Муслима жосус малика, Ўлим бекаси ва Она шер: Урушнинг аёл қаҳрамонлари

Сурат манбаси, Davies Surya, BBC
Урушдаги қаҳрамонлик деганда кўпчилигимиз фақат эркак кишини тушунамиз. Аммо 75 йил олдин якунланган Иккинчи Жаҳон Урушида эркакларникидан кам бўлмаган жасоратни аёлллар ҳам намойиш этган.
Аёлларнинг урушдаги роли кам эътироф этилади.
Би-би-си миллионлаб бошқа қаҳрамон аёллар орасидан саккиз нафарининг ҳикоясини тақдим этишга қарор қилди.

Ченг Бенхуа: Ўлимни жилмайиб қарши олди
Ченг Бенхуа 1937 йили Япония Хитойга бостириб кирганида қаршилик ҳаракати қаҳрамонларидан бўлган аёл.
Қилич санчиб ўлдиришларидан олдин тасвирга туширилган Ченг Бенхуанинг фотосурати қўрқув нималигини билмаган ватанпарварликнинг рамзига айланган.
Расмни япон фотосуратчиси олган. Унда жанг вақтида қўлга олиниб, қамоққа ташланган ва қатл этилган қаҳрамон ҳаётининг энг сўнгги лаҳзалари акс этган.
Босқинчилар уни бир неча бор гуруҳ бўлиб жинсий зўрлашди, аммо у бўйсунмаган.
Ўзининг ўлимини юзида табассум билан қарши олган фотосуратда у қўлларини кўксида чирмаштирган, бошини баланд кўтарган, заррача қўрқув акс этмаган нигоҳини фотоаппарат объективига қаратган.
Ченг Бенхуанинг мана шу позадаги беш метрлик ҳайкали Нанжингда ўрнатилган. Бу жой Япония қўшинлари 300000 хитойлик болалар, аёл ва эркакни қатлиом қилган жойдир.
Ченг Бенхуани 1938 йили ўлдиришганида ёши 24 да эди. Уруш Хитойга бир йил олдин келган, Европада бошланишига ҳали яна бир йил бор эди.
Ченг Бенхуа ҳалок бўлган миллионлаб инсонлар орасида "энг ёрқин, энг катта таассурот қолдирган ва энг кўп ҳурматга сазовор шахс" деб таъриф берган хитойлик тарихчи ва музей директори Фан Жианчуан 2013 йили Хитойдаги Халқ кундалиги газетасидаги мақолада.

