Ўзбекистон: "Эй, энангникига кириб чиқ" - Бандихон прокурори маҳалла раисларини мунтазам сўкиб келган - янгиликлар

Прокурор Соатмурод Махмановдан ҳақорат эшитиб келган маҳалла раислари сўконғич прокурор жазоланишига ишонмаяпти.

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Прокурор Соатмурод Махмановдан ҳақорат эшитиб келган маҳалла раислари сўконғич прокурор жазоланишига ишонмаяпти.

Би-би-си Сурхондарё вилояти Бандихон тумани прокурори Соатмурод Махманов ўтказган мажлисда қатнашган шахс билан суҳбатлашди. Манбамизнинг айтишича, прокурор маҳалла раисларини доим ҳақоратлаб келган.

Aудиоси ёзиб олинган мажлис эса ҳаммасидан ўтиб тушган. Раислар адолат қарор топишига ишонмаяпти.

31 май куни кечки соат 8 да Бандихон тумани прокурори Соатмурод Махманов ва туман солиқ инспекцияси бошлиғи Тоҳир Сарманов бошчилигида йиғилиш бўлган.

Тумандаги маҳалла раислари иштирокида ўтган йиғилишда ҳукумат томонидан тайинланган икки раҳбар халқ томонидан сайланган маҳалла раисларини куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат ва таҳдид қилган.

Мансабдор шахслар маҳалла раисларини солиқ тушуми кам бўлгани учун сўроқ қилган.

"Муштум" журналининг Telegramдаги канали чоп қилган аудиода раисларни сўкиш ва тергашда туман прокурори "жонбозлик" кўрсатганини сезиш мумкин.

"Сен кеча нима ваъда берган эдинг, ит? Нима ваъда берган эдинг деяпман? Қани пулинг, бер буёққа. Қанча бор? 2 млн сўм туширгансан? Нимани ваъда бергандинг, кечаги пулни кўтариб келяпсан. Эркакмисан санам эй? Хотинчалиш, б...я. Эркакмисан сен ҳам? Итдан тарқаган экансан-ку. Одамдан тарқаганингда одамнинг ишини қилардинг. Бор, итнинг ишини қил, вовуллаб ўтир кўчада. Тур йўқол н…, ифлос. Тур йўқол н…, ифлос", деб бошлайди прокурор Соатмурод Махманов.

Йиғилишда қатнашган маҳалла раисларидан бирининг Би-би-сига айтишича, солиқ йиғиш маҳалла раисларининг тўғридан тўғри вазифаси бўлмаса-да, юқоридан буйруқ асосида Сурхондарё вилоятидаги маҳалла раислари уйма-уй юриб солиқ тўлашга тарғиб қилиш билан шуғулланади.

prokuror

"Балки президентимиз айтгандир. Маҳалла раислари кўмак берсин, дегандир. Солиқларни йиғишга озроқ бўлса ҳам қўллаб турсин дегандир. Лекин бу нарса тўлиқ солиқчининг ёнида 100 фоиз турсин дегани эмас эди. Лекин раҳбарият, Сурхондарё бўйича ҳамма туман маҳаллалари билан гаплашамиз, бизлардан ҳам солиқ сўраб турибди дейишади. Биз кейин мажбур (ҳар кеча) солиқ бўйича кечки соат саккиздаги йиғилишга қатнашардик", дейди исмини ошкор қилмасликни сўраган Бандихондаги маҳалла раиси.

Унинг таъкидалашича, туман прокурори бошқа йииғишларда ҳам маҳалла раисларининг шахсиятига тегиб ҳақорат қилиб келган.

"Бир киши ҳеч қачон бирданига қўпол бўлиб кетмайди. Азалдан иш услуби шундай, прокурор иш услуби шундаймикин дейман. Ҳамма йиғилишда, бир кишини турғизиб, солиқ йиғилмаган бўлса қўпол бўлган," дейди у.

Прокурор Соатмурод Махманов йиғилишда аҳолининг ер-мулкка тўлаши керак бўлган солиқларини маҳалла раислари нега вақтида йиғмаётгани учун қаттиқ ҳақорат қилган.

"Йўқ, мен тушунмаяпман-да, бу тизим. Сиз п… еб ўтирибсизми, энангизники борми бу ерда?! Аризангизни ёзинг, йўқолинг, н… бу ердан тўртта одамингизни йиғолмасангиз. Қ… борми бу ерда сизга, қўпол ҳам бўлса. Нима ишим бор, мошин бузилса ўлмайдими, нима ишим бор", деган прокурор.

