Янгиликлар - Яна бир ўчирилган мақола: Ўзбекистон давлат хизматчиларининг АҚШ мулозимларига берган совғалари - Ўзбекистон, Dunyo

Сурат манбаси, Screenshot
Gazeta.uz нашри АҚШ департаменти Ўзбекистон давлат хизматчиларидан олинган совғалар ҳақидаги чоп қилган мақоласини ўчириб ташлади.
"АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистон давлат хизматчиларидан олинган совғалар нархларини ошкор қилди" сарлавҳали мақола нима сабабдан олиб ташлангани маълум эмас.
У АҚШ Протокол идораси 2021 йилда хорижий ҳукуматлардан олинган совғалар рўйхатига асосланиб ёзилган.
"Улар орасида Ўзбекистон давлат хизматчилари ва биринчи хоним Зироат Мирзиёеванинг ҳадялари ҳам бор. Йил давомида олинган эсдалик совғаларининг умумий қиймати 11 485 долларга баҳоланган", дейилади ўчирилган мақолада.
АҚШ Протокол идораси чоп қилган ҳисобот оммага очиқ ва унда давлат мулозими кимдан ва қанча қийматга эга совға олгани кўрсатилган.
Ҳисоботда ҳадя қабул қилишни оқловчи сабаб ҳам кўрсатилган.
Совғани қайтармасликка сабаб сифатида асосан "қабул қилмаслик берувчи ва АҚШ ҳукуматини ҳижолатга қўяди", деб ёзилган.
Рўйхатда Украина уруши сабаб ҳозир Америка билан муносабатлари илиқ бўлмаган Россия Президенти Владимир Путиннинг 2021 йил 16 июн куни АҚШ Президенти Жо Байденга берган 12 минг долларлик ручкалар тўплами ҳам келтирилган.
Ўзбекистоннинг қўшниси Афғонистоннинг ўша вақтдаги Президенти Ашраф Ғанининг рафиқаси Рула Ғани хоним 2021 йилнинг 29 июн куни Президент Байденнинг рафиқаси Жилл Байденга 19200 долларлик ипак гилам ҳадя қилган.
Gazeta.uz мухбири Ўзбекистон давлат хизматчилари ва вакиллари томонидан умумий қиймати 11 485 АҚШ доллари бўлган совғалар топширилганини эътироф қилган.
"Энг қиммат совға бош вазирнинг собиқ ўринбосари ҳамда инвестициялар ва ташқи савдо вазири, президент Администрациясининг амалдаги раҳбари Сардор Умурзқков томонидан АҚШ Халқаро тараққиёт молия корпорацияси (DFC) ижрочи директори Адам Болерга топширилган. Улар ўша йилнинг январь ойида Тошкентда учрашишган. Тадбир сўнгида америкалик меҳмонга миллий нақшинкор қути, учта Gucci ҳамёни ва 4985 долларлик 4x6 фут (1,2×1,8 м) ўлчамли гилам совға қилинган", дейилади мақолада.
Gazrta.uzнинг ёзишича, Ўзбекистон президентининг рафиқаси Зироат Мирзиёева АҚШнинг биринчи хоними Жилл Байденга 440 долларлик жакет шаклидаги ипак чопон совға қилган. Хабар қилинишича, совға 2021 йил 25 июлда топширилган.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов Миллий хавфсизлик кенгашининг Марказий Осиё бўйича директори Эрик Руденшолдга 2100 долларлик ипак гилам совға қилгани ҳам келтирилган.
Бундан ташқари нашр, элчи Жавлон Ваҳобов 2021 йил 20 январдан 2022 йил 3 январгача АҚШ Протокол бошлиғи вазифасини бажарувчи асл келиб чиқиши қозоғистонлик бўлган америкалик дипломат Ассел Робертс ва протокол ходими Женнифер Вамнинг ҳар бирига «Ўзбек ошхонаси маданияти» китоби ва икки дона Марғилон шойи матосини совға қилган. Уларнинг нархи 1020 долларга баҳоланган (ҳар бир тўплам учун 510 доллар) ҳақида ёзган.
Веб саҳифадан ўчириб юборилган мақолада Ўзбекистон собиқ ташқи ишлар вазири, ҳозирда Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари Абдулазиз Камилов ўз ҳамкасби, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкенга қиймати қарийб 1900 долларлик от устидаги овчи тасвири туширилган миниатюра плиткасини совға қилгани кўрсатилган.
2021 йил 1 июлдаги йиғилишда собиқ ташқи ишлар вазири АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остинга (юқоридаги расмда) ёнғоқ ёғочидан тайёрланган шахмат ва яшил теридан ясалган совға қутидаги альбом совға қилган. Совға 1040 долларга баҳоланган.
Кузатувчилар давлат мулозимлари ўртасида совға бериш ва олиш қабул қилинган одат эканлигини айтишади.
Gazeta.uz мақоласи сайтдан олиб ташланган бўлса-да, уни Google Cache архивларида ўқиш мумкин.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002















