Ўзбекистон хавотирланадиган жой эмас - Нуқтаи назар Янгиликлар, O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

Бадиий фильмдан кадр

Сурат манбаси, Screenshot

Сурат тагсўзи, Актриса Ацуко Маэда Ўзбекистоннинг Япониядаги туризм элчиси этиб тайинланган
    • Author, Комрон Эргашев
    • Role, .
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ўзбекистондан ташқарида яратилган бадиий фильмлар орасида Ўзбекистонга бағишланганлари жуда кам. Ўзбекистон тилга олинган фильмларда ҳам мамлакат ижобий тақдим этилмайди.

Мисол учун, Ҳолливуднинг "Олти шарпа" (6 Underground) жанговар фильми ҳодисалари Тургистон деб номланган тўқима мамлакатда юз беради ва бу мамлакат Ўзбекистонга қўшни деб айтилади. Бунга қўшимча "12 Кучли"(12 Strong) ёки "Кавалерия" фильми АҚШнинг Толибонга қарши урушига бағишланган ва у ерда аскарларнинг Ўзбекистондан Афғонистонга ўтганлари кўрсатилади. Хуллас, хориж киноларида Ўзбекистон тилга олинган бўлса ҳам унга тўла эътибор қаратилмаган ва мазмуни кўпинча салбий.

Лекин Ўзбекистон маданиятига бағишланган бир бадиий фильм яратилди, Кино тасвирга олиш ғояси кутилмаган жойдан чиқди.

Алоқадор мавзулар:

"Дунёнинг охирига қадар" ёки "Саёҳатнинг бошланиши. Дунёнинг охири" (To the Ends of the Earth) деб номланадиган бадиий фильмни Япония-Ўзбекистон кино ижодкорлари ҳамкорликда тасвирга олдилар, у 2019 йили экранларга чиқди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Британиялик таниқли ёзувчи Сэр Уильям Голдингнинг машҳур трилогияси номи билан аталган фильм режиссёри Киёси Куросава ва кино Тошкентдаги Навоий опера ва балет театри барпо этилганининг 70 йиллиги ва Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги дипломатик муносабатлар ўрнатилгани санасига бағишланади.

Бадиий фильм Ўзбекистон маданиятига бағишланган телевизион дастур тайёрлаш мақсадида ўзининг тасвирга олиш гуруҳи билан Ўзбекистонга саёҳат қилган япониялик журналист Йоко ҳақида ҳикоя қилади. Киёси Куросава ўзининг "Даво" ва "Пульс" сингари даҳшат фильмлари билан танилган режиссёр ва унинг ўз ижодий йўналишига хос бўлмаган драма тасвирга олгани бир қарашда ғалати туюлади. Лекин у ўзининг қўрқинчли кинолар олиш тажрибасини бу фильмга маҳорат билан қўллайди, бу айниқса, Йоконинг бегона мамлакатдаги якканишинлигини бўрттириб кўрсатишда қўл келади. Куросава бадиий фильмларининг яна бир ўзига хослиги - уларнинг муайян жойга боғланиши ва режиссёр Япония меъморчилигидан ўша жой муҳитини ҳис қилишни етказиб бериш мақсадида фойдаланади. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон бу жой маданияти ҳақидаги муждани етказиб бермоқчи бўлган ижодкорга ўз тахаййюлига эрк бериш имкониятини очиб берадиган мукаммал макондир. Фильмнинг илк саҳнасиданоқ Йоконинг ёлғиз экани англашилади. Куросава камерани Йоконинг елкасидан унинг тасвирга олиш гуруҳига қаратади, ҳамкасблари камерани қаерга ўрнатиш, тасвирга олиш узунлиги қанча бўлишини муҳокама қилаяптилар. Бу саҳна Йоконинг бошқаларга қўшилмаслиги, жамоадан қанчалар ёлғизланганини кучайтириб кўрсатади. Айни пайтда ушбу саҳна Япониядаги гендер муносабати ҳақида маълумот берадиган парча бўлиб ҳам хизмат қилади. Теледастурнинг юзи ва телетомошабинлар томоша қиладиган кўрсатувнинг бош қаҳрамони эканига қарамасдан, Йоконинг тасвирга олиш жараёнидаги иштироки жуда ҳам камлиги кўринади.

Бадиий фильм постери

Сурат манбаси, .

