Ўзбекистон ва Марказий Осиё халқларининг севимли ҳофизи вафот этди - Янгиликлар

Facebook/Archive

Сурат манбаси, Facebook/Archive

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Шуҳрати Ўзбекистон сарҳадларини ошиб Марказий Осиёнинг энг чекка ҳудудларига ҳам етиб борган, ҳақиқий халқ ҳофизи Шерали Жўраев 77 ёшида дунёни тарк этди.

Ҳофиз 1947 йил Андижоннинг Асака туманида таваллуд топган, Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти унвонига эга.

Шўролар ва кейинроқ Ислом Каримов даврида ҳам ҳам бошқа тенгдош санъаткорлари каби сиёсий фазода нисбатан "силлиқ" умргузаронлик қилмади.

Аммо Марказий Осиё халқлари учун Шерали Жўраев санъати қаршисида сиёсату сиёсатчилар бир пул эди.

Алоқадор мавзулар:

Қўшиқлари радио ва телевизионда берилмаса ҳам ҳар бир хонадонда янграб турди.

Халқлар арзандаси эди.

Ижтимоий тармоқлар кеча ва бугун Шерали Жўраев номи ва қўшиқларини яна трендга чиқарди.

Мухлислар ўз қўшиғи ва ўз ҳофизлари ҳақида хотираларини улашмоқда.

Faiziddin Mu'min

"Энди инсон қадри ҳам аввалгиларга ўхшамас...

Ўшанда энди биринчи синфда эдим шекили. Оқ қора телвизоримиз бор эди. Бир куни кечқурун салла чопон кийган озғин киши тор ушлаб қўшиқ айтмоқда, уйдаги катталар берилиб тингламоқда. Ўша одам Шерали Жўраев экан, ўша бўйи экранда бошқа кўрмадим. Кейин ўқишга тайёрланиб юрганимда 2000чи йил ёзда " Гулбадан" қўшиғи ҳамма жойда қўйиларди, бозорда варанглатиб қўйишарди. Шерали Жўраев йўқолиб кетган деб ўйласам ҳалиям бор экан. Ўқишга топширишга кетаётганда жигули шофёри тоғамнинг ўртоғи йўл бўйи Шералини қўйиб кетган. Перевалдан кетяпмиз, Қамчиқ довонидан ўтяпмиз ҳофизнинг —

Бу жаҳонда дўст йўқ деб қилма оҳ, қилма хитоб,

Дўстни топ ҳам Ҳақни топгин, Тангри берган бир Китоб,

Ҳақни тосанг дўстни топдинг, дўст қидирсанг Ҳақни топ,

Зарра имконинг бўса бир ғариб кўнглини топ — деган ноларари янграмоқда, юрак жизз этиб кетган. Тоғнинг салқин шабодаси ойнадан урмоқда, у пайтда ҳали четга чиқмаганмиз, гўёки Швецария тоғларидан ўтаётгандек ҳаяжонли ҳиссиётлар бўлган. Шерали Жўраев ана шу ҳиссиётлар билан хотирамда қолган эди.

Мана ундан кейин ҳам 23 йил умр кўрибди. Эшитишимча ҳофиз доим таҳоратли юрган ва кундалик зикр вирдларига маҳкам турган экан.

Шерали Жўраев

Сурат манбаси, Screenshot

Аллоҳ раҳмат қилсин, хато-нуқсонларини Аллоҳ кечирсин, ҳисобини енгил қилсин..."

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Shahnoza Soatova

"Ўлтирур"ни мен Бобур ғазали билан куйланган қўшиқ деб ўйлардим. Уни Шерали Жўраев ўзи ёзган экан. Мумтоз бир асар бўлган.

Қўшиқда сув бўйида сочини ёйиб ёрини кутиб ўтирган соҳибжамол ҳолати тасвирланган. Худди мусаввирнинг дурдона санъат асари кўз олдингизга келади.Беҳзод миниатюраларидан тортиб Тицианнинг "Кўзгу қаршисидаги аёл"игача.

... Ул санамнинг суйгани келмасмикан

Ёки они кутганин билмасмикан

Ул санамнинг суйгани бизмасмикан

Деб бу ёнда қанча сарсон ўлтирур...

Шерали Жўраев Сўз билан, куй билан тасвир ярата оладиган, уни кўз олдингизда худди сув юзида қалққан аксдек чизиб бера оладиган ноёб даҳо эди. Шунчаки ҳофиз эмасди. Ундан каттароқ, миқёслироқ шахс эди.

Шерали ҳофизни тушуниш, севиш ва тинглаш учун қалбда алоҳида бир тор керак. Муҳрим телеграм каналида Шералини тинглагани учун дўстлари ҳазиллашиб "чол" дейишганини ёзибди. Чиндан ҳам Шералини тушуниш учун худди мўйсафидлардек ҳаётни кўриш, туртилиш, йиқилиш пешонадаги ғурралардан хулосалар чиқариш, яна ааанча китоб ўқиш, файласуф бўлиш керак. Саводли бўлиш, олим бўлиш кифоя эмас. Лекин кимдир 10 ёшида шундай "мўйсафид идроки"га, кимдир эса 50 ёшида ё балки ундан кейинроқ эга бўлади. Лекин ҳар бир ўзбек бир куни Шералини тинглаб мазза қиладиган кунга келади, албатта!

