Янгиликлар. Ўзбекистон: Энди давлат амалдорларига қийин бўладими? O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
Кўпчиликни ўйлантириб келаётган муаммо ўз ечимини топдими?
Давлат хизматида ортиқ манфаатлар тўқнашмайдими?
Битта қонун ҳаммасини ҳал қиладими?
Алоқадор мавзулар:
Янги қонун
Ўзбекистонда "Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида"ги қонун маъқулланди.
Янгилик ҳам мамлакат ичкариси ва ҳам ташқарисида кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортди.
Хабарнинг аҳамиятига Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг 41-ялпи мажлисида келтирилган рақамлар ҳам яна бир бор далолат қилмай қолмади.
Агар, мажлис чоғида янграган рақамларга таянилса, биргина идора томонидан манфаатлар тўқнашувига оид расман қайд этилган ҳолатларнинг ўзи минглабдир.
Дейлик, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 2021 йил ва ўтган йилнинг дастлабки беш ойида умумий қиймати 429,3 сўмга тенг 5805 та давлат харидида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганини аниқлаган.
Янги қонунчиликка мувофиқ, энди мазкур муносабатларни тартибга солиш ваколатли органлар зиммасида бўлади.
Бу иш билан энг аввало Коррупцияга қарши курашиш агентлиги шуғулланади.
Агентлик энди манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳолатни аниқласа, маъмурий баённома тузиш, судга даъво аризаси киритиш ҳуқуқига ҳам эга бўлади.
Тартиб ва жавобгарлик

Сурат манбаси, Gov.uz
Янги қонунчиликка мувофиқ, манфаатлар тўқнашувига оид янги тартиблар белгиланади, уларни бузганлик ҳуқуқий оқибатларни ҳам кўзда тутади.
Давлат ташкилоти ходимининг манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги маълумотларни декларация қилиш, бу ҳақда олдиндан хабар бериши тақозо этилади.
Яқин қариндошлари ва унга алоқадор бўлган шахслар эса, мазкур ходимнинг меҳнат қилаётган ташкилоти билан ҳуқуқий муносабатга киришаётганида, манфаатлар тўқнашуви тўғрисида ёзма ёки электрон шаклда хабар бериши керак бўлади.
Ҳар бир ҳолатда манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабар бермаганлик эса, давлат ташкилотлари ходимлари учун БҲМнинг 3 баравардан 5 бараваригача жаримани кўзда тутиши айтилмоқда.
Маълум бўлишича, манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ вазиятни тартибга солмаслик мансабдор шахслар учун ҳам беоқибат кечмайди.
Шундай ҳолатга йўл қўйган тақдирларида, улар БҲМнинг 5 баравардан 10 бараваригача жаримага тортилишлари мумкин бўлади.
Агар, янги қонун лойиҳаси тафсилотларига таянилса, давлат ташкилоти ходими ёки унинг яқин қариндоши ҳиссадори, муассиси(иштирокчиси), бошқарув органи аъзоси ҳисобланувчи юридик шахс ушбу ходимларга алоқадор шахс саналади.
Янги қонун лойиҳаси

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK
"Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида"ги қонун лойиҳаси шу йилнинг 10 май куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.
Ўшанда янги қонунчилик ҳужжатининг 5 та боб ва 30 дан ортиқ моддадан иборат экани айтилган.
Ўзбекистонда манфаатлар тўқнашувини алоҳида қонун билан тартибга солиш таклифи эса, мамлакат Адлия вазирлигидан чиққан.
Вазирлик янги қонун давлат ташкилотларида давлат хизматчилари томонидан содир этилувчи коррупция ҳолларининг олдини олишига умид қилаётир.
Халқаро рейтингларда Ўзбекистоннинг позициясини яхшилашга хизмат қилади, деган ўйда.
Янги қонунчилик билан боғлиқ сўнгги хабарлар манзарасида ўзбекистонлик таниқли блогер Муҳрим Аъзамхўжаевнинг Telegram каналида чоп қилган 30 май кунги пости ҳам ўзига эътибор тортмай қолмаган.
"2021 йил бошида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев J-United Group компаниясининг 100 фоиз улуши эгаси эканига эътибор қаратилиб, амалдаги давлат мансабдори айни вақтда хусусий бир бизнесга эгалик қилиши қанчалик тўғри деб савол қўйилганди. Ўшанда Адлия вазирлиги давлат органлари мансабдорларига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тақиқлангани, лекин тижорат ташкилотларининг улуши (акцияси)га эгалик қилиш тадбиркорлик фаолияти ҳисобланмаслиги, амалдаги қонунчиликда мансабдорнинг тижорат ташкилотларида улуш (акция)ларга эгалик қилиши (ёки муассис бўлиши)га тўғридан-тўғри тақиқ йўқлигини маълум қилганди. 2023 йил январида амалдорларнинг тадбиркорлик субъектларида, хусусан, муассис бўлишини ҳам тақиқловчи "Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида"ги қонун амал қилаётганига бир-икки ой бўлиб қолганди-ёв. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 2023 йилнинг январида ҳам бор эди. Лекин Ортиқхўжаев 2023 йил январидаги аномал совуқ оқибатида "ишсиз" қолгунига қадар мен, тўғриси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Тошкент шаҳар ҳокимлигига J-United билан боғлиқ "қонунчиликка номувофиқликни бартараф этиш" тўғрисида тақдимномалар киритгани ҳақида ҳеч эшитмаган эканман. Балки киритилгандир, балки хабар ҳам берилгандир, балки Ортиқхўжаев вақтинча муассисликни топширгандир ҳам, балки ўтказиб юборгандирман, балки эслатишар. Бугун Ж-Юнайтедни эслаганимга сабаб - маданият вазири Озодбек Назарбеков бир МЧЖнинг 100 фоиз эгаси экан, лекин бу "Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида"ги қонунга зид бўлгани учун, тушунишимча, агентликнинг саъй-ҳаракатлари билан ушбу "қонунчиликка номувофиқлик" бартараф этилибди. Мен, бир томондан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги қўл қовуштириб ўтиргани йўқлигини билиб анча хотиржам бўлдим, иккинчидан, римликларнинг "Quod licet Zhacongiro, non licet Ozodbeco" деган гапи орадан шунча вақт ўтса-да ўз долзарблигини йўқотмай келаётгани яна бир карра тасдиқланганини кўриб қувондим", - деб ёзган блогер ўзининг постида.
Хабарларга кўра, президент ҳам имзолаган тақдирда, янги қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач, кучга киради.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги эса, шахсан президент Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан 2020 йилда ташкил этилган.
Унинг президентнинг ўзига ва парламентга ҳисоб бериши белгиланган.
Коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш эса, агентликнинг энг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланган.
Коррупция ҳануз Ўзбекистон билан боғлиқ ва кўпчилик ўзбекистонликлар бефарқ бўлмаган долзарб муаммолардан бири бўлади.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