Йоконинг Ўзбекистонда экани унинг ёлғизлигига ёлғизлик қўшади. Бошида бу нарса унинг бегона юртни билмаслигида ифодаланади. Йоко шунчаки у жойдан бу жойга боради, оддий сайёҳ сингари ўзига экзотик кўринган Ўзбекистондаги ҳаётини тасвирга туширади. Йоко учун бу шунчаки иш ва Ўзбекистонга ўзининг Япониясидек муносабатда бўлади. Шунда фильмда Йоко учун драматик бурилиш юз беради: унга "Биздаги урф-одатлар сизларникига ўхшамайди" деб айтишади. Тил билмагани ва барча мулоқотларда фақат таржимонигагина таяниб қолгани учун фильм қаҳрамони Ўзбеклардан қўрқади: мотоциклчи Йокони ҳамкасблари олдига олиб бориш учун келган, лекин у мотоциклчидан қўрқади. Мотоциклчи Йокога "мен сени олиб кетиш учун келдим" дейди, бироқ йигитни тушунмагани учун қизнинг қўрқуви янада кучаяди. Йоконинг хорижий заминдаги ўзлигини қабул қилиш ҳисси у улкан, бўш меъморий обида ичида ўзини қамалиб қолган деб ҳис қилганида янада кучайгани кузатилади. Режиссёр Куросава бутун фильм мобайнидаги Ўзбек тилидаги диалогларни субтитрсиз қолдиришга қарор қилган. Шунингдек, у ўзининг даҳшат фильмларида қўллайдиган унсурларни ҳам уйғунлаштирган. Булар драматик ёруғлик, кенг ва бўш экранлар, қўрқинчли узоқ сукунат кабилар. Буларнинг бари томошабинга Йоконинг янада ихоталанганини кучлироқ ҳис қилишига ёрдам беради. Албаттаки, томошабин Ўзбек тилини тушунмаса.

Деярли бутун фильм ёрқин таассуротларга бой саёҳат шоусига бағишланган. Айрим саҳналари ҳаяжонли ва ҳаётни ўзгартириб юборгудек. Режиссёр Куросаванинг бошқа фильмлари каби бу фильмнинг ҳам айрим жойлари реал ҳаётни кўрсатади. Мисол учун, вақт тафовути туфайли оиласи аъзолари билан гаплашолмаслик ёки қандайдир хато қилиб қўйиб, маҳаллий тилда сўзлашолмагани учун бу хатони тузатолмай қийналиш. Кўрсатувни тасвирга олаётган чоғи Йоко бахтли ва ғайратга тўла инсон ниқобини кийиб олади. Бу эса унинг тортинчоқ, ўз қобиғига ўралган ва доим хавотирдаги шахсиятининг зиддидир. Фильм қаҳрамони - биз ҳаммамиз. Саёҳатчига айланган вақтимиз. Фильмнинг ўзи эса одамзотнинг ўзига номаълум нарсадан қўрқувига бағишланган фильмдир.

Бироқ таҳликалари энг чўққисига чиққан вақти Йоко хавотирининг бош сабабчиси Ўзбекистон эмас, балки ўзининг Ўзбекистонни қандай қабул қилаётгани эканини англаб қолади. "Одамлари марҳаматли" дейди.

Биз бир-биримиз билан мулоқот қилолмаган тақдирда ҳам бизнинг одамийлигимиз умумий, бир-биримизга ёрдам бериш ҳамда ўз маданиятимиз, урф-одатимизни бегонага етказиш истакларимиз умумий. Фильмнинг айрим завқли лаҳзалари ҳам бор: япониялик тасвирга олиш гуруҳининг паловни татиб кўриши ва у мазали таом деган хулосага келиши каби. Фильм якунида Йоко бир нарсани англаб етади: Япония билан Ўзбекистоннинг маданиятлари бошқа-бошқа кўринса-да, уларни бир-бирига боғлайдиган тарихи ҳам мавжуд. Иккинчи Жаҳон Уруши тугаганидан кейин СССР 25000 Япон асирини Ўзбекистонга юборган ва улар Тошкентдаги Навоий театрини барпо этган эдилар. Бу фильм икки маданиятлар байрамидир ва ўз маданиятимиз намойиш этилган Ўзбекистон ташқарисидаги бадиий фильм томошаси менга катта завқ берди.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002