Нур Иноят Хон: Жосус малика

Сурат манбаси, Davies Surya, BBC
Ҳиндистонлик малика ва Британия жосуси Нур Иноят Хон Типу Султон авлоди эди.
Унинг аждодлари бир неча аср мобайнида Ҳиндистон жанубидаги мусулмон Майсур Подшоҳлигининг подшоҳлари бўлганлар.
Нур Иноят Хоннинг отаси Иноят Раҳмат Хон сўфий мударрис, онаси эса америкалик инглиз бўлган.
Қиз 1914 йили Москвада туғилган, Париж Сорбоннасида таҳсил олган эди.
Унинг кўп тил билиши Британия махсус операциялар бўйича идорасига(British Special Operations Executive (SOE) жалб қилинишига олиб келади.
Нур Иноят Хон бошқа агентлар билан бирга нацистлар Германияси ишғол қилган Франция ҳудудига парашютда ташланади.
Уларга нацистлар фаолиятини саботаж қилиш, Француз Қаршилик ҳаракатига кўмаклашиш, душман қўшинлари ҳаракатланишини кузатиш вазифалари юклатилган эди.
У радио оператор сифатида ишлайди. Бу жойлашган жойини тез-тез алмаштириб туришни талаб қиладиган хатарли иш эди, Нур Иноят Хон бу вазифа юклатилган илк аёл киши бўлган.
Барибир нацистларнинг полицияси Гестапо уни қўлга туширади, қийноқларга тутиб сўроқ қилади.
У ҳибсдан бир неча марта қочишга ҳаракат қилади - бир марта томни тешиб чиқишига оз қолганида қўлга тушади.
Қочишга ҳар галги муваффақиятсиз уриниш ортидан унинг аҳволи оғирлашар, терговлар тобора шафқатсиз тус олар эди. Аммо немислар ундан бирорта ҳам муҳим маълумотни ололмайдилар. Душманлар уни фақат Мадлен деган код номи билан танишар, асли келиб чиқиши Ҳиндистондан эканини билмасдилар ҳам.
1944 йил сентябрида Нур Иноят Хон ва яна уч Британ жосус аёлини Дахау концлагерига ўтказадилар, 13 сентябри куни отиб ўлдирадилар.
Кўрсатган жасорати учун ўлимидан кейин Нур Иноят Хон Британиянинг Жорж Хочи ва Франциянинг Ҳарбий Хочи(Croix de Guerre) ва олтин медали билан тақдирланган. Шунингдек, Лондондаги Гордон Хиёбонида унга ҳайкал ўрнатилган.
"Нур Иноят Хоннинг ҳаёти бугун ҳам инсонларни руҳлантиради. Нафақат ҳаддан зиёд жасур бўлгани учун, балки у таянган принциплари учун ҳам", дейди "Жосус малика Нур Иноят Хоннинг ҳаёти" деб номланган китоб муаллифи Шрабану Басу.
"У сўфий, эътиқоди бўйича нозўравонлик тарафдори бўлса ҳам фашизмга қарши курашда ўзининг энг қадрли нарсаси - ҳаётини қурбон қилди", дейди ёзувчи.

Людмила Павличенко: Ўлим бекаси

Сурат манбаси, Davies Surya, BBC
Людмила Павличенко тарихдаги энг муваффақиятли снайпер бўлган: Нацистлар 1941 йили Совет Иттифоқига бостириб кирганидан кейин 309 немис аскар ва зобитини ўлдиргани тасдиқланган.
Людмила ўлдирган 36 қурбоннинг ўзлари ҳам снайперлар бўлганлар, совет снайпери билан Севастопол ва Одесса шаҳарларидаги "мушук-сичқон ўйинларида" ютқазиб ҳаётидан айрилганлар. Шунинг учун ҳам унга Ғарб матбуоти "Ўлим ледиси" деб ном берган.
Немис снайперлари уни тутолганлари йўқ. Аммо миномёт портлашидан жароҳатланади. Соғайганидан кейин уни уруш жабҳа чизиғидан узоқлаштирадилар, фронторти ишларига жалб қилинади.
Қизил Армиянинг намунали қизи сифатида Людмила Павличенко дунё бўйлаб кўп сафар қилади, ҳатто АҚШ Президенти Франклин Рузвелт билан ҳам кўришади.
У Совет Иттифоқи қаҳрамони Олтин Юлдузи билан мукофотланган бўлса ҳам кейинроқ СССРда Людмила Павличенко ҳаёти ва фаолияти таҳрир қилинди.
"У ўта қобилиятли снайпер бўлганига қарамасдан, талабдагидек қадрланмагани ва ўлимидан кейин унутиб юборилгани ҳайратланарлидир", дейди гендер тенглиги бўйича фаол ва журналист Ирина Славинска.
"Аммо шуниси борки, Иккинчи Жаҳон Уруши ҳақидаги Совет тарғиботи марказига жасур аскар - эркак рамзи қўйилган эди. Уруш қаҳрамонлари шарафига ва номаълум аскар хотирасига ўрнатилган ҳайкалларга боқинг! Улар ҳаммаси эркак, у тарғиботда аёлга ўрин бўлмаган", дейди Славинска хоним.

