Япония Россия санкциялари туфайли яна Ўзбекистон компанияларини жазоламоқчи

Сурат манбаси, UKRAINIAN PRESIDENTIAL PRESS SERVICE HANDOUT/EPA-E
Италияда бўлиб ўтаётган Йирик 7 давлатлар саммитида Япония Бош вазири Фумио Кишида Россияга санкцияларни айланиб ўтишга ёрдам бераётган компанияларга қарши ўз ҳукумати янги жазо чораларини қўллашга шайланаётганини айтган.
Йирик 7 давлатлари лидерлари билан бир қаторда саммитда Украина Президенти Володимир Зеленский ҳам иштирок этти.
Алоқадор мавзулар:
Саммит ҳақида хабар тарқатган Япония Ташқи ишлар вазирлигига кўра, бу компаниялар бешта давлатда - Хитой, Ҳиндистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Ўзбекистон ва Қозоғистонда жойлашган.
Ташқи ишлар вазирлиги компанияларнинг рўйхатини бермаган.
Бунинг ортидан Россиянинг РИА Новости агентлиги Япония ҳукумати бош котиби Ёшимаса Ҳаяшидан янги санкцияларни тасдиқловчи иқтибосни тарқатди.
"Бу саммитда биз маълум қилдикки, учинчи давлатлардаги ташкилотларга қарши санкцияларни ўз ичига олувчи янги пакетни кўриб чиқяпмиз. Бу Хитой, Ҳиндистон, БАА, Ўзбекистон, Қозоғистондаги компаниялар", - дея иқтибос келтирган РИА Новости жаноб Ҳаяшидан.

Сурат манбаси, GIUSEPPE LAMI/EPA-EFE/REX/Shutterstock
Ўтган йил охирида Япония Россияга қарши санкцияларни кенгайтирганида, чекловлар рўйхатидан Ўзбекистон компаниялари ҳам жой олганди.
2023 йил 22 декабридан кучга кирган экспорт тақиқига Ўзбекистондан иккита ташкилот дуч келганди. У ҳам бўлса Alfa Beta Creative ва GFK Logistic Asia компаниялари. Ўтган йил ёзида Европа Иттифоқи, февралида эса АҚШ бу компанияларга нисбатан санкциялар киритганди.
Компаниялар ҳақидаги очиқ маълумотларга кўра, Alfa Beta Creative нинг асосий фаолият тури - офис техника ва жиҳозларнинг улгуржи савдоси, GFK Logistic Asia компаниясиники эса қуруқлик транспорти соҳасидаги хизматлар.
АҚШ Савдо вазирлиги тарқатган маълумотларга кўра, Ўзбекистондаги бу икки компания Россия ҳарбий ва мудофаа саноати эҳтиёжлари учун АҚШ товарларини сотиб олишда санкцияларни четлаб ўтишга ҳаракат қилган.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














