Ўзбекистон. Янгиликлар: Расул Кушербаев нимадан норози? Ўзбекистонни ким ‘шарманда қилаяпти’ ва Россиядан Мирзиёевга арз қилганлар нима бўлди? O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, FACEBOOK
- Ўзбекистонликларнинг конституцион ҳуқуқларига нима бўлади?
- Ўзбекистонда паспортлар текширилаяпти.
- Ички ишлар вазирлиги нимадан хавотирда?
- Самарқанд ёпилади, бунга Путин "сабабчи"ми?
Дарсликлар ижараси нега ошди?
Ўзбекистонда янги ўқув йили бошланиши билан дарсликлар ижараси муҳокамаси ҳам бошланди.

Сурат манбаси, www.uzedu.uz
Халқ таълими вазирлиги 2 сентябрь куни 2022-2023 ўқув йили учун ўртача бир дона дарслик учун ижара тўлови 5 707 сўмни ташкил қилишини эълон қилган эди.
Дарсликлар ижарасининг қарийб 3 баробар қимматлаши ортидан аҳоли орасидаги норозилик ижтимоий тармоқларда ҳам акс этмоқда.
Аввало Олий мажлис депутати Расул Кушербаев Telegram даги каналида китобларни пуллик ижарага бериш Конституцияга зид, деб ҳисоблашларини билдирди.
- "Конституцион норма талабларидан келиб чиқилса давлат умумтаълим мактабларида таълим бериш билан боғлиқ барча жараёнлар бепул ҳисобланади. Бунда дарсликлар билан ўқувчиларни таъминлаш ҳам", - деб ёзди депутат Кушербаев.
Блогерлар ва фаоллар бу масаланинг муаммолари томонларини кўтаришди.
Баъзилари ҳудудларда аксар кўпфарзандли оилалар учун ижара нархлари қимматлик қилишини ёзишган бўлса, айримлари ўқув йили бошланишига саноқли кунлар қолганида эълон қилинганига эътибор қаратишди.
- Менда яна битта савол бор. Нега дарсликлар ижараси нархи деярли уч бараварга ошиши ҳақида дарс бошланишига уч-тўрт кун қолганда эълон қилинди? Сабрни охиригача синашми мақсад?, - деб ёзади журналист Санжар Саид.
Ота-оналарга қимматлик қилаяптими?
Ижтимоий тармоқ фаоллари орасида мактаблардаги дарсликларни ижарага берилишини ёқловчилар ҳам бўлди. Улардаги постлар мазмуни "тўйга, қўшиқчиларга бериладиган пулни фарзандларига мактаб учун дарсликни ижарага олиш"ни маслаҳат бериш мазмунида бўлди. Аммо бу каби фикрларга кўплаб фойдаланувчилар қарши чиқишган.
"Болаларим учун ҳар кандай тўланган пул, бу хоҳ китоб ижараси, синф фонди, хона таъмири, ўкитувчини байрамлари учун, бепул таълимни пуллик таълимга айлантириб куяди", дея Facebook да фикр билдирган Улуғбек Убайдуллахўжаев исмли фойдаланувчи.

Сурат манбаси, www.uzedu.uz
Блогер ва фаол Фируз Аллаев дарсликлар ижараси нархи борасидаги фактларни савол остига олади.
- "Бу йил 64 миллион дона дарслик ва қўлланмалар буюртма қилинган экан. Демак, бюджетдан ажратилган 605 миллиардни 64 миллионга бўладиган бўлсак, бюджетдан ҳар бир китоб учун ўртача 9 453 Сўм ажратилган экан. 17 100 Сўм ота-онадан уч йилда олинадиган пулни ҳисобласа бир дарслик нархи 26 553 Сўмга тўғри келяпти. Шунда ҳам арзон.
Энди савол туғилади, дарсликлар бепул бўлиши керак бўлса, бюджетдан нимага бунақа кам сумма ажратилган? Ёки дарсликлар пуллик бўлиши керак бўлса, бюджетдан нимага пул ажратилган?", - дейди Фируз Аллаев.
"Кун.уз" нашри эса бу борада "Қарийб 3 баробар қимматлаган мактаб дарсликлари: Бундан коррупциянинг иси келмоқда" сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилди.
Халқ таълими вазирлиги ижара нархларининг кескин ошишига қоғоз нархининг ошиши билан изоҳлаган. ОАВ ва ижтимоий тармоқларда бўлаётган норозиликларга ҳозирча муносабат билдирганича йўқ.
Сарсон талабаларнинг қайтиши
Фарғона Жамоат саломатлиги тиббиёт институтининг ўқишни давом эттириш учун Россияга юборилган талабалари кўчада қолганликлари ҳақида Ўзбекистон президентига видеомурожаат йўллашганди.