Прокурор йиғилганларни навбати билан сўкаркан, унга аввалига ҳеч ким қаршилик қилмагани ва эътироз билдирмаганини эшитиш мумкин.

Мансабдор шахс яна бир шахсни сўрайди, йиғилганлардан бири унинг пешанасидан яра чиққанлиги ва ишга чиқолмаганини айтади.

"Пешанаси шишса нима, к…дан чиқса бўлмайдими ўша яра? Бундай маразлик қилманг. Битта тизимни ишлатолмасангиз кетинг", дейди у.

Соатмурод Махманов мажлисда қатнашмаган "Навбаҳор" масканидан яна бир кишини куракда турмайдиган сўзлар билан сўккани эшитилган.

"Бандихон қани? Қани, э оғайни, пул? Эй, у 3 миллионни энангникига тиқиб қўй. Кеча гапирган гапинг қани бу ерда? Бор жойига қўйиб кел, ифлос, мараз, итдан тарқаган! Сарвар қани? Қани кеча айтган пулинг? Эй ифлос, кеча кечқурун айтган пулинг қани деяпман мен сенга, итга? Қани деяпман мен сенга?"- деган у.

Аудиода яна бир шахснинг прокурор эканлиги айтилаётган шахсга қўшилиб йиғилганларни сўкаётганини эшитиш мумкин.

Бандихон туман солиқ инспекцияси бошлиғи Тоҳир Сарманов

Сурат манбаси, Bandixon tuman ma'naviyat bo'linmasi

Сурат тагсўзи, Бандихон туман солиқ инспекцияси бошлиғи Тоҳир Сарманов

Би-би-си манбасининг айтишича, у прокурор билан бирга мажлисни олиб борган туман солиқ инспекцияси бошлиғи Тоҳир Сармановдир.

"Сен мақтаниб ётиб эдин-ку, жинни, д…, криша, тупой", дейди Тоҳир Сарманов эканлиги айтилаётган шахс.

Прокурор аёлларга ҳам қўпол муомала қилган ва улардан ишдан бўшашни сўраган.

"Обод турмуш қани? Ҳа опа, 500 минг сўм тушган. Қани? Боринг, аризангизни ёзингда йўқолинг, … борми сизга бу ерда ишлаб, давлатни, жамиятни ҳаром қилиб. Аризани ёзинг-да, йўқолинг. Уялмай келасиз яна бу ерга. Олинг аризасини, нима қиласиз ишлатиб? Душман-ку, бу", — деган у.

Би-би-си манбасининг айтишича, туманда икки нафар маҳалла раиси бор ва прокурор мажлисда қатнашмаган иккинчи аёл раҳбарни ҳам куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилган.

"Туманимизда аёлларнинг бошқарув тизимида ишлаши ўта оғир. Улар мана шундай сўкиш ва ҳақоратларни эшитишга мажбур", дейди манба.

Прокурор яна бир эркак маҳалла раисини "аёлмисан, п.., қанжиқ" каби сўзлар билан ҳақорат қилганини эшитиш мумкин.

Мажлисда қатнашган Би-би-си манбасининг айтишича, прокурорга "Қудуқсой" маҳалла раиси қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилган.

Қудуқсой қани, деган прокурор Соатмурод Махманов.

Кеча бошим оғриб, мазам бўлмади, дейди "Қудуқсой" маҳалла раиси.

"Энангникига қаллангни бир тиқиб ол, бошинг тузалади. Ўша ердан чиққансан-ку", дейди прокурор.

Унга жавобан маҳалла раиси "қўполлашманг" деган.

haqorat

Нимага бошинг оғрийди, сан ифлоснинг. Аканг билан муҳокама қилдингми, ариза ёзишни, солиқ тўламасликни, деган Прокурор Соатмурод Махманов.

Маҳалла раиси, бир кун олдин 5 миллиондан ортиқ пул туширганини, базадан кўриб келаётгани ва нотўғри информация учун бақираётганини айтган.

Орага туман солиқ инспекцияси бошлиғи Тоҳир Сарманов аралашган.

"Нима деяпти, ҳозир бир жойингизга ўзим қўйиб қўяман" деган Сарманов.

"Сен мараз, нега кеча келмадинг, ёз аризангни н.., итдан тарқаган, қ.. борми", деб халқ томонидан сайланган раисни тўхтамасдан сўккан прокурор.

