Ўзбекистон: Тошкентда “Ўргимчаклар” йиғини тарқатилди – хавотирга сабаб бўлган “Рёдан” ҳаракати Украина урушига алоқадорми? O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

Toshkent

Сурат манбаси, socialmedia/screenshot

Сурат тагсўзи, Расмийлар "Рёдан" ҳаракатига алоқадор каналлардаги чақириқ ортидан 5 март куни пойтахт Тошкентда 50 нафарга яқин ўсмирлар бир ерга тўпланганини билдирган ҳамда ҳаракатни "турли бузғунчи ва адоват ғояларини тарғиб этувчи" дея атаган

Бир неча кундан буён Киев ва Москва ўртасида навбатдаги сиёсий тортишувларга сабаб бўлиб келаётган ўсмирлар ҳаракати Ўзбекистонда ҳам пайдо бўлгани хабари чиқди. "Рёдан ХҲК"қанчалик хатарли бўлиши мумкин?

Алоқадор мавзулар

Бир неча кундан буён Киев ва Москва ўртасида навбатдаги сиёсий тортишувларга сабаб бўлиб келаётган ўсмирлар ҳаракати Ўзбекистонда ҳам пайдо бўлгани хабари чиқди. "Рёдан ХҲК"қанчалик хатарли бўлиши мумкин?

Украина, Беларус, Россияда ўсмирларнинг оммавий муштлашувлари ортидан матбуот назарига тушган "Рёдан ХҲК" [хусусий ҳарбий компанияси - таҳр.] аъзолари Ўзбекистонда ҳам пайдо бўлгани хабар қилинмоқда.

Расмийлар "Рёдан" ҳаракатига алоқадор каналлардаги чақириқ ортидан 5 март куни пойтахт Тошкентда 50 нафарга яқин ўсмирлар бир ерга тўпланганини билдирган ҳамда ҳаракатни "турли бузғунчи ва адоват ғояларини тарғиб этувчи" дея атаган.

3 март куни Тошкент шаҳар ИИББ пойтахтда ҳам мазкур ҳаракат ихлосмандлари аниқланганини маълум этиб, ота-оналарга огоҳлантирувчи мурожаат эълон қилган эди.

Ўтган ҳафтадан буён эса мазкур ҳаракат Украина ва Россия ўртасида ўзаро сиёсий айбловларга сабаб бўлиб келмоқда.

Хўш, бу ўзи қандай ҳаракат ва унинг Украинадаги урушга бирор алоқаси борми?

"Фарзандларингизга бефарқ бўлманг"

Hunter x Hunter номли япон мангаси ва у асосида ишланган айни номдаги анимедан руҳланган вояга етмаганларнинг "Рёдан" ҳаракати ҳақида илк хабарлар жаҳон матбуотида февраль ойи ўртасида пайдо бўлган.

Ҳаракат ихлосмандлари ўргимчак рамзи ва 4 рақами туширилган худи кийиб юриши ҳамда узун сочлар ўстириши билан ажралиб туради.

3 март куни Тошкент шаҳар ИИББ ушбу ҳаракат мухлислари мамлакатда ҳам мавжудлигига оид маълумот келиб тушганини хабар қилган.

Расмий хабарда ҳаракат дастлаб япон анимеси мухлиси бўлган ўсмирларни "қизиқишлари бўйича бирлаштиришдан бошқа мақсадларни кўзламагани" ҳақида сўз боради.

"Бироқ вақт ўтиши билан ҳаракатдан янги йўналиш ажралиб чиқиб, улар ичида бир қатор тажовузкор шахслар пайдо бўлди. Улар ҳудуддаги вазиятни беқарорлаштириш, ўсмирларнинг тўлиқ шаклланмаган дунёқарашига таъсир ўтказиш орқали уларни назорат қилишни мақсад қилиб олдилар.

Болаларнинг аниме ва мангага бўлган қизиқишини қоралаб бўлмайди. Лекин, бу қизиқиши туфайли у номаълум шахсларнинг таъсирига тушиб қолмаётганлигига, виртуал дунёни ҳақиқатдан ажрата олиш қобилиятини йўқотмаганлигига ишонч ҳосил қилинг", дея ота-оналарни ҳаракатнинг эҳтимолий хатаридан огоҳлантирган пойтахт ИИББ.

6 март куни Тошкент шаҳар ИИББ бир кун аввал пойтахтдаги Форумлар саройи олдида 50 яқин вояга етмаганлар тўплангани аниқланганини маълум қилган.

