Туркияда пул топиш осонми – Ўзбекистон ва миграция, O‘zbekiston, Turkiya, Мирзиёев, dunyo, koronavirus, yangiliklar

Сурат манбаси, NURPHOTO
Туркияда пул топиш осонми - шу ойнинг ўзида Туркиядаги ўзбекистонликларнинг тақдири билан боғлиқ устма-уст бўй кўрсатган уч хабар худди шу каби саволларни пайдо қилмай қўймаган. Хабарларнинг бирида ўзбекистонлик 18 ёшли қизнинг турар-жой биноси 10-қаватидан қулаб, вафот этгани айтилганди.
Бу хабарни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам расман тасдиқлаган. Шунингдек, яна бир Ўзбекистон фуқароси вафоти ҳақида ҳам ахборот берган.
Вазирлик ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар Ўзбекистон фуқаросининг Измирдаги ўлими бўйича тергов жараёни бошлангани ҳақида маълум қилган.
Мудҳиш воқеа содир бўлган пайтда ҳам Туркия ва ҳам Ўзбекистон матбуотида бунинг сабаби борасида турли тахмин ва фаразлар илгари сурилган.
Айрим хабарларда "қизнинг ўз жонига қасд қилгани" ҳам иддао қилинган.
Аммо ҳозирча бунга нима сабаб бўлгани борасида расмий хулосалар эълон қилинмаган.
Куни-кеча эса, айрим турк нашрлари яна Измир шаҳрида "жинсий қулликда бўлган ўзбекистонлик қизлар қутқарилгани" ҳақида ёзишган.
Бу хабар қатор минтақавий ва Ўзбекистоннинг ўзидаги маҳаллий нашрларнинг эътиборини ҳам ўзига жалб этмай қолмаганди.
Бугун Туркия дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар турли юмуш, таҳсил ёки бошқа сабаблар билан муҳожиратга юз тутган тўртта давлатидан биттаси саналади.
Агар, Туркия томонининг 2018 йилги расмий рақамларига таянилса, бу мамлакатда қонуний мақомда яшаб турган ўзбекистонликлар сони ўттиз мингдан ортади. Яна минглабининг меҳнат визаси билан Туркияда эканликлари англашилади.

Сурат манбаси, Getty Images
Аммо, худди шунинг баробарида, Туркияда ноқонуний мавқеъда бўлган катта сондаги ўзбекистонликларнинг борликлари ҳам тахмин қилинади.
Туркиядаги аксарият ўзбекистонликлар ҳам меҳнат муҳожирлари саналишади, улар кўпчилигининг хотин-қизлар эканликлари айтилади.
Туркияга турли иш, юмуш илинжида келаётганлари эса, асосан мамлакатнинг уч асосий йирик шаҳри - пойтахт Анқара, Истанбул ва Измирни ўзлари учун афзал билишади.
Туркия, бундан ташқари, дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар ҳам саёҳат ва ҳам тижорат мақсадида йўл солаётган саноқли давлатларидан бири бўлади.
Глобал коронавирус пандемиясига қадар бу икки давлат ўртасидаги авиапарвозлар жаҳоннинг бошқа бирор бир мамлакати билан бўлмаганчалик бир даражада серқатнов экани билан ҳам ажралиб турган.
Туркияда пул топиш осонми?

