Қора денгизда йирик ҳужум: Украина Россия флотига катта шикаст етказди - Янгиликлар Dunyo Yangiliklar

MIKHAIL RAZVOZHAYEV

Сурат манбаси, MIKHAIL RAZVOZHAYEV

Сурат тагсўзи, Россия ўрнатган ҳоким тарқатган суратган кема ёнаётгани акс этади.

Россия ҳукуматига кўра, Украина Россиянинг Қримдаги Қора денгиз флотига ўнта ракета ва учта ўзюрар кемалар билан ҳужум қилди.

Ҳужум оқибатида Севастополдаги кемалар тураргоҳида йирик ёнғин юзага келган ва 24 киши жароҳат олган, дейилади Россия хабарида.

Москва томонидан тайинланган ҳоким Михаил Развожаев даъво қилишича, қуролларнинг аксари тўхтатиб қолинган.

Россия ракеталар иккита кемасини шикастлаганини билдирди.

Развожаев Телеграмда тарқатган суратда у бандаргоҳда афтидан ёнаётган кема қаршисида туриб гапираётгани кўринади.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган ва Би-би-си ҳали тасдиқламаган суратларда бу ҳудудда бир нечта йирик портлашлар бўлгани акс этган.

Ракеталарнинг баъзилари Россиянинг ҳаво мудофаа тизимини ёриб ўтгани ва сезиларли зарар келтиргани Москвани хавотирга солиши тайин.

Россия мудофаа вазирлиги даъво қилишича, ракеталарнинг еттитаси уриб туширилган ва учта ўзюрар кемаларнинг бари йўқ қилинган.

Украина ҳали Қрим ҳужуми борасида шарҳ бермади.

Чоршанба тонгида Севастополь бандаргоҳи узра тутун бурқсиётганини кўриш мумкин эди.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Чоршанба тонгида Севастополь бандаргоҳи узра тутун бурқсиётганини кўриш мумкин эди.

Россия Қримни Украинадан 2014 йилда ноқонуний тарзда тортиб олган ва бу ҳужум Қора денгиз қирғоғи устидан назорат учун кураш давом этаётганидан дарак беради.

Украина яриморолни қайтариб олиш ниятини мунтазам айтиб келади.

Украина аввал ҳам Севастополь ва Қора денгиз флотини нишонга олган, аммо бу шу пайтгача қилинган энг мувофиқлаштирилган ҳужум бўляпти.

Ҳужумда айнан қандай қуроллар қўллангани борасида саволлар очиқ қоляпти - баъзи экспертлар Ғарб берган узоқ-масофали ракеталар қўлланилгани эҳтимолини тилга олишмоқда, аммо Украинада ишлаб чиқилган Нептун ракеталари ҳам ишлатилган бўлиши мумкин.

Россия Қора денгиз флотининг энг асосий кемаси бўлмиш "Москва"ни чўктиришда айнан Нептун ракеталари қўлланилганди.

Айни дамда, Россия дронлари Дунай дарёсидаги Украинанинг Измаил буғдой бандаргоҳини шикастлагани хабар қилинмоқда.

Одесса вилояти ҳокими Олех Кипер ҳужумда олти киши жароҳат олгани, ҳамда инфратизилма шикастланиб, катта ёнғин келиб чиққан.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002