Билдирилишича, ўсмирлар "Рёдан" ҳаракатининг ижтимоий тармоқдаги каналлари орқали 5 март куни соат 18:00 да мазкур жойда тўпланиш кўрсатмасини олганлар.

Расмий хабарда айтилишича, эълон қилинган кўрсатмада йиғин жойига "пневматика, совуқ ва ўқотар қуроллар билан қуролланиб келиш" таъкидланган.

Пойтахт ИИББ ўсмирлар билан профилактик суҳбат ўтказилгани ва барча вояга етмаган болалар шу куннинг ўзида "ота-онаси ёки яқинлари билан бирга уйига қўйиб юборилгани" ҳамда "ҳеч ким процессуал тартибда ушланмагани"ни билдирган.

Расмийлар пойтахт марказида юз берган ҳодисани "ахборот хуружи" дея атаган ҳамда "ғаразли ниятдаги шахслар бу оқимларни бошқаришга, бузғунчи ғояларни тарғиб қилишга, аҳоли орасида адоват ва ваҳима уйғотишга ҳаракат қилаётгани"ни таъкидлаган.

Бир вақтнинг ўзида, "Рёдан" ҳаракати аъзолари томонидан тарқатилган барча хабарлар текширилиб, ҳар бир ҳолат ўрганилиши қўшимча қилинган.

"Бизни барибир тутолмайсиз"

Ryodan a'zolari

Сурат манбаси, Pokolenieryodan/telegram

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари, ҳозирча, мамлакатдаги "Рёдан" ҳаракати ортида кимлар тургани ёки бу ҳаракат аъзолари бошқа ҳудудларда ҳам аниқлангани борасида маълумот бермаган.

Бир вақтнинг ўзида, Telegram'даги Nefor.uz канали 5 март куни ўтган анимечилар йиғини ташкилотчилигини ўз зиммасига олган.

Канал маъмурларининг даъво қилишича, йиғинни ташкил этишдан "зўравонликка чақирув мақсад қилинмаган".

Каналда қолдирилган хабарда 5 март куни "биргаликда сайр қилиш мақсадида тўпланган 100 дан зиёд" аниме мухлислари ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўлга олингани иддао қилинган.

Айни вақтда мазкур канал ким ёки кимлар томонидан юритилаётгани номаълум.

4 март куни - Форумлар саройи олдидаги йиғиндан бир кун аввал - Nefor.uz каналида ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат эълон қилинган.

"Ҳурматли Тошкент ИИББ ёки бу канал админларини жон-жаҳди билан излаб топишга уринаётганлар. Бас қилинг, қўлингиздан ҳеч нарса келмайди. Биз ёлғизмасмиз ва ёшимиз ҳам 15 да эмас. Каналларни юритиш тажрибамиз ҳам бир ой эмас, камида, икки йилга тенг. Ўзингиз хоҳлаганларни тутолмайсиз ва сўроқ қилолмайсиз. Бу ҳаракатларингиздан бирор иш чиқмайди. Биз ҳеч қандай қонунни бузмаяпмиз ва сизнинг "Рёдан тақиқланган ташкилотингиз" анимечилар клубидан бошқа ҳеч нарса эмас".

Ҳаракатнинг Украина урушига қандай алоқаси бор?

Ryodan a'zolari

Сурат манбаси, Generationryodan/telegram

Кенг жамоатчилик "Рёдан ХҲК" мавжудияти тўғрисида февраль ойининг сўнгги ҳафтасида хабар топган.

19 февраль куни Москвадаги "Авиапарк" савдо марказида юз берган ўсмирлар ўртасидаги оммавий муштлашув матбуотда ёритилган "Рёдан" аъзолари иштирокидаги илк зўравонлик ҳолати бўлган.

Bellingcat, Mediazona, The Moscow Times каби қатор нуфузли мустақил нашрларнинг ёзишича, оммавий муштлашув аниме мухлислари ва ўнг миллатчи кайфиятдаги ёшлар тўқнашуви ортидан юз берган.

Кейинроқ, 12 оёқли оқ рангли ўргимчак ва, аксар ҳолларда, 4 рақами туширилган қора кийим кийиб юриши билан ажралиб турадиган "Рёдан"чи ўсмирлар йиғинлари нафақат Россия, балки Беларус, Украинанинг турли шаҳарларида ҳам кузатилган ва бундай тўпланишларнинг кўпи оммавий тартибсизликлар, ҳибслар билан якун топган.

Ўтган бир неча кун давомида ўсмирлар ўртасидаги бу ҳаракатга Украина ва Россия юқори ҳокимиятлари даражасида эътибор қаратилган.