Сурат манбаси, facebook
Феруза Шокирова
Ўзбекистон-Туркия.
"Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмайсан, дейишади. Бугунги кунда ўзбек, мусофир ва муҳожир сўзлари синонимга айланиб бўлди. Ўзбекистондан чиққан меҳнат муҳожирларини дунёнинг турли давлатларида кўплаб учратиш мумкин. Юртини ташлаб, бошқа диёрларга кетаётганларнинг аксар қисми яхшироқ иш, яхшироқ шароит қидириб кетишади. Яхшироқ ҳаёт йўлида кўплаб қийинчиликларга дучор бўлишади.
Туркияда меҳнат муҳожири бўлишнинг бошқа давлатларга ишлагани кетганларга ўхшаш жиҳатлари билан бирга ўзига хос тарафлари ҳам бор. Аввало, бутун муҳожирларни қийнаган хусус, албатта, соғинчдир. Ватанидан, яқинларидан узоқда бегона юртда ўзи ҳам бошқалар қатори эканлигини исботлашга ҳаракат қилса-да, ич-ичидан бу ерларга аслида бегона эканлигини ҳис қилиб туради. Айниқса, байрам, тўй-сайилларда бу соғинч карраларча ортади.
Туркияда муҳожирликнинг бошқа давлатлардан ососнроқ жиҳати - бу ерга келишнинг нисбатан осонроқлигидир. Виза ишламлари учун чексиз ҳужжатлар йиғилмайди, кутилмайди. Тил, маданият ўхшаш. Умуман олганда, мусулмон мамлакат. Ўзимиздан борганлар, паст-баландини биладиган, керак бўлса ёрдам берадиганлар ҳам кўп. Ҳатто ўзбеклигингни ва бу ерда яшаётганингни билган маҳаллий халқ "ишлагани келганмисан? Бизинг ҳам ўзбек ишчимиз бор", деб сўрашади. Фақат доимо огоҳ бўлишинг керак. Туркларнинг ичида ҳам бошқа миллатлардагидай ёлғончи ва фирибгарлари учрайди. Айниқса, аёллар бу масалада кўпроқ жабр кўришлари мумкин. Иш бор деб алдаб, ҳужжатларини олиб қўйиб, номақул ишлар қилдирганлар ҳақида гоҳ-гоҳида хабарлар чиқиб туради. Ўзимизникилардан алданиб қолганлар ҳам кам эмас. Муҳожир одам бора-бора фақатгина ўзига ишонишни ўрганади. Мусофирлик инсонни тарбиялайди. Қийинчиликка сабрни, тортинчоқликни енгишни, бошқаларга қўшилишни ўргатади.

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Туркияни бошқа жойлардан яхшироқ қилган яна бир жиҳат, Европа, АҚШ ёки Кореялардагидек ҳалол гўшт сотадиган араб ёки турк дўконлар, ҳалол егулик топса бўладиган маконлар қидирмайсан. Жуда бой таом маданиятига эга бўлган турклар бизнинг ош, чучвараларни ҳам севишади. Хонадонларга ишлагани келган аёлларимиз қўли гуллигини кўрсатиш, балки-да ватан соғинчидан бундай таомларни пиширишади. Ҳатто, кўп ҳолларда иш берувчилар меҳмону измонлари учун тез-тез бундай овқатларни пиширишни талаб қилишади. Шундоқ ҳам бутун уй ишлари бўйнида бўлган аёлларимизга бу яна бир вазифа бўлиб, гарданларига илинади. Вазифаси бўлган кундалик ишларни қилиб бўлгач, дам олишга сарфлаши керак бўлган вақтни чучвара тугиб ўтказадиганлар ҳам бор.