Нэнси Уэйк: Оқ сичқон

Сурат манбаси, Davies Surya, BBC
Нэнси Уэйк умр йўлига бир инсон ҳаётиникидан кўра кўпроқ таъриф берилади. Уни ҳалокатли жангчи, ноз-ишваси билан ҳар қандай эркакни ўзига ром этиши билан бошқа аёллар ғазабини қўзғатадиган хоним, ичкиликка муккасидан кетган пиёниста ва нацистларнинг қатъий, шафқатсиз душмани сифатида эслашади.
Нэнси Уэйк Янги Зеландияда туғилган, Австралияда ўсиб катта бўлган. 16 ёшида мактабни ташлайди. Францияда "қадимги Миср ҳақида билимга эгаман" деб ёлғон гапириб журналистлик ишини топади.
У француз саноатчиси Ҳенри Фиокка билан танишади ва унга турмушга чиқади. 1939 йили нацистлар Германияси Францияга бостириб кирганида Нэнси оиласи билан Марселда яшаётган эди.
У Француз Қаршилик ҳаракатига қўшилади. Иттифоқчи кучлар учувчиларининг Пиренеи тоғлари орқали Испанияга қочиб ўтишларига йўл кўрсатади. Уэйк тармоғи 1942 йили нацистларга ошкор бўлиб қолганидан кейин аввал Испанияга, кейин Британияга қочади.
Фиокка Францияда қолганди. Уни немислар тутиб олишади, қийноқларга солиб қатл этишади. Ненси Уэйк парашютда яна Францияга ташланади, Британия жосуслик кучлари агентлари(SOE) билан ҳамкорликда ишлай бошлайди.
У қатор муҳим операцияларда иштирок этади. Ҳатто бир марта немис соқчисини қуруқ қўл билан ўлдирганини айтган. "SOEда бизга дзюдо усулида ҳужум қилишни ўргатишган. Лекин бу жанговар қўл ҳуужумини ҳаётимда бир марта ишлатганман. Бир зарба бердим, жойида ўлди", деб айтган Ненси Уэйк 1990 йили телевидениега берган интервьюсида.
Жанг вақтида муҳим радио кодлар йўқотилганидан кейин у душман территорияси бўйлаб 500 километрни велосипедда босиб ўтади ва янги радио кодларни олади. Уэйк бу масофани атиги уч кунда босиб ўтганини айтган.
У енгилоёқ аёлларга ўхшаб кийинган ва немис эркаклари билан учрашиб, улардан маълумотларни қўлга киритган. "Озгина атир-упа, бир қултум ароқ, бўлди. Шу билан осонликча (Германия) постларидан ўтиб олардим, ва соқчига кўзимни қисиб дердим: "Менинг ортимдан келасанми?" Эй Худо, қанчалар ноз-карашмали аблаҳ бўлганман-а мен", деб хотирлаган у Австралия газетаси билан суҳбатда.
Уруш йиллари нацистлар кўп бор унинг изига тушишган ва қўлга туширмоқчи бўлганлар. Аммо у ҳар доим таъқибчиларининг бурни остидан қочишга муваффақ бўлган, деб ёзади унинг биографи Питер Фицсимонс.
Тутқич бермаслиги боис немислар унга "Оқ сичқон" деб лақаб қўядилар. Унинг таржимаи ҳолига бағишланган китобига ҳам шу ном берилган.
Уэйк кўплаб уруш мукофотлари билан тақдирланган. У 2011 йили 7 август куни 98 ёшида Лондонда оламдан ўтди. Васиятига кўра Ненси Уэйкнинг хоки Франция осмонида сочилган.

