Дунё: Би-би-сининг 100 аёл рўйхатига кимлар кирди?

Би-би-сининг бу йилги "100 аёл" лойиҳаси бутун дунёдаги нуфузли, таъсирга эга ва руҳлантирувчи хотин-қизларга бағишланади. Бу йил шундай савол қўйилди: агар аёлларга қўйиб берилса, бизнинг келажагимиз қандай бўлиши мумкин?
Би-би-си қатор йиллардан буён 100 аёл рўйхатини эълон қилиб келади.
Бу йилги рўйхатга кимлар кирган ва нега унда жиддий қудрат ва нуфузга эга бўлган, кўпчилик танийдиган аёллар йўқ?
Бу рўйхатдаги хотин-қизларнинг кўпчилигининг бойлиги йўқ, кино, мусиқа ёки социал медиа юлдузи ҳисобланмайдилар.
Аммо бу йилги рўйхатни тузувчиларнинг фикрича, айнан ушбу аёллар бугунги жамият ривожланишининг тенденцияларини ўзларида акс эттирадилар ва келажакдаги жамиятларимиз қандай бўлиши мумкинлиги борасида бизга ишорат беришлари мумкин.
Ушб рўйхатдаги айрим исмлар бу йил жаҳон оммавий ахборот воситаларидаги муҳим янгиликларнинг қаҳрамонларига айландилар.
Бошқа бирларининг қилаётган ишлари ёки ҳаётда эришган ютуқлари матбуот эътиборидан четда қолиб ҳам кетган.
Кўпдан-кўп номзодлар орасидан "Хотин-қизлар ва келажак" деган мавзуни энг яхши ифодалайдиганлар, турли мамлакатлар, турли қитъалар ва турфа назарларни акс эттирганлар танлаб олинди.
"100 аёл" лойиҳасига кимлар киргани билан 100 Women 2019 саҳифасида танишиш мумкин.
У ерда қаҳрамонларимиз инглиз тилида алифбо тартибида келтирилган.
Биз ушбу рўйхатга кирган айрим аёллар ҳақида ҳикоя қиламиз.

Зарифа Ғаффорий - вилоят ҳокими, Афғонистон
26 яшар Зарифа Ғаффорий Афғонистоннинг илк аёл ҳокимларидан бири. Мамлакат президенти уни Толибон дастаклови кўп бўлган Майдан Вардак вилоятига ҳоким этиб тайинлади. Лавозим ўз ҳаёти учун таҳдидли эканига қарамасдан, Зарифа ишга розилик берди - унинг биринчи иш кунида ғазабнок оломон вилоят ҳокимлиги биноси қаршисида тўпланган эди.
Буларга қарамасдан, у шаҳарни тозалаш кунида кўчаларга чиқиб, хонадонларга бепул чиқинди идишларини тарқатди. "Мақсадим одамларни аёлнинг куч-қудратига ишонтириш", дейди вилоят ҳокими Зарифа Ғаффорий.
"Мен узоқ йиллик урушлардан зада бўлган вилоятимизнинг илк ҳокимиман. Ва умид қиламанки, сўнггиси эмас. Истагим - маҳаллий ҳокимликлар ва етакчи бошқармаларда менинг ёнимда бирга ишлаётган аёлларнинг сони кўп бўлсин. Мен бу нарса бошқа Афғон хотин-қизлари учун ҳам реалликка айланишига ҳаракат қилаяпман", дейди Ғаффорий хоним.

Жавоҳир Робл - футбол ҳаками, Британия-Сомали

Сурат манбаси, .
Жавоҳир Робл Британиядаги биринчи мусулмон, қора танли, аёл, ҳижобга ўранган футбол ҳаками.
10 ёшида Сомалидан Британияга келган Жавоҳир спортга кучли меҳр қўйди, бу қизиқиш уни рефери бўлишга ундади.
Ҳозир у футбол тренерлиги ва менежменти бўйича таҳсил олмоқда.
У 2020 йили диплом олишига умид қилмоқда.
"Менинг икки орзуим бор: бир кун келиб аёллар ўртасидаги Жаҳон Чемпионати кубоги ўйинида ҳакамлик қилиш ва имкони борича кўп қизларнинг футбол ўйнай олишларига эришиш. Мен кўпроқ қизларни иштирок этишга ва рефери бўлишга чақираман", дейди Жавоҳир Робл.

Любов Собол - сиёсатчи ва жамоат арбоби, Россия

Сурат манбаси, Getty Images
Юрист Любов Собол Россиядаги коррупция даъволарини текшириш билан шуғулланади.
Ўз фаолияти натижаларини социал медиада эълон қилиб боради.
У видеоларини эълон қиладиган YouTubeдаги Навальный LIVE каналининг обуначилари сони бир миллиондан ортиқни ташкил этади.
2019 йил ёзида Любов ва бошқа мухолиф номзодларнинг Москвадаги маҳаллий сайловларда қатнашишларига изн берилмади.
Бу эса ўн минглаб ёш намойишчиларнинг норозилик чиқишларини келтириб чиқарди.
Айни мақолада X томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз X ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири X пост

Грета Тунберг - экология фаоли, Швеция

Сурат манбаси, Getty Images
2018 йил августида 15 яшар Грета Тунберг Швеция парламенти қаршисида норозилик амалиётини ўтказиш мақсадида мактабдан қолди.
Бир қизалоқнинг протести шаклида бошланган амалиёт бутун жаҳон бўйлаб иқлим ўзгаришига қарши норозиликка айланди.
Гретанинг амаллари жаҳондаги фаолларни сафарбар этди, миллионлаб инсонлар "Келажак учун Жума" деб номланган намойишларда иштирок этдилар.
Шу йил Грета қуёш энергияси билан қувватланадиган кемада Европадан АҚШга сузиб ўтди.
Ушбу қаҳрамонона саёҳат бошқаларни ҳам атмосферага чиқарилаётган карбонат ангидрид миқдорини камайтиришга рағбатлантирди.
У ўзининг Аспергер синдромига қарши қандай курашаётгани ҳақида ҳам очиқ сўзлашдан чўчимади.
"Тўғри ҳолатга қўйилганда фарқли бўлиш супер қудратга айланиши мумкин", деб айтган Грета.