Сурат манбаси, Getty Images
Умуман олганда, хонадонларда уй ишларида хизмат қилаётган аёллар учун иш шароити лотореядек гап. Бундай ишларда аёллар аксар ҳолда ётиб қолиб ишлашади. Инсофли, ёрдамчини оиласининг вакилидек кўрадиган, ҳар қандай шароитда ёрдамини аямайдиган иш берувчилар бор. Фақат иш соатларига риоя қилмайдиган, тиним бермайдиган, озиқ-овқатидан қисадиганлари ҳам талайгина. Ишлатиб, кичик бир баҳона билан ҳайдаб юбориб, ойлигини ҳам бермайдиганлар, камига орқасидан ўғрига чиқарадиганлари ҳам учраб туради. Ўзимизникилар ҳам бунга сабабчи бўлишади. Кўпинча ҳали янги бўлишади, тил билишмайди, бошидан аниқ келишув қилишмайди. Биз ўзбекларда андиша кучли, "йўқ" дейишни билмаймиз. Бундан иш берувчилар усталикча фойдаланишади.
Яна бир ачинарли жиҳати шундаки, Туркиядаги меҳнат муҳожирларининг кўп қисми норасмий ишлашади. Иш берувчилар турли хил солиқлардан қочиб, ишчиларига ишчи виза қилишмайди. Виза қилишдан қочмайдиганлари ҳам бу жараённинг қандай юритилиши кераклигини билишмайди. Туркияда 3 ойдан кўпроқ қоладиганлар иқомат (яшаш изни - таҳр.) ҳужжати қилишлари керак. Буни қилмай, ноқонуний қоладиганлар ҳам кўп. Бундай инсонлар ҳар қандай ижтимоий ҳимоядан маҳрумлар. Жонлари ҳам Худога омонат. Ҳақ-ҳуқуқларини билмасликларидан фойдаланувчи инсофсиз инсонларнинг қўлларига тушишлари, давлатдан депортация қилиш билан қўрқитилиб, ўзлари хоҳламаган ишларга мажбурланишлари, тегажоқлик, ҳатто жиноят қурбонларига айланишлари мумкин. Ҳақларига хиёнат қилинганда тегишли органларга арз қилишга эса, қўрқадилар.
Кейинги пайтлар Туркияни меҳнат муҳожирлари учун жозибасиз қилаётган бир хусус -долларнинг ошиб кетганлиги бўляпти. Меҳнат ҳаққини турк лирасида оладиган ишчилар ватанига доллар жўнатишади. Олдинлари мўмайгина даромад қилинадиган ишлар учун бугунга келиб долларга чақилганда камроқ ҳақ тўланяпти. Лекин юқорида айтилгандек, Туркиянинг бошқа давлатлардан муҳожирлик учун афзалликлари ҳали ҳам бу ерга келувчиларнинг, келмоқчи бўлганларнинг кўплигига сабаб бўлмоқда.
Гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, муҳожирликка келиб, номақул ишлар қилиб юрганлар ҳақида ҳам хабарлар чиқиб туради. Ўзбек ишчиси ўғрилик қилибди, ўзбек аёлига уйланган эркак алданиб қолибди, ўзбек террор ҳаракатларига қўл урибди каби хабарлар аввало муҳожирларнинг ўзига ёмон таъсир қилади. Мисқоллаб, шунча куч, соғлиқ, соғинч эвазига ишлаб топилганларнинг ҳаммаси бир-икки инсоннинг номақуллиги сабаб татимай ҳам қолади. Ўзбек номига доғ тушишини хоҳламайди аксар муҳожирлар. "Сиз ўзбеклар меҳнаткаш, оқкўнгил, дурустсизлар" деган гаплардан бошлари осмонга етади.
Муҳожирликнинг нони қаттиқ бўлади. Муҳожирнинг бир ярми ватанида, бошқа бир ярми эса хорижда оёққа туриш мужодаласида жонини жабборга бериш билан оввора бўлади. Ватанидагиларнинг кўзига пулни супуриб олаётгандай кўринар, аслида эса қийинчиликка чидаб, ғурурни четга суриб, умуман бошқача шароитга мослашиб, пешона тери эвазига пул топади муҳожир. Қайси муҳожир билан гаплашманг, ватанимда шароит яхши бўлса, бу ерда топганимни у ерда топа олсам, ҳеч қачон келмасдим, дейди. Муҳожирлар ватанига юборган маблағларини дабдабали тўйлар, хўжакўрсинга қурилаётган иморатларга эмас, фарзандларининг таълимига сарфлашни бошлаган кундан бошлаб, ватанимиздаги шароит яхшилана бошлайди. Муҳожирларнинг фарзандлари қора ишлар учун ватанини ташлаб чиқиб кетишмайди. Бунга ишонгим келади".

Сурат манбаси, Getty Images
Би-би-си: Бугун дунёнинг турли давлатларида меҳнат муҳожирлигида банд Ўзбекистон фуқароларининг сони миллионларга нисбат берилади.
Аммо яқин-яқингача бошқа Марказий осиёликлари билан қиёсланганда, айнан ўзбекистонлик мигрантлар энг ҳуқуқсизи ва ижтимоий ҳимоясизи бўлиб келган.
Президент Шавкат Мирзиёев қудратга келиши ортидан, Ўзбекистоннинг миграция ва мигрантлар борасида сиёсати ҳам кескин ўзгаришларга юз тутган.
Ўзбекистоннинг ҳозирда марҳум Президенти Ислом Каримов "дангаса", деб атаган мигрант фуқароларини Мирзиёев, "фарзандлари"га қиёс берган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг ҳам четда меҳнат муҳожирлигида банд Ўзбекистон фуқароларининг ҳимоясига қаратилган турли мурожаат, даъват ва баёнотлар билан бунчалик фаоллик билан чиқаётгани ҳам мамлакатнинг бу яқин тарихида кузатилмаган воқеълик бўлади.
Аммо, шунда ҳам, Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналари ва Бош консулликлари фаолиятидан шикоятда бўлган ўзбекистонликларнинг сони оз эмас.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek
