Бугун биз тарихни адиб, бастакор ва рассомлар орқали тасаввур қилаётганимиздек, давр келиб фоноархивлар ҳам қўлёзмалар каби ноёб манбаларга аланганида, хооов ўша узоқ келажакда бизнинг давр кишиси ҳақида Шерали Жўраевни тинглаб хулоса қилсалар керак. 20-асрнинг 70-йилларидан 21-аср

20-йилларигача оралиқда яшаган зиёлининг портретини чизишда Шерали Жўраев ижодига таянишади, Шералини тинглаган, тушунган ва севган одамларни зиёли дейишади. Менимча...

Қолган майда гаплар эса унутилиб кетади. Бешак!

Шундай бир феномен эди раҳматлик.

Жойлари Жаннатда бўлсин."

Screenshot

Сурат манбаси, Screenshot

Kamoliddin Rabbimov

"Шерали Жўраев ҳар доим менга, энг аввало акаларим (амакиларим) ва отамни эслатарди. Акаларим, отам Шерали Жўраевнинг мухлислари эди. Йиллар ўтиб, ёшим 25-30 дан кейин, мени ўзим ҳам Шерали Жўраевни тушуниб бошладим. Кейинчалик сиёсатшунос сифатида, Шерали Жўраевнинг қўшиқларида ўзбек этнопсихологиясига хос фундаментал қарашлар, хусусиятлар, ғам-ғуссалар, армон ва орзулар жуда кучли ифодаланганлигини ҳис қилиб бошладим. Ҳар бир миллатнинг қўшиқлар орқали ифодаланган руҳий олами бўлади. Ўзбек руҳиятининг қўшиқ-оҳанг салтанати, анча бой. Ва шу руҳий дунёни бойишида, Шерали Жўраевнинг ўрни жуда катта. Аллоҳ рахматига олсин..."

Фейсбук фойдаланувчиси - Ф.Х

«Отам ва онам ўқишларимга ёмон таъсир қилади деб ўйлашганми ёки бироз қимматлик қилганми...қанча ялиниб-ёлвормай магнитафон деган матоҳни олиб беришмаганди. Раҳматли бобом берган 35 сўмга пластинка ўйнайдиган оддий патефон сотиб олгандим. Адашмасам 7 синфда ўқийман, 13 ёшдаман. 1980 йиллар... Қўшнимиз бадантарбия ўқитувчиси Ўлмасовда ҳам шунақа патефони бор эди. Бир куни девор оша Шерали Жўраевнинг қўшиғи янграб қолди... Ўқитувчимдан пластинкани қарзга олдим. Бир кун байрам бўлди. Иккинчи куни патефон бузилиб қолди. Дадамларга яна ялинишга тушдим. Магнитафон олишга жуда ёш эдим. Энг ёдда қолгани Ҳофизни қаттиқ дуо қилганим эди. Болаларча бир дуо. "Худойим, бир кун катта бўлиб магнитафон оладиган бўлганимга қадар Шерали ўлиб қолмасин...". Қўшиқлари боқий қолди. Шерали Жўраевдан кейинги давр барибир "аввалгиларга ўхшамаслиги аниқ".

АВВАЛГИЛАРГА ЎХШАМАС

(Навоий ғазалига Омон Матжон мухаммаси)

Чарх авзойи бу дам аввалгиларға ўхшамас,

Котибу давру рақам аввалгиларға ўхшамас,

Энди инсон қадри ҳам аввалгиларға ўхшамас,

Кўнглум ичра дарду ғам аввалгиларға ўхшамас,

Ким ул ойнинг ҳажри ҳам аввалгиларға ўхшамас.

Не учар юлдузлар ўтди чалғитиб элни жуда,

Неча авлод йўли-ю умидин айлаб беҳуда,

Давр мезони билан тортай бу кун ўзимни-да,

Не ситамким қилса раҳм махфий эрди зимнида,

Эмди қилса не ситам аввалгиларға ўхшамас.

Бул Жаҳон тун бирла тонг баҳс этар бир ҳужраким,

Воҳ, қуёш савдосиға шамлар нечук бўлди ҳаким,

Ишқ, бу — ўз умрим, анга нечук қасамлар ичмаким,

Демангиз Ширину Лайли онча бор ишқ ичраким,

Хўбликда ул санам аввалгиларға ўхшамас.

Қай кишиким бир улуғ ишга этибди жон нисор,

Шиддати пасту баланд келганда ҳам бўлмайди ор,

Эй фалак, ҳеч кимни этма бесамар йўлларда хор,

Жавридин эрди аламлар, эмди тутмиш ўзга ёр,

Ўлмишамким, бу алам аввалгиларға ўхшамас.

Она Шарқ тожин киюр! Зулматда ушлатманг мени,

Бодайи ҳақ мастиман, ёлғонга уйғатманг мени,

Ўз хаёлимға қўйинг, ўзгага ишлатманг мени,

Ишқ аро Фарҳод ила Мажнунға ўхшатманг мени,

Ким бу расвойи дажам аввалгиларға ўхшамас.

Ҳар кима ҳар хил ёзур Арш Мирзоси сана,

Айланур ойина бу, ҳеч битта иш топмас пана,

Нафс ипига боғлидур руҳ ипларин узган тана,

Кўйининг эҳромидан кўнглимни ман этманг яна,

Ким анга азми ҳарам аввалгиларға ўхшамас.

Сўкмак ўтганлар ишин нотавонлар расмиким,

Ўз замонин рост этар қавми мардцир асли ким,

Шу ҳаёт тилсимларин очмоқ омонлар касбиким,

Эй Навоий қилма Жамшиду Фаридун васфиким,

Шоҳ Ғозийга карам аввалгиларға ўхшамас.