Янгиликлар: kompromatuzb иши бўйича ҳукм, АҚШ қўмондони Тошкентда - Россия ҳозирча жим ва Рамзан Қодиров нега сарлавҳаларга чиқди O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

Jurnalistlar

Сурат манбаси, facebook

Сурат тагсўзи, Олий Суд Матбуот Хизмати хабарига кўра, маҳкамага тортилган журналистларга 3 йилдан 7 йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум этиш жазолари тайинланган.

Дунёда нима гап?

Алоқадор мавзулар

Ҳукм

Олий Суд Матбуот Хизмати хабарига кўра, маҳкамага тортилган журналистларга 3 йилдан 7 йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум этиш жазолари тайинланган.

Хусусан, журналистлар Хуршид Далиев ва Сиёвуш Ҳошимовларга 7 йилгача озодликдан маҳрум этилган.

Мавжуда Мирзаевага 5 юлгача озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Аҳмадулло Аҳмаджонов эса 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм этилган.

Улар, хусусан, товламачилик, туҳмат, солиқлардан бўйин товлаш ва ноқонуний даромадларни легаллаштиришга оид айбловларга юз тутишганди.

Шунингдек, баъзи судланувчиларга жиноят ҳақида билиб туриб хабар бермаслик ва тери-таносил касалликларини бошқалар юқтиришга доир айбловлари қўйилгани хабар берилган.

Маҳкама жараёни Тошкентнинг Шайҳонтоҳур туманида ёпиқ тарзда ўтказилган.

Ташриф

O'zbekiston Mudofaa vaziri va AQSh qo'mondoni

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони Ўзбекистонга илк ташрифи чоғида "Ўзбекистонни минтақа етакчиси"га нисбат берган. "Ўзбекистоннинг хавфсизлиги - минтақа хавфсизлиги" эканини таъкидлаган

АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони Тошкентда.

Бу ҳақда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги расман хабар берди.

Аммо Ўзбекистон томонининг расмий хабарида ташриф сабаби очиқланмаган.

Маълум бўлишича, генерал Майкл Куриллани Ўзбекистон Мудофаа вазири қабул қилган.

Ўзбекистон Мудофаа вазири икки давлат ўртасида мудофаа соҳасида ўрнатилган дўстона муносабатларнинг йилдан-йилга мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлаган.

Томонлар ҳарбий соҳада эришилган ютуқлар ва келгусида амалга оширилиши режалаштирилаётган масалалар борасида ҳам ҳамкорликни давом эттириш имкониятларини кўриб чиқишган.

Лекин расмий хабарда бундан ортиқ тафсилотлар берилмаган.

Бу АҚШ юқори мартабали қўмондонининг Ўзбекистонга илк сафари эмас.

Генерал Майкл Курилла ўтган йил ёзида ҳам Ўзбекистонга келган.

Ўзининг илк ташрифи доирасида у Ўзбекистон Мудофаа вазиридан ташқари президент Шавкат Мирзиёев ва Хавфсизлик Кенгаши котиби билан ҳам кўришган.

АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони ўша ташрифи чоғида "Ўзбекистонни минтақа етакчиси"га нисбат берган.

"Ўзбекистоннинг хавфсизлиги - минтақа хавфсизлиги" эканини таъкидлаганди.

Харита
Сурат тагсўзи, Аксарият давлатлари ҳозир Толибон назорати остида бўлган Афғонистонга чегарадош Марказий Осиё эса, Россия, АҚШ ва Хитой мисолида дунёнинг глобал геосиёсий, геоиқтисодий ва ядровий қудратлари манфаатлари тўқнашган минтақалардан бири бўлади

АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондонининг ҳар икки сафари ҳам Россия Украинада олиб бораётган уруш ва худди шу уруш фонида Россия баробарида қудратли Хитой ва Ғарб ҳам Марказий Осиёга ҳар томонлама яқинлашиш ҳаракатида бўлган бир пайтда амалга ошган.

Генерал Майкл Курилланинг бу галги ташрифи яна АҚШ ва Марказий Осиё лидерларининг Нью-Йоркдаги С5+1 форматидаги илк саммити ва юзма-юз мулоқотларидан қисқа вақт ўтмай амалга ошаётгани билан ҳам эътиборга тушган.

