Ўзбекистон: Мирзиёев аҳолига яна 60 минг гектар ер тарқатмоқчи, ёшларни деҳқончиликка ўқитмоқчи

Сурат манбаси, BBC Uzbek
Президент Шавкат Мирзиёев аввал ажратилган 200 минг гектарга қўшимча яна 60 минг гектар ерни аҳолига тарқатиб беришга ва деҳқонларга 100 миллион сўмгача гаровсиз кредит беришга топшириқ берган. Мақсад — мева-сабзавот етиштиришни кўпайтириш.
Янги деҳқончилик мавсуми бошланиши арафасида президент видеоселектор ўтказиб, қишлоқ хўжалигида унумдорлик ва манфаатдорликни ошириш чоралари бўйича кўрсатмалар берган.
Йиғилишда давлат раҳбари мева-сабзавот етиштириш ва экспортини ошириш мақсадида аҳолига яна 60 гектар ер тарқатиш қарорини олганини маълум қилган.
Президент бунинг ортидан 1,5 миллион тонна қўшимча маҳсулот олиниши ва экспортнинг яна 200 миллион долларга ошишидан умид билдирган.
Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, Мирзиёев ёшларни деҳқончиликка ўқитиш ва мазкур ажратилаётган ерларда банд қилиш муҳимлигини ҳам таъкидлаган.
12 февраль куни ўтган йиғилишда томорқаларда кооперация асосида маҳсулот етиштириш қўллаб-қувватланиши, бу мақсадларга 100 миллион сўмгача гаровсиз, 150 миллион сўмгача гаров таъминоти пасайтирилган ҳолда имтиёзли кредитлар тақдим этилиши маълум қилинган.
Мирзиёев, шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этувчи чорвачиликка ҳам тўхталиб ўтган.
У чорва комплекси ташкил қилиш, қорамол олиш, омихта-ем чиқариш учун миллий валютада 17 фоиздан 3 йил имтиёзли давр билан 10 йилга кредит берилишини айтган.
Президентнинг сўзларига кўра, гўшт, тухум ва сут ишлаб чиқаришни кенгайтиришни кўзлаган бу кредитни молиялаштириш учун 315 миллион доллар маблағ ажратилади.
"Чорва хўжаликларини айланма маблағ билан таъминлашга ҳам 1 триллион сўм имтиёзли кредит йўналтирилади. Унинг 18 фоиздан ошган қисми Тадбиркорлик жамғармасидан қоплаб берилади", дея хабар қилган президент матбуот хизмати 12 февралдаги йиғилишдан.
Шавкат Мирзиёев 2022 йил сентябрида 2023 йил охиригача аҳолига қарийб 200 минг гектарга яқин ер тарқатишни кўзда тутувчи қарорга имзо чеккан эди.
Қарорда пахта ва ғалладан қисқартирилган 195 минг гектардан зиёд экин майдони очиқ электрон танлов асосида одамларга 30 йилга ижарага берилиши белгилаб қўйилган.
Алоқадор мавзулар:
Рекорд ҳосиллар

Сурат манбаси, Prezident matbuot xizmati
Мирзиёевнинг қишлоқ хўжалиги масалаларига доир йиғилиши иқлим ўзгариши оқибатларининг мазкур соҳа ривожига салбий таъсир кучайиши эҳтимолидан хавотирлар ортган бир вақтда ўтказилган.
Масалан, ўтган йили Жаҳон Банки 2030 йилга бориб камида 8 миллион ўзбекистонлик иқлим ўзгаришидан энг қаттиқ жабр кўриш хатари юқори ҳудудларда яшай бошлашидан огоҳлантирган эди.
Ташкилотнинг айни ҳисоботида Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги асосий тириклик манбаи бўлганидан, иқлим ўзгариши таъсирини одамлар, энг аввало, деҳқончилик ва чорвачиликда ҳис этишини таъкидланганди.

Экспертларнинг сўзларига кўра, чорва молларини пала-партиш ўтлатиш туфайли яйловларнинг катта қисми ҳам яроқсиз аҳволга тушган, ем-хашак базасини яратишга етарли эътибор қаратилмаганидан озуқа етишмовчилиги юзага келган.
"Ўзбекистонда яйловларнинг умумий майдони 20 миллион гектар атрофида бўлса, бугун шуларнинг 80 фоизга яқини сувсизлик, тартибсиз фойдаланиш туфайли таназзулга юзга тутган", деган эди ўтган йил сентябрида Би-би-си билан гаплашган Чорвачилик ва паррандачилик илмий тадқиқот институти бўлим бошлиғи Ҳусанжон Ғиёсов.
12 февраль кунги мажлисда ҳам президент Шавкат Мирзиёев сувни тежаш ва тупроқ унумдорлигини ошириш масалаларига яна бир бор тўхталиб ўтган.
У маҳаллий раҳбарларни каналларни бетонлаш ишларида сусткашликка йўл қўйишда танқид қилган.
"75 та йирик канални бетонлашга бюджетдан 680 миллиард сўм ажратилган. Асосий мақсад энг кўп сув йўқотиладиган каналларни суғориш даври бошланишигача бетонлашдан иборат. Лекин, Қашқадарёдаги лойиҳаси тайёр 9 та канални бетон қопламага ўтказиш ишлари бор-йўғи 34 фоизга бажарилган. Ёки, Сирдарёдаги 3 та каналда бетонлаш бўйича бажарилган ишлар 10 фоизга ҳам етмайди", хабар қилган президент матбуот хизмати.
Шунингдек, бу йил 127 минг гектарда тупроқ унумдорлигини ошириш ва 677 минг гектар яйловларни деградациядан чиқариш бўйича янги дастур амалга оширилиши маълум қилинган.
Қишлоқ хўжалигида муаммолар жиддийлигига қарамай, Мирзиёев ўтган йили пахта ва ғалладан рекорд даражадаги натижа - мос равишда, 3,7 миллион тонна ва 8 миллион тонна ҳосил олинганини эълон қилган.
Бироқ расмий хабарда миллионлик ҳосилларни олиш учун "ўғит ҳам, ёқилғи ҳам, сув ҳам" илғор мамлакатларга қараганда "икки карра кўп ишлатилиши" тилга олинган.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.