Сурат манбаси, .
Болалари сабаб уй бекасига айланганига қарамасдан дипломли бўлиш учун жон-жаҳди билан интилган онасидан руҳланган Бонита Шарма маълумотли бўлди ва ватани Непалда хотин-қизларнинг билим олиши ва ҳаётда ўз ўринларини топишларига кўмакчи бўлди.
Гўдаклар ўлимини камайтириш мақсадида Бонита Nutribeads мунчоқларини ўйлаб топди. У ёш оналарга чақалоғини тўйдириш ҳақида эслатма беради. Ушбу лойиҳани ЮНЕСКОнинг Қизларнинг маориф ҳуқуқи учун Малала жамғармаси молиялади. Бунинг ортидан Бонита хотин-қизларга кўмак мақсадида Социал ўзгариш ясовчилар ва инноваторлар(SOCHAI) ташкилотига асос солди.
"Шу кеча-кундузда жаҳонда кўплаб инсоннинг ҳаёти саломатлик, таълим ва овқат тенгсизликлари боис барбод бўлмоқда. Ўзларининг оғир турмуш шароитини яхшилаш йўлида кечасию кундуз меҳнат қилаётган аёллар бор. Мен ҳар бир хотин-қизнинг бирор бир таҳқирлашга учрамасдан, ўз имкониятларини ҳаётга татбиқ қила олишларини истайман. Аёллар, бардам бўлинг! Аёллар лидерлик қиладиган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар вақти келмоқда", дейди Бонита.


Ража Мезиане - қўшиқчи, Жазоир
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Жазоирлик қўшиқчи Ража Мезианенинг YouTubeда эълон қилган "Allo le Système!" деб номланган қўшиғи 35 миллион мартадан кўп томоша қилинди.
У ўз қўшиқларида Жазоир ҳукуматини танқид қилади, ватанидаги ижтимоий тенгсизлик ва порахўрликни қоралайди.
Қўшиқларининг мазмуни туфайли Ража Мезиане мамлакатини тарк этишга мажбур бўлди.
У ҳозир Прагада яшайди.
Жазоирнинг йирик шаҳарларида 2019 йилнинг февралидан апрелигача йирик норозилик намойишлари уюштирилди, бунинг натижасида мамлакатни 20 йилдан буён бошқариб келган ва яна ўз номзодини президентлик сайловида илгари суришни режалаган кекса бемор президент Абделазиз Бутефлика истеъфога чиқишга мажбур бўлди.
Ража Мезиане норозилик чиқишларини фаол қўллаб-қувватлади.

Александрия Оказио-Кортес - Конгресс аъзоси, АҚШ

Сурат манбаси, Ole Jensen
29 яшар Александрия Оказио-Кортез Америка Қўшма Штатлари Конгрессида фаолият юритган энг ёш аёл бўлди. У Нью-Йорк Бронксида ўсиб-улғайган, 2016 йилги президентлик сайловида кўнгилли сифатида қатнашган эди.
Барча устунликларга эгалигига қарамасдан, ветеран конгрессмен 2018 йил июнидаги праймеризда Александрияга ютқазди. Ўшандан буён уни кўпчилик Демократик Партия келажаги деб кўрадиган бўлди. Унинг рамзи бежиз танланмаган - у қасамёд маросимига қизил лаб бўёғи ва халқа танлади. "Кейинги сафар кимдир бронкслик қизга, халқангни еч, деганида у, мен конресвумандек кийинганман, деб айтолади", деган у.
"Биз орамиздан бирор киши ҳам ортда қолиб кетмайдиган келажак учун курашмоқдамиз. Агар кимдир қора танли аёлнинг, трансаёлнинг, иммигрант аёл рўпара келган масала ҳақида гапиришни истамас, биз ундай одамга савол беришимиз керак: "Бу ҳақда гапиришдан сизни нима қайтаради? Нега бу ҳақда гапиришдан чўчийсиз?" Бу нарса шахс масаласи эмас, адолат масаласи. Ҳар бир инсон адолатли муносабатга лойиқдир", дейди Александрия Оказио-Кортез.

Отим Пелтиер - Бош Сув комиссари, Канада

Сурат манбаси, .
Отим Пелтиер 8 ёшлигидан Канададаги тубжой аҳоли учун тоза ичимлик сувини таъминлаш мақсадида кампания уюштириб келади.
Бу йил у 14 га кирди ва уни Анишинабек миллатининг Бош Сув комиссари этиб сайланди.
Бундан олдин Отимнинг катта бувиси Жозефин Мандамин бу лавозимни эгаллаган эди.
"Кун келиб мен аждодга айланаман. Ўшанда эвара-чеварам тоза ичимлик сувидан ичолсинлар ва менинг шу йўлда курашганимни билсинлар, уларда келажак истиқболи бўлсин", дейди Отим Пелтиер.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














