Янгиликлар: Ўзбекистон Исломий ҳаракати тугадими? O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, video
- Author, Антонио Жустоцци
- Role, Халқаро эксперт, Буюк Британия
Ўзбекистон Исломий ҳаракати жиҳодчилар оламида анча пайт энг танилган номлардан бири бўлган.
Алоқадор мавзулар:

2001 йилда Покистоннинг Вазиристонидан бошпана топгач, ҳаракат "ал-Қоида"га жуда яқинлашади.
Американинг ҳарбий амалиёти ортидан, Толибоннинг жиҳодини ҳам қўллаб-қувватлайди.
Аммо 2009-2010 йилларга келиб, "ал-Қоида" етакчилари ва Қандаҳор Толибони орасидаги танглик янада жиддий тус олади.
Ўзбекистон Исломий ҳаракати бунга уларнинг Араб иттифоқчиларидан кўра анча кескин муносабат билдиради.
Жиҳодчилар сафида Толибон музокаралар йўли билан келишувга интилаётган ҳақида миш-мишлар тарқала бошлагач, Ўзбекистон Исломий ҳаракати толибларнинг Кветта Шўроси билан алоқаларини узади.
Ҳаракат бунинг ортидан ўзини "Ҳаққоний" тармоғи ва янги бўй кўрсатаётган Пешовар Шўроси билан уйғунликда кўра бошлайди.

Сурат манбаси, MOD
2012 йилга келиб, Ўзбекистон Исломий ҳаракати учта етакчисини йўқотади:
2001 йилда Жума Намангоний, 2009 йилда Тоҳир Йўлдош ва 2012 йилда Абу Усмон Одил ўлдирилади.
Худди шу пайтда Ўзбекистон Исломий ҳаракати сафларида бўлиниш бошланади.
Ҳаракат йиғилиб, ўзининг янги етакчисини сайларкан, энг кўп овозни Абу Усмон Одилнинг муовини бўлган Усмон Ғозий олади.
Тоҳир Йўлдошнинг ўғилларидан бири - Абдул Азиз эса, бунга рози бўлмайди, аммо эътирози бесамар қолгач, ҳаракат сафларидан ажралиб чиқади.
2014 йилда Покистон ҳукумат кучлари мамлакатнинг қабилалар яшовчи минтақаларида Покистон Толибон ҳаракатига қарши махсус ҳарбий амалиётга қўл уради.
Ҳарбий амалиёт Усмон Ғозийни 350-400 нафар жангариси билан бирга Покистондан Афғонистоннинг жанубий-шарқий Зобул вилоятига ўтишга мажбур қилади.
Абдул Азиз эса, 150-200 тача одами билан шарқий Кунарга келади, аммо кейинчалик Афғонистоннинг шимоли-ғарбига кетади.
2015 йилда минтақада ИШИД жангари гуруҳининг Хуросон қаноти бўй кўрсатади.

Сурат манбаси, KHURASAN
Усмон Ғозий Афғонистонда экан, ўз гуруҳи билан бирга ИШИДга тўлиғича байъат келтиради.
Шундан кейин Толибоннинг ИШИД ва Ўзбекистон Исломий ҳаракати жангариларини Зобулдан сиқиб чиқаришга қаратилган йирик амалиёти қаршисида қолади.
Ўзбекистон Исломий ҳаракати Зобулда жуда оғир талафотлар беради, кўплаб оила аъзолари билан бирга Усмон Ғозий ўзининг ҳам ўлдирилгани айтилади.
Усмон Ғозий аллақачон ИШИДга қўшилишга қарор қилган бўлса-да, айнан Зобулдаги жанглар ҳаракатнинг Толибонга қарши адоватини янада кучайтиради.
Ҳаракат омон қолган жангариларининг аксарияти ИШИДнинг Хуросон қаноти сафларига киришади.
ИШИД Хуросон қанотининг айрим сара бўлинмалари худди шу жангарилардан ташкил топади ва улар анча-мунча худкуш ҳужумчи ҳам етказиб беришади.
Афғонистон шимоли-ғарбида ўзининг гуруҳи билан яккаланиб қолган Абдул Азиз эса, қанчалик танқидга тутмасин, 2015 йилда ўзини Толибон ҳаракатининг янги лидери, деб эълон қилган Ахтар Муҳаммад Мансурга байъат келтиришга мажбур бўлади.
Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг омон қолган айрим жангарилари эса, "ал-Қоида" ва Толибонга мойил бошқа гуруҳлар ҳимояси остида Афғонистоннинг шимолий-шарқий Бадахшон вилоятида тўпланишади.
ИШИД Хуросон қаноти 2019-2020 йилларда Афғонистон шарқида устма-уст оғир мағлубиятга учраши ва кўплаб Марказий осиёликларнинг гуруҳга ўз ишончларини йўқотишлари ортидан, уларга яна бошқалар ҳам қўшилишади.
2021-2022 йилларда Афғонистон шимоли-ғарби, шимоли-шарқи ва Кунар(энг кичиги)да Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг учта гуруҳи юзага келади.
Аммо Абдул Азиз 2020 йил ноябрида ўлдирилгани боис, улар етакчисиз эди.

