Дунё бўйлаб матбуотга ҳужумлар кўпайган - янгиликлар, Ўзбекистон ва минтақа

matbuot

Дунё бўйлаб ҳукуматларнинг матбуотга нисбатан ҳужуми ва босимлари кучайган. Reporters Without Borders (RSF) Чегара Билмас Мухбирлар ташкилоти ҳисоботида вазият ўта ёмонлашаётгани айтилади.

Мухбирлар ва журналистларга нисбатан ҳукуматлар яна ҳам агрессивроқ йўл тутаётгани урғуланади.

Ўтган йили ташкилотга кўра, 55 журналист ва 4 нафар матбуот ходими ўлдирилган.

Фейк ва ёлғон маълумотлар билан журналистларга нисбатан нафрат уйғотиш ҳолатлари ҳам кўпайган.

Марказий Осиё давлатларида ҳам вазият ёмонлашган.

Қирғизистон матбуот эркинлиги бўйича рейтингда 50 поғона пасайган.

Қозоғистон 12 ва Ўзбекистон 4 поғонага пастлагани айтилади.

Туркманистон эса рўйхатнинг энг қуйи беш ўрнидан бирида турибди.

Баёнотда, Қирғизистон ҳукумати ҳамон барча анъанавий оммавий ахборот воситаларини назорат қилиши ва ўз таъсирини хусусий оммавий ахборот воситаларига ҳам кенгайтиришга ҳаракат қилаётгани таъкидланади.

"Чегара билмас мухбирлар" халқаро ташкилоти рейтингига киритилган 180та давлат ва ҳудуддан, 31тасида матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият "жуда оғир", 42та давлатда вазият "қийин", 55тасида "муаммоли", 52тасида эса "яхши" ёки "қониқарли" экани қайд этилган. Бошқача айтганда, дунёнинг ўнта давлатидан фақат учтасида журналистлар фаолияти учун қониқарли шароитлар яратилган.

matbuot

Сурат манбаси, Rsf.org

Матбуот эркинлиги рейтингида еттинчи йилдирки, Норвегия етакчилик қилмоқда. Рейтингдан кейинги ўринларда Ирландия, Дания, Швеция, Финляндия, Нидерландия, Литва ва Эстония жойлашган.

Ҳисоботда, Россия 164 ўринни, Беларус 157, Ўзбекистон 137, Тожикистон 153, Қозоғистон 134, Туркманистон эса 176 ўринни эгаллаган.

Ўзбекистондаги вазият

Шу йилнинг март ойида Ўзбекистонда бир гуруҳ фаол ва журналистлар Президент Шавкат Мирзиёега мурожаат қилиб, сўз эркинлигини ҳимоя қилиш ва журналистларга босимни тўхтатишга чақирганди.

Президент Шавкат Мирзиёевга қилинган очиқ мурожаатга Ўзбекистондаги ва хорижда бўлиб турган ўнлаб фаол ва журналистлар имзо чеккан.

Мурожаат бошида Шавкат Мирзиёев 2016 йилда давлат раҳбари бўлиб келганидан сўнг сўз эркинлиги борасида ҳам Ўзбекистонда ўзгаришлар бошлангани эътироф этилган.

Айни дамда эса вазият яхши томонга ўзгармаётгани айтилган.

"Матбуот ўзи истаган мавзуни кўтара олмаяпти. Журналистлар ўзлари истаган оҳангда вазиятни кўрсата олмаяпти. Давлатнинг ахборотни назорат қилишга масъул бўлган муассасаси таҳририят ва блогерларга муттасил равишда босим қилиб, ахборот оҳанги, шакли, моҳиятини ўзгартириш ёки бу ахборотнинг тўлиқ чиқмаслигини талаб қилишда давом этмоқда", дейилади унда.

Мурожаатда Президент Мирзиёевдан Ўзбекистонда сўз ва фикр эркинлигини кучлироқ ҳимоя қилишни, бу борада конституция ва амалдаги қонун нормалари тўлиқ ишлашини, маълум давлат муассасаларининг журналистларга, матбуотга, блогерларга босимларини тўхтатишда ёрдам бериш сўралган.

3 март куни ижтимоий тармоқларда эълон қилинган мурожаатни Президент Мирзиёев ёки Президент девони муносабат билдиргани борасида очиқ манбаларда хабар йўқ.

Муносабатлар

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Ўзбекистоннинг ўтган йил билан солиштирганда 4 поғона тушишини мавжуд тенденцияга берилган тўғри баҳо деган.

"Хавотирли тенденция! Сўз ва матбуот эркинлиги борасида, Ўзбекистонда, давлат муассасаларининг қарашлари ҳар хил. Сўз ва матбуот эркинлиги - қадрият сифатида, ҳали кўплаб давлат институтлари ва муассасаларида қабул қилинмайди. Аксинча, асосий қадрият - бу хавфсизлик ва барқарорлик, сўз ва мутбуот эркинлиги эса, ушбу қадриятга таҳдид, душман, оппонент сифатида кўрилади. Сўз ва матбуот эркинлигига босим - йўқолмайди. Ҳаттоки, сўз ва матбуот эркинлигини таг-томири билан қўпориб ташлаш тарафдорлари кучаяди ҳам. Лекин, Ўзбекистонда 2016 йилдан шаклланиб бошлаган, нозиккина сўз ва матбуот эркинлиги, тўлиқ йўқотилиши билан, маъмурият тарихий кампанияни тўлиқ ютқазган бўлади. Чунки, сўз ва матбуот эркинлиги, бу фақат давлатни безовта қилувчи омил эмас, балки давлатга олдиндан, малакали билиш ва энг тўғри қарорлар қабул қилиш имкониятини берувчи биринчи воситадир", дейди у.

Журналист Фаррух Абсаттаров давлат ташкилотлари томонидан ОАВ вакилларини табриклашларга шундай муносабат билдирган.

"Давлат ташкилотларининг телеграм каналлари бири қўйиб бошқаси ОАВ ходимларини Жаҳон матбуот эркинлиги куни билан табриклаб ётибди. Нима кераги бор шунақа кўзбўямачиликни, Ундан кўра цензурага қарши кураш, цензорларга "тўхта", деб айт. Матбуот эркин бўлсин, дейдию, кўпчилиги очиқлик ва танқидни тўғри қабул қилолмайди. Журналистларни ҳимоя қиладиган қонунни қарийб 4 йилдан бери қабул қилишмаяпти, шуни қабул қилиш учун ҳаракат қилинглар. Ўзларига керак бўлса, 1 ҳафтада лазейкалари билан ҳужжат чиқариб олишади", дейди у.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002