Япония мусулмонлари: Майитларимизни кўмгани қабристон тополмаяпмиз - Янгиликлар, Ислом

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Сваминатан Натаражан
- Role, Би-би-си
Япониядаги мусулмонлар жамоаси озчиликни ташкил этади: 120 миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган ҳудудда атиги 200 000 мусулмон бор.
Япония фуқароларининг 99 фоизи буддист ёки шинтоизм урф-одатлари бўйича жасадларини куйдиради. Мусулмонлар эса ундай қила олмайди. Исломда кремация тақиқланган ва мусулмонлар одатда ўликларини 24 соат ичида дафн қилиши керак.
Баъзи оилалар исломий дафн маросимларини тўғри ўтказиш учун ўликларини юзлаб километрга ташишга мажбур. "Ҳатто бирор яқиним жасадини куйдиришимга тўғри келиши мумкинлигини ўйласам, кўзимга уйқу келмайди", дейди биринчи марта 2001 йилда докторлик диссертацияси учун Японияга келган Тоҳир Аббос Хон.
Покистонда туғилган университет ўқитувчиси Аббос Хон ҳозирда Япония фуқароси ва мусулмон жамоаси фаоли. Бу ерда у Беппу мусулмонлар уюшмасига асос солган.
Узоқ кураш
Доктор Хоннинг айтишича, у ўлимидан кейин ўз танасига нима бўлишидан ташвишланмайди, лекин бошқаларнинг азобини кўриб хафа бўлади.
"Охирги маросим инсонга кўрсатиладиган охирги хизматдир. Қариндошимни ёки дўстимни муносиб дафн эта олмасам, нормал ҳаёт кечира олмайман".

Сурат манбаси, Tahir Abbas Khan
Кюшу ороли жанубидаги Оита префектурасида биринчи масжид 2009 йилда қурилган, бироқ 2000 кишигача бўлган мусулмонлар жамоаси учун мўлжалланган қабристон ҳамон режалаштириш жараёнида.
Муҳаммад Иқбол Хон 2004 йилда рафиқаси билан Покистондан Японияга келган. У Токио яқинида автомобиль экспорти бизнесини йўлга қўйди ва кейин ўз базасини яқин атрофдаги префектурадаги Фукуока шаҳрига кўчирди.
2009 йилда унинг боласи ўлик туғилганда, у яшайдиган ҳудудда мусулмонлар қабристони йўқ эди.
"Биз жасадни кичик қутига солиб, машинага жойлаштирдик ва 1000 км дан ортиқроқда жойлашган Яманашига жўнадик, - дейди Иқбол. - Мен билан тўрт нафар дўстим ҳам борди. Бутун йўл бўйи машинани навбатма-навбат ҳайдадик".

Япониянинг марказий қисмидаги Яманаши қабристони мусулмонлар ва насронийлар томонидан фойдаланилади. Христианлар Япониядаги бошқа асосий диний озчилик бўлиб, аҳолининг 1% дан сал кўпроқни ташкил қилади.
"Бундай мусибат пайтида хотиним билан бирга бўлишни хоҳлардим, лекин бунинг иложи йўқ эди, - дейди Иқбол. - Бу қийин эди".
Доктор Хон уюшмаси Беппудаги насроний қабристони ёнидан ер сотиб олди. Унга қўшни яшовчи одамлар "эътирози йўқлигини" айтишди, лекин 3 км узоқликдаги энг яқин жамоа эътироз билдирди.
"Улар кўмилган жасадлар суғориш учун ишлатиладиган кўл суви билан бир қаторда ер ости сувларини ифлослантиришини айтишди", дейди доктор Хон.

Сурат манбаси, Tahir Abbas Khan
Етти йил ичида ҳеч нарса ўзгармади. Оқибатда жамоа муқобил йўл излашга мажбур бўлди.
Доктор Хоннинг айтишича, баъзи мусулмон муҳожирлар оила аъзоларининг жасадларини ватанига қайтарган. Саратон касаллигидан азоб чекаётганлар сўнгги кунларини туғилган мамлакатида ўтказишни афзал кўришади, дея қўшимча қилади у.
Бироқ жасадни уйга олиб бориш жуда кўп ҳужжатларни талаб қилади ва дафн қилишни кечиктиради.