Сурат манбаси, video
Ўзбекистон Исломий ҳаракатини бирлаштириб, яна битта гуруҳга айлантириш бўйича музокаралар бошланади.
Аммо ҳаракатнинг шимолий-ғарбий тармоғи Толибоннинг кучли босими остида қолади.
Толибон уларни ўзининг Исломий Амирлиги билан янги битим шартларини қабул қилишга ундайди.
Мазкур битим Ўзбекистон Исломий ҳаракати жангариларининг Марказий Осиёда жиҳод ғоясидан воз кечишлари, бошқа жойга кўчиб ўтишлари ва Толибон масъулларининг назорати остида бўлишга кўнишларини кўзда тутади.
Ҳаракатнинг шимолий-ғарбий тармоғига миллати ўзбек бўлган маҳаллий толиблар хайрихоҳлик қилишади.
Улар, балки, сафларидаги "ал-Қоида" тарафдорлари бу вазиятга чек қўяр, деган умидда Толибон раҳбариятининг буйруқларини қайта-қайта эътиборсиз қолдиришади.

Сурат манбаси, .
2022 йилнинг 31 июлида Афғонистонда "ал-Қоида" етакчиси Айман аз-Заваҳирийнинг ўлдирилиши ва унга аксарият толибларнинг муносабати, афтидан, Ўзбекистон Исломий ҳаракати жангарилари учун туб бурилиш нуқтаси бўлади.
Бу уларни Толибон глобал жиҳодга ортиқ рўйхушлик бермайди, деган фикрга етаклайди.
Чунки Ўзбекистон Исломий ҳаракати бўлинмаларини толиблар орасида юрган ва аз-Завоҳирийнинг изидан тушишга америкаликларга Толибоннинг айрим етакчилари ва қанотлари ёрдам берганига оид гап-сўзлар ҳамда айбловлардан бехабар, деб бўлмасди.
Нима бўлганда ҳам, шу воқеалардан кейин Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг шимолий-ғарбий бўлинмаси тарқала бошлайди.
Аъзолари аста-секинлик билан Афғонистон шимоли-ғарбидан ғойиб бўлишади.
Улар барчасининг ҳозир аниқ қаерда эканликлари маълум эмас.
Аммо салмоқли қисми ИШИДга қўшилиш учун аниқ Афғонистон шимоли-шарқига кўчиб ўтган.
Яна Ўзбекистон Исломий ҳаракати жангариларидан айримларининг Покистонга ёки Афғонистоннинг Покистон Толибон ҳаракати назорати остидаги шарқи ва жануби-шарқига йўл солишаётганига оид гап-сўзлар ҳам чиқди.
Сўнгги ойларда Бадахшонда "ал-Қоида" назорати остида бўлганларидан баъзиларининг ИШИД томонига ўтганига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатди.
Жорий йилнинг баҳорига келиб, Афғонистон шимоли-ғарбида Ўзбекистон Исломий ҳаракати жангарилари деярли қолмади.

Сурат манбаси, .
Ҳаракатнинг яна бирлашиш ва Марказий Осиёда жиҳод қилиш режаларини қайта бошлаш истиқболлари йўққа чиқди. (Бу Толибон Амирлигига тўғридан-тўғри чақириқни ҳам англатган бўларди).
Бу билан ҳаракатнинг ўзига янги лидер танлаш имконияти ҳам амалга ошмади.
"Ал-Қоида" ҳам уларни узоқ муддатга ҳимоя қилишга қодирдек кўринмайди.
Чунки тармоқ ўлдирилган етакчиси Айман аз-Завоҳирийнинг ўрнига расман янгисини тайинлаш ва Эроннинг васийлигидан қутилишга муваффақ бўлмади.
Ўзбекистон Исломий ҳаракати қолган-қутган жангарилари вақт ўтган сайин йўқолиб бораётгандек кўринади, яъни Толибон билан уруш истиқболига шубҳа билан қарашларига қарамай, эски аъзоларининг аксариятида ИШИДга қўшилишдан бошқа яхшироқ танлов йўқ.
Аммо юзлаби Афғонистон ва яна юзлаби Сурияда ўлдирилганидан кейин ҳаракатнинг ҳозирги ва аввалги аъзолари орасида ИШИДнинг ғоясига иштиёқ деярли сўниб бўлган.
Аслида, ИШИД сафларига қўшилган собиқ аъзоларининг асосий қисми унчалик фаол эмас ва гуруҳ Хуросон қанотининг етакчилари билан вақти-вақти билан сан-манга ҳам бориб туради.
Толибонга таслим бўлиш истиқболига эса, жиддий қаралмайди, чунки ишонч йўқ, бунга Толибон қўлга олинган ўзбекистонлик ИШИД аъзоларини Ўзбекистон ҳукуматига топширгани ҳақидаги миш-мишлар бир мисол.
Шу каби чорасиз аҳволда бўлган ИШИД Хуросон қаноти сафларидаги Ўзбекистон Исломий ҳаракати собиқ аъзоларининг аксарияти, балки, яхшироқ имконият бўй кўрсатиб қолар дея, Бадахшоннинг олис водийларида яшириниб юришибди.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














