Ўзбекистон: Диний эркинлик бўйича “бажарилмаган тавсиялар” ва Европа расмий Тошкентни санкцияга тортмоқчими?

ahmad

БМТнинг собиқ махсус вакили Мирзиёев ҳукумати диний эркинликни таъминлашга оид тавсияларга тўлиқ риоя қилмагани ҳақида гапирди, ТИВ эса Ўзбекистоннинг эҳтимолий санкцияга тортилиши тўғрисидаги хабарларга изоҳ берди.

5 йиллик ҳисобот

БМТнинг эътиқод эркинлиги бўйича собиқ махсус вакили Аҳмад Шаҳид Ўзбекистон ҳукумати диний эркинликларни таъминлаш бўйича берилган аксар тавсияларни бажармаганини айтди, дея хабар бермоқда Озодлик радиоси.

2017-йил кузида БМТ махсус вакили ўлароқ Ўзбекистонга келган Шаҳид эътиқод эркинлиги билан боғлиқ вазиятни кўздан кечирган ва қудратга энди келган Мирзиёев ҳукуматига мавжуд аҳволни яхшилаш йўлида ўз тавсияларини берган эди.

Тавсияларнинг асосийлари диний ва эътиқодий қарашларни бўғмаслик, 1998-йилда қабул қилинган "Виждон эркинлиги тўғрисида"ги қонунни қайтадан кўриб чиқиш, дунёвийликни таъминлаш ва мутаассибликнинг олдини олиш чораларини кўришдан иборат бўлган.

Орадан беш йил ўтиб, айни дамда, Британиянинг Эссекс университети профессори бўлган Шаҳид Ўзбекистондаги сўнгги беш йилликка доир ҳисоботини тақдим этган.

Озодлик радиосининг ёзишича, ҳисобот 27-март куни Тошкентдаги АҚШ элчихонасида ўқиб эшиттирилган.

Алоқадор мавзулар:

"Сўнгги ташрифимдан сўнг ўтган даврда айрим масалаларда ижобий силжишлар бор. Бироқ аксарият муаммоларнинг ўзгармай қолаётгани хавотирлидир", дея Аҳмад Шаҳиддан иқтибос келтирмоқда Озодлик радиоси.

Шунингдек, собиқ махсус вакил Тошкентда Мирзиёев ҳукумати диний эркинлик билан боғлиқ жиноий, маъмурий қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш, "экстремизм" тушунчасини қайта кўриб чиқиш, шахсларга "диний экстремизм", "конституцияга хилоф фаолият" тушунчаларини аниқлаштириш тавсияларини бажармаганини таъкидлаган.

Мавзуни ёритган Америка Овози Шаҳид ва бошқа халқаро экспертлар диний ташкилотларнинг рўйхатга олинишини осонлаштиришда давом этиш зарурлиги ҳамда жараёнлар тез, очиқ ва холис бўлиши учун зарур чоралар кўриш пайти келганини тилга олгани ҳақида ёзган.

Шаҳид ўқиб эшиттирган ҳисоботда эътиқоди учун одамларни қамаш амалиётига чек қўйиш лозимлиги, сохта айбловлар билан қамалган инсонларнинг шикоятини кўриб чиқиш, оқланганларни реабилитация қилиш, уларнинг ҳуқуқлари тикланиши учун чора кўриш тартибини ишлаб чиқиш вақти келгани ҳақида ҳам сўз боради.

"Тизим "диний эркинликка тоқат қилиш" билангина чекланмай умумбашарий инсон ҳуқуқлари тамойилларини ҳурмат қилишни ўрганиши лозим. Бу жараён бирор жамиятда осон кечмайди", дея экспертлар фикрини келтирган Америка Овози.

Ўтган йилнинг августида мандатини топширган Аҳмад Шаҳиднинг 2017-йилда БМТ махсус вакили ўлароқ мамлакатга келиши Ўзбекистоннинг халқаро имижи учун йирик воқеа сифатида эътироф этилган эди.

Сабаби узоқ йиллар давомида БМТнинг бундай даражадаги бирор вакили Ўзбекистонга ташриф буюрмаганди.

Шундай сўнг Ўзбекистон ва халқаро ташкилотларнинг инсон ҳуқуқлари, диний эркинлик каби масалалар борасидаги ҳамкорлигида маълум узилиш кузатилган бўлсада, Мирзиёев ҳукумати диний эркинлик билан боғлиқ вазиятни ўнглаш йўлида қатор ишларни амалга оширган.

Масалан, Шаҳиднинг асосий тавсияларидан бўлмиш машъум Жаслиқ қамоқхонаси 2019-йилда ёпилган.

Ҳуқуқбон Абдураҳмон Ташановнинг хабар қилишича, БМТнинг собиқ вакили Тошкентга уч кунлик сафари давомида фуқаролик жамияти вакиллари, адвокатлар ва блогерлар билан учрашган.

Аммо ушбу учрашувларда кўтарилган мавзулар мазмуни ва Шаҳиднинг ҳисоботи тафсилотлари маҳаллий матбуотда, ҳозирча, ёритилмаган.

Санкцияларга чап бериш

david

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Девид O'Салливан

Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Девид O'Салливан Марказий Осиё бўйича сафарини бошлади.

У Ўзбекистонга ҳам келмоқчи.

O'Салливан Ўзбекистонга келиш нияти ҳақида 28-март куни Бишкекда ўтган матбуот анжуманида маълум қилган.