Сурат манбаси, Ryoko Sato
Кюшу оролида истиқомат қилувчи мусулмон япон Рёко Сато учун бу чора эмас.
"Агар япон қоидаларига риоя қилмасангиз, ўз мамлакатингизга қайтинг, дейишади. Бошқалар эса жасадни дафнга рухсат берилган қўшни давлатларга олиб боринглар, дейди.
Эрим умрининг ярмидан кўпини Японияда ўтказди. У Япония фуқаролигини анча олдин олган ва солиқ мажбуриятларини худди маҳаллий япониялик каби бажаради.
Унинг авлодлари Японияда яшайди, у ўлганидан кейин унинг танаси қаерда бўлиши керак деб ўйлайсиз?"
Сатонинг айтишича, дафн этишга қаршилик "маданий хурофот"га асосланган.
"Баъзи одамлар дафн қилишни даҳшатли ёки ғайритабиий нарса деб ўйлайди, гарчи бундан бир неча авлод олдин Японияда дафн этиш жуда кенг тарқалган эди", дейди Сато.
У кўплаб кремацияларда қатнашган, лекин вафотидан кейин ўзини дафн этишга қарор қилган.
"Агар дафн қилиш истаги худбинлик деб аталса, ҳеч бўлмаганда ўз жасадимга нисбатан худбин бўлай".
Аммо доктор Хон ишлайдиган университет Рицумеикан Осиё-Тинч океани университетининг социология профессори Шинжи Кожиманинг айтишича, сабаблар мураккаброқ. У бу масалани тадқиқ қилиб, Беппу мусулмонлар уюшмасига маслаҳат берди.
"Ҳал қилувчи омил сизнинг мусулмонлигингиз ёки мусулмон эмаслигингиз эмас. Бу маҳаллий ҳамжамият сиёсати қандай ишлаши ва натижани белгилайдиган тўғри инсоний тармоқ ёки алоқаларга эга бўлишдир ", дейди доктор Кожима Би-би-сига.
Эҳтимолий ечим
Доктор Хоннинг айтишича, Японияда 13 та мусулмон қабристони бор, улардан бири яқинда Хиросимада қурилган, тахминан уч соатлик масофада.
Иқбол мотам тутганларга ҳамроҳлик қилди. "Хиросимада биз учун барча қулайликлар мавжуд. Таҳоратхоналар топилади, маҳаллий ҳамжамият бизни ҳалол озиқ-овқат билан таъминламоқда", дейди у.

Сурат манбаси, Tahir Abbas Khan
Доктор Хон парламент аъзоларига, манфаатдор вазирликларга ва маҳаллий ҳокимиятларга муаммони ҳал қилиш учун мурожаат қилди.
Энди маҳаллий ҳокимият Беппу мусулмон жамоасига 79 та қабр учун ер ажратди.
"Бу шунчаки диний масала эмас, бу инсоннинг асосий ҳуқуқи, - дейди у. - Биз текинга ҳеч нарса сўрамаймиз. Бунинг учун пул тўлашдан хурсандмиз, лекин режалаштириш учун рухсат олиш муҳим."
Унинг айтишича, яҳудийлар ва яқинда Бразилиядан келган насроний муҳожирлар каби бошқа кичик жамоалар ҳам қийналмоқда.
"Энг яхши ечим - Япониядаги барча префектураларда битта кўп динли қабристон бўлиши."
Бироқ, марказий ҳукумат бу масалага аралашиши даргумон, чунки у шу пайтгача бу масалани маҳаллий ҳокимиятларга топширган.
Аммо доктор Хон умидини йўқотмайди. "Биз жасадни куйдирмаймиз. Бундай бўлмайди. Марҳумларни дафн қилиш учун қўлимиздан келганини қиламиз".
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