Худди шу саммит арафасида Американинг нуфузли Forbs журналида чоп этилган ва Шавкат Мирзиёевга йўллангани айтилган мактубида АҚШ президенти Жо Байден ўтган бир йил давомида Ўзбекистон билан ҳамкорликларини "янги чўққиларга кўтарганлик"ларини таъкидлаган.

Хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва минтақавий муаммоларни биргаликда ҳал қилишни шулар сирасида тилга олганди.

Аксарият давлатлари ҳозир Толибон назорати остида бўлган Афғонистонга чегарадош Марказий Осиё эса, Россия, АҚШ ва Хитой мисолида дунёнинг глобал геосиёсий, геоиқтисодий ва ядровий қудратлари манфаатлари тўқнашган минтақалардан бири бўлади.

Ҳозир Афғонистонда НАТО ёки АҚШ бошчилигидаги иттифоқ кучларининг бирор бир ҳозирлиги йўқ, ўзининг 20 йиллик ҳарбий иштирокидан сўнг 2021 йилнинг августида мамлакатни буткул тарк этган.

AQSh qo'mondoni

Сурат манбаси, .

АҚШ Совет Иттифоқи парчаланиши ортидан минтақанинг икки мустақил давлати - Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳудудида илк бор жойлаштиришга муваффақ бўлган ҳарбий ҳаво базаларини улар ҳукуматларининг талаби остида бундан ҳам анча аввал ёпишга мажбур бўлган.

Афғонистондан чиқиб кетиши фонида ҳарбий базаларини яна Марказий Осиёга қайтариш уринишлари ҳозирга қадар самара бермаган.

Россия Мудофаа вазири эса, НАТОни, "Шоша-пиша чиқиб кетиши ортидан Афғонистонни қайта тиклашнинг устида ишлашнинг ўрнига, турли йўллар билан Марказий Осиё минтақасида ўзининг ҳарбий ҳозирлигини тиклашга уринаётганлик"да ҳам айблаган.

Сергей Шойгу, "буни КХШТ маконида барқарорликка бевосита таҳдид", деб билишларини ҳам баён қилган.

Sergey Shoygu

Сурат манбаси, TASS/MINISTRY OF DEFENCE OF RUSSIA

Сурат тагсўзи, Сергей Шойгу "АҚШнинг Марказий Осиёдаги ҳозирлигини тиклашга уринишлари" фонида Россия ўзининг Тожикистон ва Қирғизистондаги ҳарбий базалари жанговар тайёргарлигини кучайтиришини маълум қилган

Шу йил апрель ойида Россия Мудофаа вазири Қўшма Штатлар Марказий Осиё давлатларидан ўзининг ҳарбий инфратузилмасини жойлаштиришни сўраганини айтиб чиққан.

Россия Мудофаа вазири ўшанда буни "Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти маконида барқарорликка тўғридан-тўғри таҳдид, деб ҳисоблашлари"ни айтган.

Сергей Шойгу "АҚШнинг Марказий Осиёдаги ҳозирлигини тиклашга уринишлари" фонида Россия ўзининг Тожикистон ва Қирғизистондаги ҳарбий базалари жанговар тайёргарлигини кучайтиришини маълум қилган.

Россия Мудофаа вазири, "юзага келиши мумкин бўлган таҳдидларга жавобан бошқа тезкор кучларнинг ҳарбий ҳозирлигини ҳам оширишлари"ни қўшимча қилган.

Аммо Сергей Шойгу, шундай деркан, бу айнан нималарни кўзда тутиши тафсилотларини очиқламаганди.

Россия томонининг Марказий Осиё давлатларига огоҳлантирувчи мазмундаги устма-уст баёнотларига Ғарбнинг бирор бир жиддий муносабат билан чиққани ҳалича кўрилмайди.

Аммо АҚШ ҳам яқинда минтақа давлатларини Россия тажовузидан огоҳлантирган, мамлакати улар барчасининг суверенитети, ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаш тарафдори эканини таъкидлаган.

Кимнинг иши?

