Янгиликлар. Ўзбекистон: Энди Жанубий Кореяга бориб ишлаш кучаядими? O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

Ўзбекистон ва Жанубий Корея президентлари

Сурат манбаси, RASMIY

Сурат тагсўзи, Жанубий Корея Ўзбекистоннинг хос стратегик шериги ва муҳим савдо-иқтисодий ҳамкорларидан бири бўлади

Кутилмаган хабарлар олинмоқда.

Алоқадор мавзулар:

Нима гап?

Жанубий Корея малакали ишчиларга рекорд миқдорда виза бермоқчи, виза талабларини ҳам юмшатмоқчи.

Хабарларга кўра, мамлакат ўзи юз тутиб турган сурункали ишчи кучи тақчиллиги муаммосини шу тариқа ҳал қилмоқчи.

Жанубий Корея Осиёнинг тўртта иқтисодий қудратидан бири саналади.

Дунёнинг иқтисоди барқарор ривожланган йирик давлатлари сирасига киради.

Ўзбекистоннинг хос стратегик шериги ва муҳим савдо-иқтисодий ҳамкорларидан бири.

Жанубий Корея, йилларки, Ўзбекистон фуқаролари учун ҳам Россия, Қозоғистон ва Туркия қаторида энг йирик меҳнат бозори саналади.

Ўзбекистонликлар меҳнат шартномаси асосида ишлаш учун мунтазам равишда боришга имконли саноқли давлатлардан бири ҳисобланади.

Агар, Ўзбекистондаги айрим йирик интернет нашрларининг шу ойларда келтириб ўтган рақамларига таянилса, Жанубий Кореяга Ташқи миграция агентлиги орқали ишга кетиш квотаси 5000, йилига Кореяга кетиш учун ҳужжат топширувчилар сони эса, 100 минг нафардан кўпроқни ташкил этади.

Меҳнат миграцияси минтақада аҳолиси энг йириги бўлган Ўзбекистон учун муҳим аҳамиятга молик.

Агар, расмий ҳисоб-китобларга таянилса, бугунги кунда мамлакат аҳолисининг сони 36 миллиондан ортади.

Улардан аксарияти эса, ишсизлик ва камбағаллик ҳануз жиддий муаммолигича қолаётган чекка қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилади.

Четда меҳнат муҳожирлигида банд фуқаролари ортга юбориб келаётган миллиардлаб долларлик маблағ, йилларки, мамлакат иқтисодини тутиб, юритиб келаётган йирик молиявий манбалардан бири бўлади.

Мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий тангликни юмшатиб, ҳукумат учун муҳим ижтимоий муҳофаза камари вазифасини бажариб келади.

Камбағаллик ва ишсизлик муаммосининг, таъбир жоиз, энг имконли ечими экани кўрилади.

Янги режалар

Жанубий Корея президенти

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Жанубий Корея малакали ишчиларга рекорд миқдорда виза бермоқчи, виза талабларини ҳам юмшатмоқчи

Шу кунларда олинаётган хабарларга кўра, Жанубий Корея бу йил чет эллик малакали ишчиларга рекорд миқдорда виза бермоқчи.

Йиллик квотани 15 бараварга ошириб, 30 минг кишига етказмоқчи.

Маълум бўлишича, ҳукумат шу йўл билан компанияларига кадрлар тақчиллигини бартараф этишда кўмаклашмоқчи.

Жанубий кореялик ёшлар жисмонан оғир ишлардан қочишаркан, мамлакатнинг саноат ва қишлоқ хўжалик соҳаларида ишчи етишмайди.

Агар, имконли бўлган ҳисоб-китобларга таянилса, E-7-4 виза дастури тадбиқ этилганидан буён ажратилаётган квоталар сонни муттасил равишда ортиб борган.

2017 йилда 300 тани ташкил этган бўлса, 2022 йилга келиб, бу рақамлар 2 мингтага чиққан.

Аммо, шунда ҳам, айтилишича, малакали чет эллик ишчиларга берилаётган визалар миқдорида бу йилдагисичалик сакраш шу пайтгача кузатилмаган.

Хабарларга кўра, ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалик соҳаларига сурункали равишда малакали ишчилар етишмаслиги масъулларни бу каби радикал қадамга ундаган.

Улар кечаётган йилда чет эллик малакали ишчилар сонини 5 мингта билан чеклаш режасидан воз кечишга қарор қилишган.

Жанубий Корея Адлия вазирлигининг маълум қилишича, саноат соҳасидагиларнинг талабларини қондириб, чет эллик малакали ишчилар учун виза талабларини ҳам юмшатишмоқчи.

Адлия вазири эса, ҳукумат йиғинида янги режалари "берилаётган квоталар камлиги боис, хорижликлар ишлаш учун келишолмаётгани"га оид гап-сўзларга чек қўйишига умид қилиб қолган.