Жейн Виалле: Репортёр, жосус ва сиёсатчи
Жейн Виалле Конго Республикасида туғилган, болалигида оиласи Парижга кўчиб ўтган эди. Иккинчи Жаҳон Уруши бошланган пайтда у журналист бўлиб ишларди.
Виалле Парижни ташлаб Францияга жанубига кетади. Француз Қаршилик ҳаракатининг жосусига айланади. Бу пайтда мамлакат жануби расман нацистлар Германияси томонидан босиб олинмаган, қўғирчоқ Виши режими томонидан бошқариларди.
Жейнга нацистлар қўшинларининг ҳаракатланиши ҳақида маълумот йиғиш ва иттифоқчиларга узатиш вазифаси юклатилган эди.
1943 йил январида уни қўлга туширишади ва сотқинлик айбини қўйишади.
Жейн қўлга киритган махфий маълумотларини кодлаштирган, шунинг учун ҳам расмийлар унинг сирларини қўлга киритолмайдилар.
Виаллени аввал концентрация лагерига, сўнг Марселдаги аёллар қамоқхонасига жойлаштирадилар. У урушдан омон чиқади.
Жейн Виалле 1947 йили Франция Сенатига сайланади.

Ҳеди Ламар: Ҳолливуднинг энг ёрқин гўзали

Сурат манбаси, Getty Images
Австриялик кино юлдузи Ҳолливуд машҳурлигигача эришди, олти эр билан турмуш қурди.
Туғилганида Ҳедвиг Ева Мария Кеслер деб ном берилган қизалоқ Венадаги бой яҳудий оиласи фарзанди эди. У қурол-яроғ савдоси билан шуғулланадиган саноатчига турмушга чиқади. Актрисалик истеъдодини кўрган эри хотинини ўз дўстлари ва ҳамкасблари даврасида рол ўйнашга мажбурлайди. Улар орасида эса нацистлар ҳам бор эди.
Буларнинг ҳаммасига дош беролмаган Ламар яширинча Парижга қочади. Сўнг Париждан Лондонга келади. Лондонда у MGM студияси раҳбари афсонавий Луис Майер билан танишади.
Майер Ламарга Ҳолливуд контрактини таклиф этади ва уни "дунёдаги энг гўзал аёл" дея тарғиб эта бошлайди.
У 30 дан ортиқ филмларда рол ўйнайди. Аммо бугунги уруш қаҳрамонлари рўйхатига у актрисалиги учун эмас, ихтирочилиги учун киритилди.
Ламар иттифоқчи қўшинлар торпедолари учун душман радарларини четлаб ўтиш тизимини яратади.
Бу тизим торпедоларга тўлқинини ўзгартириш имконини берарди.
АҚШ ҳарбий денгиз қўшинлари Ламарнинг ихтиросини қўллашни истамади, аммо бугунги кундаги Bluetooth ва WiFi технологиялари ана ўша ихтиро асосига қурилган.

Mия Йи: Қилич ва заҳар билан

Сурат манбаси, Ludu collection
Мия Йининг Иккинчи Жаҳон Урушидаги кураши Япониянинг Бирмага босқинидан ҳам олдин бошланган эди.
У мамлакатининг мустақиллиги учун бел боғлаганлар сафига қўшилган, Британиянинг колониал бошқарувига қарши кампания бошлаган эдилар.
Иккинчи Жаҳон Уруши бошланганидан кейин Мия Йи қуролли қаршилик ҳаракатига қўшилди. У ўзини мудофаа қилиш учун доим ёнида қилич ва заҳар тўлдирилган идиш олиб юрарди.
У Япония босқинчиларига қарши курашни давом эттириш учун 1944 йили Ҳиндистонга йўл олади. Бу пайтда Ҳиндистон Буюк Британия назоратидаги мамлакат эди. Мия Йи Бирмадан Ҳиндистонгача бўлган масофани пиёда, Япония қўшинлари эгаллаган территориялар, тоғли ҳудудлар оша босиб ўтади.
Йўлда у жароҳатланган, жароҳатини саронг кийимидан йиртиб олинган мато парчалари билан боғлаб юришда давом этар, эркакларнинг уни кўтариб бориш таклифини рад этар эди.
Ҳиндистонда у японлар Бирмадаги маҳаллий аҳолига қанчалар зулм ўтказаётгани ҳақидаги варақаларни тайёрлашда кўмаклашди, бу варақалар Бирма осмонида тарқатилди.
У парашютчи сифатида тайёгарликдан ўтади ва турмуш ўртоғи билан Бирмага қайтиб курашга қўшилишни режалайди. Бироқ шу пайтда кўзи ёриб тўнғич ўғлини дунёга келтиради. Самолётдаги парашютчи жойини бошқа жангчига беради. Мия Йи Бирмага фақат 1945 йил октярбида - уруш якунланганидан кейингина қайтишга муваффақ бўлади.
Ватанига қайтганидан кейин ҳам Мия Йининг кураши тугамади: бошида у мамлакати мустақиллиги учун курашган бўлса, кейин мамлакат ҳарбий режимига қарши оёққа туришига тўғри келди.