Россия полицияси мамлакат мактаблари бўйлаб тарғибот учрашувлари ташкил этиб, ўқувчиларга ҳаракат ортида "Ғарб махсус хизматлари тургани", уларнинг нияти эса "рус ёшларини миясини заҳарлаш" эканини уқтираётгани хабар қилинган.

Россия Давлат Думасининг бир қанча депутатлари гуруҳ фаолиятини чуқур ўрганиш, мамлакатда анимени тақиқлаш ва "нодўст давлатларнинг" ҳаракатга алоқаси тўғрисидаги хабарларни текширишга чақирган.

Кремль сўзчиси Дмитрий Песков ҳукумат ҳолатни диққат билан кузатаётгани ва мазкур субмаданият тарқалишига салбий муносабатда эканини билдирган.

Украина томони Россиядан билдирилаётган айбловларни қатъиян рад этган.

Ўз навбатида, Киев полицияси Украина шаҳарларида ҳам тартибсизлик уюштираётган "Рёдан"чилар ортида "Россия пропагандачилари" турганини даъво қилган.

"Ёшлар ва ўсмирлар ўртасида кузатилаётган оммавий муштлашувлар Россия пропаганчилари томонидан уюштирилган навбатдаги ахборот-психологик операцияси ва болалардан фойдаланган ҳолда Украинадаги ички вазиятни беқарорлаштиришга уринишдир", дея маълум қилган Киев полицияси Facebook'даги ўз саҳифасида.

Хусусий ҳарбий компания?

Россия ва Украина томони бир-бирини айблаётган бир пайтда мавзуга эътибор қаратган қатор таҳлилчилар, журналистлар ҳаракатнинг бирор мамлакатдаги ўсмирлар билан боғлиқ вазиятни беқарорлаштириш йўлида махсус ташкил этилганига далиллар деярли йўқлиги ҳақида ёзган.

Нуфузли Bellingcat нашри асосчиси Эллиот Ҳиггинснинг ёзишича, "Рёдан" номи остидаги аниме санъати мухлисларининг турли гуруҳлари интернетда маълум вақтдан бери тарқоқ ҳолда мавжуд бўлиб, улар, асосан, аниме мавзуси муҳокамаси, онлайн видео ўйинлар ўйнаш билан банд бўлган.

Аммо шу вақтга қадар кенг матбуотда бирор марта бўй кўрсатмаган "Рёдан" нега қўққисдан бузғунчилик ва тартибсизлик тимсолига айланиб, халқаро хавотирга сабаб бўлмоқда?

Воқеалар ривожини таҳлил қилган кузатувчилар ўзини ҳаракатга аъзо ҳисобловчи ўсмирлар ижтимоий тармоқда "Рёдан ХҲК" [хусусий ҳарбий компанияси - таҳр.] номини қўллай бошлаши ортидан илк оммавий муштлашувлар юзага келганига эътибор қаратган.

Ишонилишича, ўсмирлар ҳаракат номи билан бирга "Хусусий ҳарбий компания" қўшимчасини Россия томонида Украинадаги қақшатқич жангларда қатнашаётган "Вагнер" гуруҳига ҳазиломуз тақлид ўлароқ қўллай бошлаган, аммо бу Кремль очган урушини ёқловчи ўнг кайфиятдаги россияликларга ёқмаган.

"Рёдан"га алоқадор пабликларда ҳаракат аъзоларининг ўзи Украинадаги уруш ёки сиёсатга ҳеч қандай алоқаси йўқлиги, "ХҲК" қўшимчасини видеоўйинлар стримларида ҳазил тариқасида ишлата бошлаганликларини таъкидлаган.

"Анимечиларга қарши бандитлар, скинхедлар ва миллатчилар бирлашиб, уларни дуч келган жойда тутиб ура бошладилар. Аммо депутатларга зўравонлик субмаданиятидан кўра аниме мухлислари хавфлироқ кўриниб кетди ёки шунчаки Украинани айблаб учун янги баҳонани қўлга киритдилар", дея ёзган ҳолатни кузатган россиялик блогерлардан бири.

Twitter'да яратилган мавзуга оид кўплаб трендларда мустақил кузатувчилар ана шундай ҳужумлар ортидан аниме мухлислари бир-бирини ҳимоя қилиш учун бирлаша бошлагани ва бу янги тўлқин бир ахборот маконида яшовчи пост-совет давлатлари ўсмирлари орасида акс-садо бергани ҳақида сўз боради.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.