Маҳалла раисиинг "айтаяпман-ку, кеча мазам йўқ эди" деган жавобига "ёз н… аризангни, ифлос, итдан тарқаган. Эй, энангникига кириб чиқ, тузаласан, деяпман, нега келмадинг", дея қайта-қайта сўрайди прокурор.

"Кеча нега келмадинг, ўлсанг, мана бугун кўмайдик. Нимага келмадинг, сен касал бўлсанг, қ… борми бугун келиб. Ўлсанг бўлмайдими кеча, тушуняпсанми, ўлсанг бўлмайдими? Ўлмасанг, аризангни ёзиб йўқол, н.. бу ердан. Аризангни ёзмасанг, эртага тиқиб юбораман. Одамдан тарқаган бўлсанг, одамнинг ишини қилда, итнинг ишини қиляпсан", деган прокурор Соатмурод Махманов.

Маҳалла раиси прокурордан қайта-қайта кўполлик қилмасликни сўраган ва "ҳақорат қилманг" деган. Аммо прокурор яна авжига чиққан.

"Тўхта, одамдан тарқаганмисан, итдан тарқаганмисан. Итдан тарқаганмисан, одамдан тарқаганмисан. Хароми, кет, итбачча", деган прокурор Соатмурод Махманов.

Аудио бўйича Сурхондарё вилояти прокуратураси расмий муносабат билдирган.

"Ижтимоий тармоқларда Бандихон тумани прокурори С.Махмановга тегишлилиги таъкидланиб, тарқатилган аудиоёзувларнинг ҳаққонийлиги, қачон, қаерда ва қандай ҳолатларда юз берганлиги ҳамда бошқа ҳолатлар Сурхондарё вилояти прокуратураси томонидан ўрганилмоқда", дейилади баёнотда.

Прокурор Соатмурод Махмановдан ҳақорат эшитиб келган маҳалла раислари эса ҳақиқат қарор топишига ва сўконғич прокурор жазоланишига ишонмаяпти.

"Туманимизнинг қонунни сурайдиган эгаси - прокурорнинг ўзи шундай бўлиб турса, ким прокурордан ўтиб, ким сени хафа қилди, деб сўрайди. Шикоятни кимга ёзамиз? Энди тасаввур қилинг. Кимга ёзамиз? Туманимизнинг эгаси прокурор бўлганидан кейин. (Юқори органлар) кўриб чиқмайди, умидимизни узганмиз. Биз чарчадик. Конституцияни ўзгартираверсин, одамни ўзгартирмасак қийинов", дейди Би-би-си билан гаплашган Бандихон туманидаги маҳалла раиси.

Манбанинг айтишича, маҳалла раисларини солиқ йиғишга жалб қилиш мажлисдан кейин ҳам тўхтамаган, аммо ундан кейинги мажлислар 31 майдаги сингари ўта қўполлик билан олиб борилмаган.

Би-би-си Ўзбекистон Бош прокуратурасига мурожаат қилиб, қуйидаги саволларга жавоб беришни сўради.

"Би-би-си мажлисда иштирок этган ва прокурордан сўкиш эшитган маҳалла раиси билан гаплашди. У ҳолат 31 май куни соат кечки 8 дан кейин бўлганини ва бўралатиб сўккан шахс прокурор Соатмурод Махманов эканлигини тасдиқлади. Унинг айтишича, прокурорга кўшимча бўлиб сўкаётган яна бир мансабдор туман солиқ инспекцияси бошлиғи Тоҳир Сарманов ҳам мажлисни бошқарган.

1. Прокурор нима учун маҳалла раисларидан солиқ йиғишни талаб қиляпти?

2. Иш вақти тугаганидан сўнг нега мажлис чақирилган?

3. Халқ томонидан сайланган маҳалла раисларидан ишдан бўшашлик тўғрисида ариза ёзишни талаб қилишга прокурорнинг қандай ваколати бор?

4. Махманов маҳалла раисларини мунтазам сўкиб, ерга уриб келгани айтилмоқда. Раислар адолат қарор топишига ва унга жазо берилишига ишонмаяпти. Прокурор Сарманов ишдан олиниб, қонунда кўрсатилган жазосини оладими?

5. Прокурор билан бирга одамларга босим ўтказган Тоҳир Сармановга ҳам жазо қўлланиладими?"

Би-би-си Бош прокуратура жавобини шу ерда чоп қилишга тайёрлигини маълум қилади.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002