Ўзбекистон ҳукумати қандай қилиб ўз деҳқонларини ночор аҳволга солиб қўймоқда?

"Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой, ҳам қудратли бўлади", деган Президент Шавкат Мирзиёев.
Аммо давлатнинг айрим қарорлари халқнинг бойишига тўсқинлик қилиши мумкинлиги ҳақида хавотирлар янграмоқда.
Мисол учун, "четга чиқармай турсак, ўзимизда мева-сабзавот арзон бўлади" деган мантиқ билан экспортга чеклов киритилса, ва бунинг оқибатида деҳқоннинг ўз маблағи ва бир неча ойлик меҳнати билан етиштирилган ҳосили нобуд бўлиши борасида фикрлар бор.
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистон: Келаётган совуқ пиёз ҳосилини хавф остида қолдириши мумкин, аммо бозор бундан ютади – экспертлар
- Мирзиёев аҳолига яна 60 минг гектар ер тарқатмоқчи, ёшларни деҳқончиликка ўқитмоқчи
- Ўзбекистон: И-е, сомсанинг пиёзи қани ёки топган гул, топмаган бир боғ пиёз - нарх ошиши қанчалик жиддий?
- Толибон қураётган канал Ўзбекистонни оғир аҳволга соладими?
Шу кунларда Сурхондарё вилояти деҳқонлари худди шундай қийин аҳволга тушганлар: 1 кг пиёзнинг нархи 500 сўм, ҳатто 300 сўмга ҳам тушиб кетди.
"Ҳар йили шундай бўлади", дейди деновлик Равшан ака.
"Сурхондарё жанубда жойлашгани учун пиёз Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларига қараганда барвақт етилади. Эртаги пиёз ҳосилини тезроқ олиб чиқиб, сотиб, даромад кўришга ҳаракат қиламиз. Аммо ҳосилни энди машинага юклаб, чегарага борганимизда қайтаришади: "мумкин эмас". Нега? Ким бундай буйруқ берган? Тушунтиришмайди", дейди деҳқон.
"Лўпон қишлоғидаги қариндошимизнинг бу йилги пиёзи, лоф бўлса ҳам, одамнинг бошидай катта бўлди. Лекин мана далада ётипти", дейди Абдуқаюм ака.
"Одамлар ўтган йил охирида ўзининг машинасини сотиб ҳам уруғлик пиёз сотиб олган эди. Мана пулига ҳам, бир неча ойлик меҳнатига ҳам куйиб қолди. Килосини 700 га бўлсаям сотолганидан хурсандлар бор", дейди у.

Сурат манбаси, official
Пайҳон учун экиладиган пиёз

Би-би-си Сурхондарё вилоят ҳокимлигининг ахборот хизмати раҳбари Муродбек Давлатовга, вилоятдан мева-сабзавот олиб чиқиш тақиқланганми, деган саволни берди.
"Ҳеч қандай чеклов йўқ", деди Муродбек Давлатов.
Пиёз эккан сурхондарёлик деҳқонлар "куйиб" қолиши биринчи марта кузатилаётгани йўқ.
2019, 2021 йиллари ҳам об-ҳаво шароити туфайли эртаги пиёз Қозоғистон пиёзи билан бир вақтда етилган, кўпинча ўртадаги 20 кунлик фарқдан даромад топиб келган деновлик ва қумғўрғонлик деҳқонлар 700 сўмга сотгандан кўра гектарлаб майдондаги пиёзларини ҳайдаб ташлашни афзал кўрган эдилар.
Шу йил февралида даладаги эртаги пиёзни совуқ уриши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар тарқалди, бутун мамлакат омборларида йирик миқдорда пиёз сақланаётгани ва шунинг ҳам нархи паст бўлиб қолаётгани айтилган эди.
Айрим таҳлилчилар фикрича, ҳосилни совуқ уриши мумкинлиги ҳақидаги хабар раҳбарларни "ички бозорни тўлдириб турайлик, акс ҳолда мамлакатда қимматчилик юзага келиши мумкин" деган хавотирда чора кўришга ундаган бўлиши мумкин.
Ўзбекистон ўз экспортига ўзи зарба ураяпти