Tog'li Qorabog'

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Кучли портлаш кеча, душанба куни Степанакертдаги ёқилғи омборида юз берган

Тоғли Қорабоғдаги кучли портлаш кўлами ойдинлашмоқда.

Хабарларга кўра, портлаш 20 нафар одамни ўлдирган ва яна юзлабини яралаган.

300 га яқин одам касалхонага ётқизилган, улардан ўнлабининг ҳануз "оғир аҳволда" экани айтилади.

Бу ҳақда маҳаллий армани масъуллар билдиришган.

Кучли портлаш кеча, душанба куни Степанакертдаги ёқилғи омборида юз берган.

Портлаш сабаби ҳануз маълум эмас.

Озарбайжон ўтган ҳафта Тоғли Қорабоғ устидан ўзининг суверенитетини тиклаган.

Ўшандан буён минтақадаги минглаб арманлар Арманистонга кесиб ўтишган.

Арманистон ҳукумати уларни қабул қилиш ва бошпана беришга тайёрлигини айтган.

Кучли портлаш худди шу манзарада юз берган.

Озарбайжоннинг Жанубий Кавказдаги анклави бўлган Тоғли Қорабоғда 120 мингга яқин этник арманлар яшаши айтилади.

Арманистон Бош вазирининг иддао қилишича, минтақада "этник тозалаш бошланиб кетган".

Озарбайжон Тоғли Қорабоғни "тинч йўл" билан, у ердаги этник арманларни эса, "ўз фуқароси" қаторида интеграция қилиш ниятида эканини айтиб турибди.

Бугун, сешанба куни Арманистон ва Озарбайжон вакилларининг музокаралар учун Брюсселда ҳозир бўлишлари кутилмоқда.

Бу Озарбайжоннинг ўтган ҳафтадаги ҳал қилувчи ютуғи ортидан ўтказилаётган илк музокара бўлади ва у Европа Иттифоқи томонидан дастакланган.

Хабарларга кўра, музокаралар чоғида ҳар икки томонни ҳам миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчилари намоён этишади.

Рамзан Қодиров нима қилди?

Video

Сурат манбаси, Skrinshot

Чеченистон раҳбари 15 ёшли ўғли Адам Қуръонни ёқишда айбланаётган Никита Журавелни калтаклаётгани акс этганини таъкидлаб, видео чиқарди.

Аммо видеодагилар ростдан ҳам Адам Қодиров ва Никита Журавеллар экани ҳозирча мустақил манбалар орқали тасдиқланмаган.

Би-би-си Рус хизмати суҳбатлашган юристларнинг таъкидлашларича, видеодаги калтаклашда иштирок этган шахслар, шунингдек, уни шарҳлаб, тарқатган Рамзан Қодировни Россия қонунларининг камида 9 моддаси бўйича жиноий жавобгарликка тортиш мумкин.

Қодиров эса, ўғлининг қилмишидан фахрланишини таъкидлаган.

"Бундай иғвогарлар ва хоинлар танадаги куйдириш лозим бўлган ўсимтадир", деб ёзган Чеченистон раҳбари.

Интернетда Қуръон ёқиб юборилган видео пайдо бўлиши ортидан Журавелга нисбатан жиноий иш очилган.

Тергов маълумотларига кўра, сўроқ пайтида йигит 10 минг рубль мукофот эвазига Украина махсус хизматлари кўрсатмаси билан Қуръонни ёқиб юборганини айтган.

Қуръон ёқиб юборилгандан кейин диндорларнинг ҳис-туйғуларини ҳақорат қилишда айбланиб ҳибсга олинган Никита Журавел май ойи охирида Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикиннинг шахсий буйруғи билан Чеченистонга олиб келинган.

Президент ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари кенгаши аввалроқ Никита Журавелнинг Чеченистонда қолиши хавфсиз эмаслигидан хавотир билдирган.

Август ойи охирида эса, кенгаш аъзоси Ева Меркачева Федерал жазони ижро этиш хизмати раҳбариятига Никита Журавелни Чеченистондаги тергов ҳибсхонасидан бошқа минтақадаги ФСИН муассасасига ўтказиш талаби билан мурожаат қилган.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002