Янгиликлар: Мирзиёев собиқ Ўзбекистон фуқаролари ва ўзбек мигрантлари учун мисли кўрилмаган ваъдалар берди

ўқр

Президентликка номзод Шавкат Мирзиёев хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар ва ватандошларга оид дастурини эълон қилди. Уларга имтиёзлар ва махсус ҳужжат жорий қилинади. Ривожланган давлатларга кетаётган мигрантларнинг виза ва йўл ҳаражатлари қопланади.

Қашқадарёда сайловчилар билан учрашган Мирзиёевнинг айтишича, хориж олийгоҳларида 150 минг нафар ёшлар таълим олмоқда. Бундан ташқари 2 миллион атрофидаги ўзбекистонликлар хорижда меҳнат қилмоқда.

Президентликка номзод мусофир юртда, турли қийинчилик ва машаққатларга чидаб, ҳалол меҳнат қилиб, нон топаёган ўзбекистонликларни "ҳақиқий қаҳрамон" деган.

ЎзАнинг ёзишича, Шавкат Мирзиёев қашқадарёлик сайловчилар билан учрашувда хориждаги ўзбекистонликларниқўллаб-қувватлашга оид режалари ҳақида алоҳида тўхталди.

Ундан маълум бўлишича, хорижий давлатларда ҳунарманд ва кулоллар кўргазмалари ўтказилади, Наврўз ва Мустақиллик байрамлари кенг нишонланади.

Ўзбекистон ватандошлари учун Ўзбекистон бўйлаб, айниқса, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларига махсус саёҳатлар ҳамда чегирмалар пакети ишлаб чиқилиши маълум қилинган.

Бу ишларни самарали ташкил қилиш учун "Ватандошлар" жамоат фондига 300 миллиард сўм ажратилади.

Ушбу жамоат фондининг ваколатлари ҳам кенгайтирилиши айтилмоқда.

"Ватандошлар билан янада яқинроқ ишлаш учун янги инструмент ва имкониятлар яратиб берилади", - деган президентликка номзод.

ЎзА хабарида қўлланилган "ватандош" дейилганда айнан қайси тоифа назарда тутилгани айтилмаган.

Бироқ уларга Ўзбекистонда ишлаш учун лицензия талаби бекор қилинишининг айтилиши "ватандош" дейилганда хориж фуқаролигини олган ўзбекистонликлар назарда тутилганини тахмин қилиш мумкин.

Ўзбекистонда ишлаш ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагидаги ватандошлар учун:

- кириш визалари муддати 1 йилдан 3 йилга узайтирилади, давлат божлари 3 карра пасайтирилади (ҳозирда - 250 долларгача);

- Ўзбекистонда ишлаши учун лицензия талаби бекор қилинади, барча ҳуқуқлардан фойдаланиш имконияти яратилади;

- Ўзбекистонда доимий яшаш тартиби соддалаштирилади;

- мамлакатимизда уй-жой ва кўчмас мулк сотиб олиш, таълим, тиббиёт ва бошқа давлат хизматларидан тенг ҳуқуқлилик асосида фойдаланиш имконини берадиган "Ватандош гувоҳномаси" жорий қилинади, - деди номзод.

Мирзиёев бундан ташқари чет элдаги Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтирилиши маълум қилган.

"Хусусан, оғир аҳволга тушиб қолган барча юртдошларимизга хорижий давлатнинг ўзида моддий ёрдам имкониятларини янада кенгайтирамиз. Жумладан, уларга вақтинча яшаш, ҳужжатларини тиклаш, она Ватанига қайтиш каби харажатлари тўлиқ қоплаб берилади", деган Шавкат Мирзиёев.

Бундан ташқари, хорижда вафот этган ўзбекистонликларни ватанига олиб келиш давлат томонидан таъминланиши айтилди.

Шу вақтгача хорижда вафот этганларнинг жасадлари уларнинг яқинлари ёки хайрия йўли билан ватанга қайтарилаётган эди.

"Уларнинг қарамоғида бўлган оила аъзоларига алоҳида ғамхўрлик қилинади, фарзандларини ўқитиш ва касб-ҳунарга ўргатиш бўйича ҳар томонлама ёрдам кўрсатилади. Хорижда ишлаётган одамларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида уларга адвокат жалб этиш харажатларини қоплаш ва ҳуқуқий ёрдам бериш тизими йўлга қўйилади", - деган номзод.

Шавкат Мирзиёев АҚШ, Канада, Буюк Британия, Япония ва Европа давлатларидан юқори маош тўланадиган иш топиб кетаётган ўзбекистонликларга йўл чиптаси ва "ишчи виза"ни олиш харажатлари тўлиқ қоплаб берилишини ваъда қилган.

Бундан ташқари, чет элдаги ўзбекистонликлар учун:

- онлайн ҳужжат олиш ва бошқа давлат хизматларини кўрсатиш имкониятлари яратилади, уларнинг нархлари ички тарифларга тенглаштирилади;

- доимий консуллик ҳисобида туриш бадали бекор қилинади, ҳисобда туриш шартлари соддалашади;

- соғлиғи ва ҳаётини суғурталаш кўлами кенгайтирилади. Бунда "ижтимоий реестр" ва "3 та дафтар"ларга кирган шахсларга суғурта харажатлари учун субсидия берилади;

- Германия, Япония, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа давлатларда, шунингдек, Россиянинг йирик шаҳарларида бепул ҳуқуқий, моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатадиган марказлар очилади (ҳозирда Россиянинг Москва шаҳрида ҳамда Корея, Қозоғистон ва Туркияда ташкил этилган);

- хориждаги юртдошларимизнинг барча масалаларини тезкорлик билан ҳал қилиш учун элчихоналаримиз, Ташқи ишлар, Бандлик ва Ички ишлар вазирликларида туну-кун ишлайдиган "колл-марказлар" ташкил этамиз.Умуман, хориждаги ватандошларимиз билан ишлаш, чет элга ишлашга ва ўқишга кетган одамларимизни ижтимоий, ҳуқуқий ва моддий қўллаб-қувватлаш тадбирларига келгуси йилларда 200 миллион доллар йўналтирилади", - деди номзод.

9 июлда муддатидан аввал ўтаётган президентлик сайловида ЎзЛиДеп партиясидан номзод қилиб кўрсатилган Шавкат Мирзиёевдан ташқари яна 3 номзод курашади.

Ўзбекистон Экологик партияси Абдушукур Хамзаевни, Халқ демократик партияси Улуғбек Иноятов ва "Адолат" социал-демократик партияси Робахон Маҳмудовани номзод қилиб кўрсатган.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002