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 14 майдаги минимал экспорт нархлари ҳақидаги тавсияси ана шундай талқинларга етаклаяпти.
Ҳукуматнинг ушбу қарорини Шарқий Европа, Марказий Осиё ва Кавказдаги мева-сабзавот бозорини ўрганиб борадиган EastFruit халқаро ахборот-таҳлилий портали таҳлил қилди ва Ўзбекистон ўзининг мева-сабзавот экспортига ўзи зарба бераяпти деб ёзди.
"Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, бундай қарорлар ҳеч қандай ижобий натижаларга олиб келмайди. Авваламбор, бундай қарор маҳсулотини сотиш имкониятлари тораядиган кичик экспортчиларга зарба бўлади. Бу эса ўз навбатида маҳсулот етиштириш борасидаги инвестицияларга қизиқишни пасайтиради ва йирик тизимли импортчилар учун мамлакат жозибасини камайтиради. Чунки бундай "қўл бошқарувида" узоқ муддатли ҳамкорлик бўйича битим тузиш ҳаддан зиёд рискли бўлиб қолади", деб ёзди EastFruit.
Би-би-си ҳукумат мева-сабзавот экспорти бўйича нега бундай қарор қабул қилди, деган савол билан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, республика Божхона қўмитасига мурожаат қилди, аммо ушбу масъул идоралар вакилларидан ҳозирча муносабат ололмади.
Савдо-саноат палатаси мулозимларидан бири ўзаро суҳбатда "биз Кабминдан қандай буйруқ келса, бажарамиз" дейиш билан чекланди.
Маҳаллий одамлар ва таҳлилчилар деҳқон ёки боғбонни иқтисодий зарар кўрадиган даражагача бориб қолишига сабаб бўлаётган икки омилни тилга оладилар.
Деҳқонга "кун бермас" олибсотарлар
Биринчиси, олибсотарлар ёки ўртакашлар.
Уларни бир неча йил олдин Би-би-си билан суҳбатда таниқли фахрий журналист Шароф Убайдуллаев "бозор мафияси" деб атаган эди.
Тўғри, ўтган йиллар давомида бу борадаги вазият ўзгармадими, деган савол ўртага чиқади.
Ўртакашларнинг маблағи кўп, мева-сабзавотни узоқ вақт сақлайдиган катта-катта омборларга ҳам эгалар.
Улар бозор остонасигача етиб борган ёки ҳали даласидаги ҳосилини йиғиб олмаган деҳқоннинг мева-сабзавотини улгуржи сув текин нархда сотиб оладилар.
Бозордаги бошқа сотувчиларга "нархни пасайтирма" деб зуғум ҳам ўтказишлари айтилади.
Бундан мақсад - бозордаги нарх-наво уларнинг мўлжалидаги даромаддан тушиб кетмаслиги.
Бугун 500 ёки 700 сўмга сотиб олган пиёзини бир неча ой ўтганидан кейин 2000 сўмдан бозорга олиб чиқади.
Агар ана шу олибсотарлар бўлмаса, Ўзбекистон бозорларидаги нарх-наво янада ҳам арзон бўларди, дейди айрим иқтисодий таҳлилчилар.
100 миллиард долларлик салоҳият

Президент Мирзиёев раҳбарликка келганидан кейин пахта Ўзбекистон учун даромадли соҳа эмаслигини тан олди, экин майдонларини пахтадан кўра мева-сабзавот, бошқа - жаҳон бозорида ҳам сотиб, мамлакат ғазнасига долларда яхшигина тушум келтириши мумкин ўсимликларга ажратиш афзалроқ деган сиёсатни тутди.
Бироқ Ўзбекистоннинг мева-сабзавот экспорти асосий "жилови"ни яна олибсотар ёки ўртакашлар қўлига олди, деган хавотир юзага келган.
"Виждонсиз экспортчилар" муаммосини Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи ҳам тан олган, Россияга хурмо олиб борган экспортчи қутининг устига хурмо, тагига шолғом, гилос қутиси тепасига йиригини, остига майдаларини юклаган.
Бунинг оқибатида Россия бозорларида Ўзбекистондан олиб борилган мева-сабзавотга, демакки бутун экспортга шубҳа пайдо бўлган.
Шунингдек, "тепада" "очкўз катталар"нинг лоббиси борлиги, экспорт чекловлари айни ана ўшаларнинг манфаатини кўзлаб қилинаяпти, деган тахминлар ҳам билдирилади, аммо бу фаразларни асослаш имконсиз.
Ўзбекистонлик таниқли иқтисодий таҳлилчи Анвар Ҳусаинов узоқ йиллардан буён "Ўзбекистон пахтадан воз кечиши керак, аксинча мева-сабзавот экспортидан йилига 100 миллиард доллар даромад топиш салоҳиятига эга", деб келади.
Қудратга келганидан кейин Президент Шавкат Мирзиёев шу мақсаддаги сиёсатни бошлаган, аммо охирги йиллардаги таҳлил Ўзбекистондан мева-сабзавот экспорти ортмаётганини кўрсатади.
EastFruit таҳлилига кўра, ўтган 2023 йили Ўзбекистондан янги узилган, музлатилган ва қуритилган мева-сабзавот экспорти 2022 йилдагидан ҳам пасайган, 777 миллион долларни ташкил этган.
"Амалдорлар ўз ҳисоботларида юқорироқ рақамларни кўрсатишаяпти, бунда мева ҳамда сабзавот экспортининг ичига дуккакли ўсимликларни ҳам киритишаяпти. Ваҳоланки, дон ва дуккакли экинлар экспорти алоҳида бўлмоғи лозим", деб ёзади ахборот-таҳлилий портали.
"Комсомолча ишлаш"
Ўзбекистонда ҳар йили тонна-тонна пиёзу қовун-тарвуз чириб кетиши, экспорт ортиши ўрнига тушиб кетиб кетаётгани иккинчи сабаби - ёндашув ҳамон Совет замонидаги маъмурий-буйруқбозлик услубида қолаётганида, дейишади кўплаб таҳлилчилар.
14 майдаги ҳукумат қарори бунга яққол мисол сифатида эслатилади: яъни қайси бизнес ёки маркетинг талаблари таҳлилига асосланиб бундай минимал нархлар белгиланди, жамоатчиликка ҳисобот берилаётгани йўқ, деб айтилади.
Ковид пандемияси вақти Ўзбекистонда озиқ-овқат захиралари омборлари ташкил этилган ва фавқулодда вазиятда озиқ-овқат таъминотини муваффақиятли йўлга қўйиш имконли экани исботланган.
Таҳлилчиларга кўра, худди ўша тажриба асосида туман ёки вилоятларда қанча пиёз-картошка экилаяпти, қанчасини ўзимизда қолдириб, қанчасини четга сотишимиз мумкин, деган мушоҳада билан иш кўриш мумкин.
Шунда, ҳеч бўлмаса, ҳосил чириб кетишининг олдини олса бўлади, деган фикрни айтишади биз гаплашган деҳқонлар ва мутахассислар.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002