Ўзбекистонликлар ва Жанубий Корея

Музокаралар

Сурат манбаси, Rasmiy

Ҳар йили минглаб ўзбекистонликларнинг ишлаш учун Жанубий Кореяга юборилиши айтилади.

Бу иш билан асосан Ташқи Меҳнат миграцияси агентлиги шуғулланади.

Агар, имконли бўлган рақамларга таянилса, жорий йилнинг дастлабки тўрт ойида бир ярим мингга яқин Ўзбекистон фуқароси E-9 визаси билан Жанубий Кореяга ишлаш учун келган.

Улардан аксарияти, яъни 1200 дан ортиғининг бундай имкониятга илк бор эга бўлган инсонлар эканликлари маълум бўлган.

Ўзбекистон томонининг хабарида Жанубий кореялик иш берувчиларнинг ўзбекистонликларга бўлган талабининг ортиши бир иш берувчи билан узоқ муддат давомида қонуний тартибда меҳнат муносабатларида бўлишига бевосита боғлиқ экани айтилган.

Шу боис ҳам, Жанубий Кореяда бўлиб турган ва кириб келиши кутилаётган ўзбекистонликларнинг корейс иш берувчилари билан яхши муносабатда бўлиши, сабабсиз меҳнат шартномасини муддатидан аввал бекор қилмаслиги ниҳоятда муҳим экани таъкидланган.

Орада Жанубий Корея томонининг, бундан ташқари, виза ва меҳнат шартномаси шартларини бузиб, ўз мамлакатларида қолишга уринаётган ўзбекистонликлар сони ортиб бораётганидан хавотирда экани ҳам кўрилган.

Ўзбекистоннинг ўзида эса, Жанубий Кореяга ишга боришдаги жиддий коррупция ҳоллари, йилларки, маҳаллий нашрларнинг эътиборидаги энг актуал мавзулардан бири экани кўрилади.

Танлов жараёнининг қанчалик шаффоф экани ҳам танқидларга тутиб келинади.

Шу яқин йилларда ҳам агентликка қарши айнан Жанубий Кореяга ишга юбориш билан боғлиқ тергов ҳаракатлари, пора олган шахслар ва бандлик хизмати ходимлари билан боғлиқ ўнлаб жиноят ишлари ҳақида маълумотлар борлиги ҳақида хабарлар олинган.

Айнан талабгорлар орасида тест жараёни муваффақиятсиз ўтказилгани боис, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг айрим раҳбарлари ишдан кетгани ҳам айтилган.

Жанубий Кореяга ишлаш учун жўнатувчи "ўртакашлар" ёки қўштирноқ ичидаги тадбиркорлик субъектларининг пайдо бўлгани ҳам хавотирли воқеълик ўлароқ бўй кўрсатган, бу матбуотда ҳам долзарб мавзулар қаторидан жой олган.

Ечим йўллари

Ўзбекистон фуқаролари

Сурат манбаси, RASMIY

Сурат тагсўзи, Меҳнат миграцияси минтақада аҳолиси энг йириги бўлган Ўзбекистон учун муҳим аҳамиятга молик

Орада ҳар икки томон Жанубий Кореяда ишлаш учун Ўзбекистон фуқароларини танлаб олиш механизмларини такомиллаштириш масаласини муҳокама этиб олишгани ҳам маълум бўлган.

Ўзбекистондан олинган хабарларда томонлар ўзаро мулоқотлари чоғида танлаб олиш жараёнининг объектив, шаффоф ва адолатли кечиши масаласига эътибор қаратишгани айтилган.

Томонларнинг меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликни "сифат жиҳатдан янги босқичга" кўтаришга, бу жараённи "осонлаштириш"га келишиб олишгани англашилган.

Хабарлардан худди шу учрашув чоғида Жанубий Кореяда қонуний меҳнат фаолиятини олиб бориш борасида аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари ўтказилиши кераклиги масаласи ҳам кўтарилгани маълум бўлган.

Ўзбекистоннинг амалдаги ҳукумати сўнгги йилларда ўз фуқаролари учун меҳнат бозорларини турфалаштириш ҳаракатида.

Улар учун, йилларки, энг йирик меҳнат бозори вазифасини ўтаб келаётган Россиянинг Украина уруши боис Ғарбнинг устма-уст санкциялари остида қолиши ҳам айни ўринда муҳим ўрин тутмай қолмаган.

Айнан меҳнат миграцияси, мигрантларнинг ҳар томонлама ҳимояси Ўзбекистон президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастурида хос эътибор қаратган энг муҳим мавзулардан бирига айланган.

Жорий пайтда Ўзбекистоннинг амалдаги раҳбари бўлган Шавкат Мирзиёев ривожланган давлатларга кетаётган мигрантларнинг виза ва йўл харажатлари қопланишига ваъда берган.

Мирзиёев мусофир юртда, турли қийинчилик ва машаққатларга чидаб, ҳалол меҳнат қилиб, нон топаётган ўзбекистонликларни "ҳақиқий қаҳрамон", деб атаган.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.