Расуна Саид: Она Шер

Сурат манбаси, BBC/Davies Surya
Ушбу рўйхатда Расуна Саиднинг ўрни бошқа. Чунки у уруш пайтида "ёвузлик кучлари" тарафида ҳам бўлган.
Расуна Саид Индонезия мустақиллиги учун курашдаги етакчи шахслардан бири бўлган. Унинг душманлари нафақат япон босқинчилари, балки Голландия колонизаторлари эди.
Расуна Саид ёшлигидан сиёсий фаоллигини бошлайди. У ўз сиёсий партияси - Индонезия Мусулмонлари Ассоциацияси (PERMI)га асос солганида ёши эндигина 20 дан ошган эди.
У ўзининг оташин, кўпчиликни руҳлантириб юборадиган маърузалари билан танилади. Бу маърузаларни унинг тадқиқотчиларидан бири "кундуз кунидаги чақмоқ" деб таърифлайди. Расунанинг жасурлигини кўрган Голландиянинг колониал расмийлари унга "Она шер" деб ном қўйишади.
Голланд расмийлари унинг маърузали чиқишларига йўл бермасликка интилишарди. Нутқ сўзлаётган пайтини нутқини бузишар, бир марта ҳибсга олиб, бир йилу икки ой тутқунликда ҳам сақлашади.
Архипелагга Япония кучлари бостириб кирганида Расуна Саид японпараст ташкилотларга қўшилади. Аммо ўзининг мустақиллик йўлидаги фаолиятини давом эттиради.
Уруш Индонезия учун Япониянинг мағлубияти билан тугамади. Голландия Британиянинг ёрдамида яна Индонезияда ўз ҳукмронлигини қайта ўрнатишга уринди. Бунга қаршилик бошланди, қонли уруш тўрт йил давом этди.
Ниҳоят 1949 йили Нидерландия Индонезиянинг суверенитетини тан олишга мажбур бўлди. Бу курашдаги Расуна Саиднинг роли пойтахт Жакарта марказий кўчаларидан бирига унинг номи абадийлаштирилиши билан эътироф этилди.
Расуна Саид гендер тенглиги ва аёлларнинг билим олиши йўлида ҳам қаттиқ курашчи сифатида танилди. У Индонезиянинг Миллий Қаҳрамони. Мамлакатда миллий қаҳрамон деб кўрилган аёллар сони кўп эмас.
- Ўзбек Жамиласи ёхуд Узбечка - урушдаги ўзбек аёли сиймосига назар
- Би-би-сининг 100 аёл рўйхатига кимлар кирди?
- "100 аёл", бугун аёлни нима чеклаяпти: Эр, эркак, қайнона - қайнотами ва ёки?
- Ўзбекистон фуқароси Би-би-сининг «Энг нуфузли 100 аёл» рўйхатидан жой олди. Рўйхатда яна кимлар бор?
- Бувижонларимизнинг енгил бўлмаган ҳаёти
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