Сурат манбаси, Social media
Ўзбекистонлик талабаларнинг айтишича, улар Россиянинг Кубан давлат тиббиёт университети ҳамда Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти ўртасида тузилган шартномага кўра, "Даволаш иши" факультети талабалари Ўзбекистонда ва Россияда 3 йилдан жами 6 йил, "Стоматология" факультети талабалари эса 3 йил Ўзбекистонда, 2 йил эса Россияда таҳсил олишлари керак бўлган.
Аммо Россияга боришгач, Фарғона Жамоат саломатлиги тиббиёт институти ва Кубан давлат тиббиёт университети ўртасида тузилган шартнома бекор бўлганидан хабар топишганини айтишган.
Ўзбекистонлик талабаларнинг Президентга видеомурожаат ижтимоий тармоқларда тарқалгач, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти стоматология йўналиши 3-босқични битирган талабалардан Кубан давлат тиббиёт университетида олинган имтиҳон олингани ва талабаларнинг бир қисми (21 нафари) имтиҳондан ўта олмаганини билдирган. Талабалар эса имтиҳон ҳақида огоҳлантирилмаганини айтишган.
"Кун.уз" нашрининг ўрганишича, ФЖСТИ ректори Акмал Сиддиқов талабаларнинг ота-оналари билан учрашиб, имтиҳондан ўта олмаган талабаларнинг Курск вилоятига бориб ўқишини айтган. Аммо талабалар Ўзбекистонга қайтишни сўрашган. Улар шартнома Курск эмас, Кубан олийгоҳи билан тузилгани, ватанга қайтиб ўз ҳуқуқларини талаб қилишларини айтишган.
Хабарга кўра, "40 нафарга яқин талаба Фарғонага қайтиб, жамоат саломатлиги тиббиёт институтида яна бир йил таҳсил олишга кўнган".
ИИВ давлат рўйхатига ишонмайдими?
Тошкент шаҳар ИИББ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ҳамда туман бўлимлари тонгда Тошкентдаги меҳмонхоналарда дам олаётганларнинг ҳужжатини текширган.

Сурат манбаси, uzbektourism.uz
Туризмни ривожлантириш ассосацияси раиси Дилшод Одилов ўзининг Facebook даги саҳифасида маълум қилишича, ички ишлар ходимлари эрталабки соат 05:00 да меҳмонхонада ухлаб ётган меҳмонларни уйғотиб, паспорт кўрсатишни талаб қилган.
"Дунёнинг қайси давлатида сизни кечаси уйғотиб паспортингизни текширишган? Бу каби текширишлар ҳамма меҳмонхоналарда бўлмоқда. Хавфсизликни биз ҳам истаймиз. Лекин эви билан текшириш керак-да! Бунақада туристлар олдида шарманда бўламиз. Ўзи бир нечтасига шарманда бўлиб бўлдик: «Давлатингиз сизларнинг электрон рўйхатга қўйганингизга ишонмайдими?", дейишяпти, деб ёзган Дилшод Одилов.
Ички Ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов бу текширувни "Хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ зарурий текширувлар айрим фуқароларга маълум даражада ноқулайлик келтириши табиий ҳолат", дея изоҳлаган.
Туризм ва маданий мерос вазирлиги мазкур ҳолат бўйича Ички ишлар вазирлигига сўров юборган.
- "Бугунги кунда вазирлик томонидан хорижлик фуқароларни Интернет тармоғи орқали ихтисослаштирилган электрон автоматлаштирилган дастур - "Е-меҳмон" орқали рўйхатга олиш тизими мавжудлиги тўғрисида маълум қилади", - дея эслатади Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот котиби Лола Раҳмонбоева.
Самарқандга бошқа пайт келинг
Самарқанд шаҳар ИИБ ўз Telegram каналида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити ўтказилиши муносабати билан 14 сентябрдан 17 сентябрь кунига қадар шаҳарга кириш йўллари ёпилиши ҳақида хабар берди.

Сурат манбаси, https://t.me/samiibuz
Маълумотга кўра, шаҳарнинг 16 та кўчасида транспорт воситалари ҳаракати чекланади.
- Ҳаракат қатнови чекланган кўчаларда тез тиббий ёрдам ва фавқулодда вазиятлар бўлинмалари транспорт воситаларига истисно тариқасида ҳаракатланиш учун рухсат берилади.
14-15-16 ва 17 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрига келмоқчи бўлган фуқаролардан ташрифларини бошқа муддатга кўчиришларини сўраб қоламиз, дейилади ИИБ хабарида.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Россия ва Хитой шамсияси остидаги ташкилот бўлади.
У таҳлилчилар доирасида НАТОнинг минтақадаги муқобилига қиёс берилади.
Шу кунларда айрим Ғарб нашрларида "саммитга Путин келиши муносабати билан" Самарқандда хавфсизлик чоралари кучайтирилаётгани ҳақидаги хабарлар ҳам бўй кўрсатган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













