Россия ўзбекларни қопдаги картошка каби Украина урушига улоқтирмоқдами? Янгиликлар Yangiliklar Dunyo

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Абдужалил Абдурасулов
- Role, BBC News
Россиянинг "Вагнер" ёлланма жангарилар гуруҳи, хабар қилинишича, ўнг минглаб маҳбусларни Украина уруши учун ёллаган. Аммо урушда жароҳатланганлар сони ошиши ва судсиз қатллар ҳатто қамоқхоналарда ҳам кўнгиллиларни топишни қийинлаштирмоқда.
Ҳозирда кўплаб маҳкумлар ўзларини шунчаки урушга мажбурлашлари мумкинлигидан хавотирда - Марказий Осиё давлатларидан келган меҳнат муҳожирлари эса айниқса ҳимоясиз.
Анвар 2018 йилда Россияга иш излаб келган. Кейинчалик у гиёҳванд моддалар савдоси учун қамалган ва Владимир вилоятидаги 6-сонли жазо колониясига юборилган. Би-би-си хавфсизлик нуқтаи назаридан унинг ҳақиқий исми ва фуқаролигини ошкор қилмайди.
Январь ойи охирида у отасига бир гуруҳ марказий осиёликлар ўзларининг розилигисиз Украинага урушга жўнатилганини хабар қилди. "Бу қамоқхонада ўзбек, тожик, қирғиз кўп. Ҳозир улар яна бир гуруҳни жўнатишмоқчи, ўғлим ҳам ўзини мажбурлашларидан хавотирда", дейди Анварнинг отаси Би-би-сига.
Би-би- унинг айтганларини "Панжара ортидаги Россия" инсон ҳуқуқлари ташкилоти директори Ольга Романова ҳам тасдиқлайди. Маҳбусларнинг ота-оналари унга ёрдам сўраб мурожаат қилишган.
"Уларга танлаш имконияти берилмаган. Уларни мажбуран шартнома туздириб, бир қоп картошкадек фронтга жўнатишган", дейди Романова.

Сурат манбаси, Getty Images
Унинг айтишича, дастлаб ота-оналар фарзандлари Украинада қолиб кетмаслиги учун судга мурожаат қилишга тайёр эдилар. Аммо кейин улар фарзандлари қамоқда қолса, жазоланиши мумкинлигидан қўрқиб, бундай қилишмади.
6-сонли жазо колонияси маҳкумларга шафқатсиз муносабатда бўлиш ва калтаклашлар билан ном чиқарган. Ольга Романова уни "қийноқ қамоқхонаси", деб атайди. Бу ерда таниқли россиялик мухолифатчи Алексей Навальний ҳам сақланмоқда.
Колония маъмурияти Би би сининг маҳбусларни ҳарбий шартномалар имзолашга мажбурлаганликлари ҳақидаги даъволар тўғрисидаги сўровига жавоб бермади.
Қамоқхонадаги ёллаш жуда муваффақиятли бўлганга ўхшайди, аммо «Вагнер» гуруҳи жанг майдонида оғир талофатлар олгани сабабли вазият ўзгармоқда.
Би-би-си Ўзбек хизмати Россиянинг Ростов вилояти қамоқхонасида сақланаётган Ўзбекистон фуқароси Фарруҳ (исми ўзгартирилган) билан суҳбатлашди. Унинг бир қанча камерадошлари Вагнерга қўшилган. Аввалига бу ихтиёрий эди, дейди Фарруҳ, лекин энди маҳбуслар урушга мажбуран жўнатилишдан хавотирда.
"Аввалида мен ҳам боришни ўйлагандим, чунки ҳамма Россия кучлироқ, Россия ғалаба қозонади, деб ўйларди - балки бир ой, уч ой ёки бир йилдан кейин. У ерда кўп одам ўлаётганини кўриб турибмиз, агар аскар етишмаётган бўлса, аҳвол чатоқ. Бор дейишса ю, рад этсам, Россияга қаршисан, дейишлари мумкин".

Сурат манбаси, Getty Images
Марказий Осиё фуқаролари Россия учун урушишга нафақат қамоқхоналарда, балки бошқа йўллар билан ҳам жалб қилинмоқда. Умуман олганда, Россия ИИВнинг сўнгги статистик маълумотларига кўра, Россияда Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистондан 10,5 миллионга яқин муҳожир меҳнат қилади. Ва бу аскар ёлловчилар учун катта манба.
Россия ҳукумати Москвадаги миграция марказида одамларни очиқдан-очиқ қуролли кучлар сафига рўйхатга ёзмоқда. Ҳатто ўзбек, қирғиз ва тожик тилларида бу давлат фуқароларига қуролли кучлар сафига қўшилган тақдирда Россия паспортини тезлаштирилган шаклда олиши мумкинлиги ҳақида эълонлар ҳам бор.
Аммо фаолларнинг айтишича, бу ҳар доим ҳам ихтиёрий эмас.
Муҳожирлар ҳуқуқлари ҳимоячиси Валентина Чупикнинг Би-би-сига айтишича, полиция баъзида марказий осиёлик муҳожирларни кўчада тўхтатиб, ҳарбий хизмат учун шартнома имзолашга мажбурлайди. Чупикнинг айтишича, акс ҳолда улар депортация қилиниши билан қўрқитилади.
Кўпчилик меҳнат муҳожирларининг тегишли меҳнат рухсатномалари йўқ, рўйхатдан ўтган жойида яшамайди ёки бошқа бирор миграция қоидаларини бузади. Ва шунинг учун улар ёлловчилар учун осон ўлжа бўлиши мумкин.
Россия ва Тожикистон фуқаролигига эга Азиз (исми ўзгартирилган) Би-би-сига ўзи ишлаётган қурилиш майдончасида полиция рейдлари чоғида қўлга олинганини айтди. Унга шахсини текшириш учун милиция бўлимига олиб боришларини айтишган, лекин ҳарбий рўйхатга олиш бюросига олиб боришган. У милицияга нима учун ёлғон гапирганликларини сўраб бақира бошлагач, қўлларини қайилтириб, автобусга тиқишган.
Охир-оқибат уни қўйиб юборишди.
Аммо Россиядаги кўплаб муҳожирлар ҳуқуқ-тартибот ходимларидан қаттиқ қўрққанидан эътироз билдирмайди.
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













