ё энди келадими?

Сурхондарё вилоят гидрометереология маркази мутахассиси, синоптик Олим Қурбонсаидовнинг айтишича, одамлар улар тақдим этаётган маълумотларга ишонқирамасдан қарашлари ўринсиз ҳолатдир.
"Бу соҳада 15-17 йилдан буён ишлайман, лекин 50-60 даража иссиқ кўтарилишини кўрмаганман. Бу йилги ёзда июнда фақат бир куни ҳароратнинг 43 даражага ошгани кузатилди. Айни мавсумдаги иссиқликни ҳам фавқулодда диққат қаратилиши лозим бўлган, айрим жиҳатдан ваҳима уйғотадиган ҳол, деб ҳисоблаш тўғри эмас. Воҳамиз аҳолиси табиатан иссиқ об-ҳавога ўрганиб мослашган."- дейди синоптик Қурбонсаидов.
Термиз шаҳри ва тумани бўйлаб юрарканмиз, қурилиш иншоотларида қурувчиларнинг, кўча ёқаларида маиший хизмат, далаларда меҳнат ходимларининг ишлаётганини кузатиш мумкин бўлди.
Кўплаб соҳа вакиллари ёзда, қуёш тиғида ишлашлари керак.
Айни маънода нобоп иқлим учун меҳнатга қўшимча ҳақ тўланиши керакми деган савол уйғонади?
"Бундан ўн йилча олдин ҳозирда марҳум озарбойжонлик ҳамкасбимиз тажриба алмашишга келганида, "Бизларда "иқлим учун" маошга қўшимча ҳақ тўланади, сизларда бу бериладими?" дея қизиққанди. Мендаги маълумотларга кўра, ўтган йили Олий Мажлис ва Сенатда мазкур масала кўтарилди. Унда маълум стандартдаги кўрсаткичлар асосида номақбул иқлим шароитларида меҳнат қилганларга қўшимча ҳақ белгилаш бўйича муҳокамалар бўлиб ўтди. Ҳозирча бу борада аниқ тўхтамга келинмаган. Бу келажакда ҳал бўлади деган умиддамиз"- дейди синоптик Қурбонсаидов.
Мутахассислар ёз фаслида иссиқ ҳарорат масаласи барқарор кун тартибида бўлиши, шунга мувофиқ тарзда амаллар ва чоралар кўрилиши лозимлигини таъкидлайдилар.
Ҳозир эса Ўзбекистоннинг энг иссиқ шаҳри - Термизда ёзнинг энг авж палласи.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