ЕИ махсус вакили пост совет макони бўйлаб сафарлардан мақсад давлатларни Россияга санкцияларни четлаб ўтишда кўмак бермасликка даъват қилиш эканини билдирган.

"Биз Россияга қарши қўйилган санкцияларни дастакламаётган давлатлар қарашини ҳурмат қиламиз. Аммо улар [давлатлар] санкцияларни четлаб ўтиш учун платформага айланиб қолишини истамаган бўлардик", дея O'Салливандан иқтибос келтирган қирғиз матбуоти.

O'Салливаннинг бу таъкиди Европа Иттифоқи Марказий Осиё давлатларини Россияга санкцияларни айланиб ўтишда ёрдам бераётганликда гумонлаётгани тўғрисидаги хабарлар манзарасида янграган.

Расмий Брюссел Европадан экспорт қилинаётган кир ювиш машиналари, эски автомашиналар, камералар каби товарларнинг Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон каби давлатлар орқали Россияга кириб бориши кескин ортаётганига эътибор қаратган.

Европалик сиёсатчиларнинг хавотир билдиришича, бундай товарлар қисмларга ажратилиб, улардаги яримўтказгичлар ва бошқа эҳтиёт қисмлари Россия армиясини кучайтириш, масалан, танклар ва дронлар ишлаб чиқариш ёки таъмирлаш йўлида ишлатилиши мумкин.

Ўтган ҳафта The Telegraph нашри Европа Иттифоқи аъзо давлатлари Москвага ёрдам бераётган мамлакатларни санкцияга тортиб жазолаш чораси устида ишлаётгани айтилган махфий ҳужжатни қўлга киритгани ҳақида ёзган.

"Ҳужжатда акс этган таклифда тақиқланган товарларни Россияга иккиламчи экспорт қилгани аниқланган тақдирда, ҳар қандай давлат, компания ёки шахсни Европа умумий бозорига кириш ҳуқуқидан маҳрум этиш ҳақида сўз боради", дейилади The Telegraph мақоласида.

29-март куни Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурхонов Европа Иттифоқи Ўзбекистонни санкцияга тортишга тайёргарлик кўраётгани бўйича вазирликка бирор расмий ҳужжат келиб тушмаганини билдирган.

"Бизга бирорта расмий маълумот келиб тушмади. Шунинг учун ҳозирча бу борада бирор нарса дея олмаймиз", деган Бурхонов Daryo.uz нашрининг бу борадаги сўровига жавобан.

Бироқ матбуот котиби мазкур масала юзасидан ҳозирда суриштирув ишлари олиб борилаётганини қўшимча қилган.

"Бобурнома" ва сунъий идрок

midjourney

Сурат манбаси, https://t.me/boburnama via Midjourney

Сурат тагсўзи, Сунъий идрок "Бобурнома"да келтирилган тавсифлар орқали Андижон қўрғонини шундай "кўрган".

Ўзбекистонда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг хотираларини Midjourney нейрон тармоғи ёрдамида тасвирлаш лойиҳаси йўлга қўйилган.

Лойиҳа муаллифлари сунъий идрок ёрдамида Бобур ўзининг "Бобурнома" асарида келтирган ҳудудлар, воқеа-ҳодисотлар тасвири орқали унинг кўрган-кечирганларини қайта жонлантираётганларини айтадилар.

"Ёшларга шундай аждодимиз борлигини яна бир бор эслатиш ва уларнинг эътиборини жалб қилишнинг энг яхши йўли - улар эшитган замонавий технологиялардан фойдаланишдир. Бугунги кунда бу Midjourney нейрон тармоғи. Нега биз Бобур асарини танладик, чунки у шаҳарларни, одамларни жуда чуқур тасвирлаб берган ва ўша давр муҳитини бера олган. Бу нейрон тармоқ ишини осонлаштиради", дейди лойиҳа муаллифларидан бири.

Лойиҳа доирасида сунъий идрок ишлаган иллюстрациялар Телеграм'даги "Бобурнама" каналида бериб борилмоқда.

Қорақалпоғистон вилояти?

kr

Сурат манбаси, Skrinshot

"Ёшлар" телеканали Қорақалпоғистонни вилоят ўлароқ кўрсатгани учун узр сўраган.

28-март куни намойиш этилган "Биз томонларда" кўрсатувида Қорақалпоғистон Республикаси номи "Қорақалпоғистон вилояти" сифатида ёзилган.

Телеканал шу куннинг ўзидаёқ эфирда ушбу хатолик учун узр сўраган, ҳолатни техник хатоликка йўйган.

"Бугун телеканалимиз фаолиятида жуда кам-кам учрайдиган қўпол хатоликка йўл қўйилди. Соат 12:05 да Қорақалпоғистон Республикасидан тайёрланган "Биз томонларда" кўрсатуви намойиш этилган эди. Кўрсатувда монтаж жараёнидаги техник хатолик сабабли "Қорақалпоғистон Республикаси"нинг номи хато кўрсатилган. Ушбу қўпол хатоликка йўл қўйилгани учун биз, "Ёшлар" телеканали жамоаси, кўп сонли телетомошабинларимиздан узр сўраймиз", деган телеканал сухандонлари.

Телеканал баёнотида ҳозир "айбдорларга нисбатан тегишли чоралар кўрилаётган"и айтилади.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.