Ўзбекистон, манфаатлар тўқнашуви: Ипакчилик соҳаси шахсий томорқага айлантирилганми? Yangiliklar

kun uz

Сурат манбаси, kun.uz videosidan skrinshot

Озодбек Назарбековнинг хусусий корхонага эгалик қилиши ортидан Маданият ва туризм вазирлигида коррупцияга йўл қўймаслик юзасидан йиғилиш ўтказилган. Аммо kun.uz нашри томонидан ипакчилик соҳасидаги манфаатлар тўқнашувига оид мақолага суриштирувга расмийлар муносабат билдирмаяпти.

Kun.uz "Давлат амалдорининг "ипакдан тўқилган" бизнес тўри. Соҳа шахсий томорқага айлантирилганми?" номли суриштирув мақоласи чоп қилди.

"Kun.uz суриштируви ипакчилик соҳасининг давлат регулятори ҳам, шу соҳадаги асосий ўйинчилардан бири ҳам айни бир шахс эканини кўрсатди. Ипакчилик қўмитаси раиси, яқингача қўмита билан бирга "Ўзипаксаноат"ни ҳам бошқариб келган Баҳром Шарипов ўзига алоқадор кўплаб компаниялар орқали ипак саноатида шахсий бизнесни юритаётгани маълум бўлди", дейилади мақолада.

Ушбу суриштирув ижтимоий тармоқда Ўзбекистондаги манфаатлар тўнашуви мавзусини яна кўтарган.

Ипакчилик соҳасидаги коррупцион тизим ҳақида иккита мақола ёзган иқтисодчи Юлий Юсупов "Ўзбекистоннинг ипак подшоҳи" деб пост қолдирди.

Иқтисодчининг таъкидлашича, манфаатлар тўқнашуви асосига қурилган бошқарувнинг шаффоф бўлмаган ва коррупцияга ботган тизими самара бермаяпти.

"Гап бир-бирининг вазифасини такрорловчи ва бир-бирини истисно қилувчи функцияларни бажарадиган бир нечта регуляторлар ҳақида. Шунингдек, ипакни қайта ишлаш корхоналари - тижорат нодавлат ташкилотлари - фермерлар ўртасида пилла қурти етиштириш мажбуриятларини юклашда иштирок этяпти. Бу уларга хом-ашё нархларини сунъий тушириш ва мажбурий меҳнатдан фойдаланишда рақобатбардош устунликларга эга бўлиш имконини бермоқда", дейди Юлий Юсупов.

Kun.uz мақоласида айтилишича, СССР парчаланиб, бозор муносабатларига ўтиш эълон қилинди.

Бироқ Ўзбекистонда баъзи қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш соҳаси эркинлаштирилмади. Пилла ҳам шулардан бири. Пиллани кимдир етиштиради, нархини эса бошқа кимдир белгилайди, ҳамда ўша нархда пиллани пиллабоқардан сотиб олади, қайта ишлайди ва маҳсулотни бозор нархида сотади.

Муаллиф Шокир Шариповнинг айтишича, ўша кимдир Ипакчилик ва жун саноати қўмитасига ташкил қилинганидан бери унга раислик қилиб келаётган Баҳром Шариповдир.

Баҳром Шарипов шу йил феврал ойигача параллел равишда "Ўзбекипаксаноат" уюшмасини ҳам ўзи бошқариб келгани айтилмоқда.

"Ипакчилик соҳаси деярли шахсий монополияга қараб кетаётганга ўхшайди. Бутун бошли тизимни "қўлида ушлаб" келаётган Баҳром Шарипов ўзбек ипагидан "ўргимчак тўри" тўқиб олган десак адашмаган бўламиз. Буни у ва унинг яқинлари номида бўлган фирмалар мисолида ҳам кўриш мумкин", дейилади мақолада.

Ўзбекистон қонунчилигида давлат фуқаролик хизматчиси тадбиркорлик билан шуғулланиши тақиқланган бўлсада, нашр ушбу қонун Баҳром Шариповга тааллуқли эмаслигини айтган.

"У Ипакчилик ва жун саноати қўмитаси раиси бўлган ҳолда бир нечта МЧЖ раҳбари ва таъсисчилигини сақлаб қолмоқда", дейилади мақолада.

Кун.уз Баҳром Шарипов ва унинг яқинларига тегишли эканлиги тахмин қилинган ипакчилик, жун толалари, трикотаж маҳсулотлари тайёрлаш каби фаолият турлари билан шуғулланадиган 15 фирма номини келтирган.

"2022 йил декабрида президент топшириғи билан келгуси йилда (яъни 2023 йилда) пилла етиштирувчиларнинг манфаатдорлигини ошириш мақсадида ушбу соҳага ҳам эркинлик берилиши, етиштирилган пилла аҳолидан жаҳон биржаларидан кам бўлмаган нархда харид қилиниши белгиланган эди. Аммо афсуски, бундай бўлгани йўқ", дейилади мақолада.

Ипакчиликка масъул қўмита ва уюшма вакиллари Kun.uz билан учрашувда Баҳром Шарипов аслида тадбиркор бўлгани, ипакчилик йўналишида тадбиркорлик фаолияти билан соҳа раҳбарлигига келгунга қадар ҳам шуғулланганини маълум қилган.

Аммо суриштирувда туғилган саволларга жавоб бермаган.

Бу борада расмий идоралар ҳозирча муносабат билдирмади.

Мақолада номи келтирилган Баҳром Шариповнинг матбуот-котиби муаллиф билан телефон орқали боғланган ва "каттамиз сизни олдига чақиряпти" деган.

Журналист масъулни "Кун.уз офисига келсин" деб таклиф қилган.

Facebookда Юлий Юсупов пости остига изоҳ қолдирган Rufat Erkayev республикада пилла етиштиштириш кўрсатгичлари ошганини айтган ва ушбу мавзуни кўтарган журналистларни айблаган.

Nuriddin Ziyo Turaqulov эса Баҳром Шарипов соҳани жонлаштираётганини таъкидлаган.

"Ипаксаноат уюшмаси тизимда бошқарувчи орган сифатида катта иш қиляпти. Агар уюшма бўлмаса кичик корхоналар ўзи мустақил ипак қурти уруғи олиб келолмайди. Баҳром Шариповни қанчалик соҳани жонлантирганини йиллар ва бу соҳани бугуни ва кечасини билганлар гапирса яхшироқ. Қишлоқлардаги оддий аҳоли ҳам корхоналар ҳам қанчалик фойда олаётганини ўзи айтсин" дейди у.

Унга жавоб берган бошқалар амалдор бизнес билан шуғулланмаслиги кераклигини тиаъкидлашган. Бундай бизнес коррупциянинг очиқ кўриниши эканлигини айтишган.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.