Ўзбекистон: Адлия вазири конституция нормасини буздими - aдвокатлар нимадан норози? Yangiliklar

Сурат манбаси, Adliya.uz
Ўзбекистон Адлия вазири нодавлат ташкилоти ишига аралашиб, Ўзбекистон Республикаси конституциясини бузгани айтилмоқда. Вазирлик сукут сақламоқда.
Адвокат Абдумалик Абдуллаевнинг ёзишича, 18 ноябр куни ўтган Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг IV конференциясида Адлия вазири Акбар Тошқулов ҳам иштирок этган.
"Очиқдан-очиқ Конституция нормалари бузилди. Яъни Адлия вазири йиғилганлар қаршисида Адвокатлар паталаси раислигига номзодини тўғридан тўғри тақдим этди ва шу номзод делегатлар томонидан сайланди", деб ёзади Абдумалик Абдуллаев.
Адвокатнинг таъкидлашича, бу билан Адлия вазири Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 72-моддаси 2-қисмидаги "Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига аралашишига йўл қўйилмайди", - деган ҳамда 141-моддаси 2-қисмидаги "Адвокатура фаолияти қонунийлик, мустақиллик ва ўзини ўзи бошқариш принципларига асосланади.", - деган талабларини очиқдан очиқ бузган.
Абдуллаевнинг кўра, мазкур ҳолат конференция баённомасининг Адлия вазирлиги аралашувига оид қисмини ҳақиқий эмас, деб топилишига сабаб бўлиши мумкин.
Адвокатнинг Би-би-сига айтишича, бир гуруҳ делегатлар вазир устидан судга мурожаат қилишни мақсад қилган.

Ҳозирча ҳуқуқий оқибат келтирадиган расмий ҳужжат бўлмиш конференциянинг баённомасини адвокатларга тақдим қилишмаган.
"Бу ҳужжатнинг нусхасини олиб, судга мурожаат қилмоқчи бўлиб турибмиз", дейди у.
Би-би-си ҳолатга муносабат беришни сўраб Адлия вазирлигига мурожаат қилди. Аммо вазирлик матбуот хизмати Би-би-сининг сўровига ҳозирча жавоб бергани йўқ.
Шунингдек, адвокатлар палатаси раҳбарияти билан боғланиш уринишлари ҳам самара бермади.
Кузатувчиларга кўра, вазир адвокатлар палатаси раислигига номзод кўрсатишда 1996 йили қабул қилинган "Адвокатура тўғрисида" қонунига амал қилган бўлиши мумкин.
Қонунга кўра, адвокатлар палатасининг раиси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг тақдимномасига биноан сайланиши кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси қонунчилик маълумотлари милий базаси lex.uz ушбу қонун моддаси ҳали ўзгартирилмаганини кўриш мумкин.
Масъуллар нима учун конституцияга зид қонун ҳамон амал қилаётганига изоҳ беришмаган.
"Бу қонунга ўзгартириш киритилиши керак. Қўшимча ўзгартириш киритиш масаласини Адлия вазирлиги лойиҳасини ишлаб чиқаётган бўлса керак. Менинг бундан хабарим йўқ лекин", дейди Абумалик Абдуллаев.
Янги таҳрирдаги Конституцияда адвокатура ҳақида алоҳида боб киритилиб, адвокатлик мақоми алоҳида мустаҳкамлаб қўйилгани айтилганди.
Унга кўра, энди адвокатлар ҳам судя ва прокурорлар билан тенг мақомда бўлиши таъкидланганди. Амалда бу жараён қандай бўляпти?
"Адвокатуранинг ичида юриб, силжишлар йўқ деб айтолмайман. Силжишлар бор ҳақиқатдан ҳам. Суд жараёнларида адвокатларнинг эшитилиши, прокурорлар билан тенг тортишув принципларида адвокатларнинг илтимосномалари қаноатлантирилиши, адвокатларнинг шикоятлари қаноатлантирилиши жараёнлари бўйича ўзгаришлар йўқ, деб айтолмайман. Бор, буни тан олиш керак. Камчиликлар бўлса, унинг устида ишланяпти", дейди Абдумалик Абдуллаев.
Баҳсли лойиҳа
Адвокатлар палатаси ҳали раисини алмаштиришдан олдин "Адвокатнинг касб этикаси қоидалари" янги таҳрир лойиҳасини тақдим қилганди.
Лойиҳанинг таклиф этилган 55-бандига кўра, «Адвокат оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларини муҳокама қилмаслик, уларга нисбатан ахлоққа зид ибораларни ишлатмаслик, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга нисбатан одамларда ишончсизлик кайфиятини юзага келтириши мумкин бўлган материалларни жойлаштирмаслиги лозим».
Gazeta.uzнинг ёзишича, палатанинг мазкур банд учун берган изоҳида "адвокатлар бугунги кунда ижтимоий тармоқларда фаол ва бу фаоллик аксарият ҳолларда ҳокимият вакилларининг қонуний хатти-ҳаракталарини танқидий мухокама қилиш, фуқароларда давлатга ва амалга оширилаётган ислоҳотларга нисбатан ишончсизлик ҳолатини келтириб чиқариш ҳам учрамоқда" дейилган.
"Мазкур вазиятлар кескинлашиб, халқнинг ноқонуний митинглар уюштириши, аҳоли тинчлиги бузилишига ҳам сабаб бўлмоқда. Шу боисдан, уларнинг ОАВ ва ижтимоий тармоқлардаги хулқ-атвор қоидаларини белгилаб бериш мақсадга мувофиқ", - дейилган тушунтириш хатида.
Адвокат Саидали Мухторалиев ушбу бандни адвокатура соҳасини жарликка улоқтириш учун қўйилган қадам деб баҳолаган.
"Адвокат давлат органининг мансабдор шахси ноқонуний ҳаракат қилса ҳам, у ҳақида ОАВда ёки ижтимоий тармоқда лом-мим деёлмас экан. Булар адвокатни сўз ва фикр эркинлигидан маҳрум қилиб, адвокатура соҳасини жарликка улоқтирмоқчи. Даҳшат!!!" - деб ёзган юрист Саидали Мухторалиев.
Адвокатларнинг фаол қаршилигидан сўнг ушбу лойиҳа адвокатлар конференциясида кун тартибидан олиб ташланган.
"Муҳокамадан олиб ташлангани эски таҳрирда қолишини англатади. Бу ерда касб этика қоидалари бўйича, таҳлил, умумлаштиришлар қилиниб, қайси қоидалар касб-этика қоидаларига киритилиши-киритилмаслиги янги таҳрирга қўшимча киритиш масаласи ҳозир кун тартибидан йўқ. Яқин келажакда бўлмаса, ҳозирги кунда бу муҳокамада йўқ", дейди адвокат Абдумалик Абдуллаев.
Адвокатлар палатаси Ўзбекистон Республикаси барча адвокатларининг мажбурий аъзолигига асосланган нотижорат ташкилотидир. Айни дамда унинг аъзолари 5 мингдан ортиқ.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













