"Қўйлиқ" бозори қисман бузилади, Қашқадарёда 2 бола сир сақланаётган касалликдан вафот этди, Ўзбекистон рекорд даражада тарвуз экспорт қилди

loyiha

Сурат манбаси, Toshkent shahar hokimligi

Тошкент шаҳар ҳокимлиги "Қўйлик" бозори қисман бузилишини маълум қилди. Қашқадарёда икки нафар бола шифокорлар томонидан сир сақланаётган касаллик сабаб вафот этди, уларнинг қариндошлари ўхшаш симптомлар билан шифохона ётқизилди. Ўзбекистон сўнгги йилларда мисли кўрилмаган даражада кўп тарвуз экспорт қиляпти.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги "Қўйлиқ" бозори қисман бузилишини билдирди

Тошкент шаҳар ҳокимлиги "Қўйлиқ" бозорининг тўлиқ шаҳар эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши ҳақидаги хабарларни рад қилди. Хабарлар шаҳар ҳокими Ортиқхўжаевнинг қарори асосида ёзилганди.

Ҳокимлик берган изоҳда бозорнинг айрим жойлари бузилиши билдирилди.

"Асосий кириш жойи олдидаги автотураргоҳ ҳудудининг бир қисми ва бир нечта вақтинча савдо қурилмаларининг ўрни қурилиш жараёнига жалб этилади. Бунда асосий бино ва савдо расталарининг аксарияти ўз жойида қолади. Лойиҳага кўра, жалб этиладиган ҳудуднинг умумий майдони 10 минг квадрат метр атрофида бўлади.

«Қўйлиқ» буюм бозори ҳам тўлиқ олиб қўйилмайди. Бу ерда ҳам автотураргоҳ ҳудуди ва бир нечта вақтинча қурилмаларнинг ўрни ишларга жалб этилиб, улар учун компенсация маблағлари тўлаб берилади. Буюм бозорининг ҳам асосий павилони ўз жойида қолади", дейилади ҳокимлик чиқарган хабарда.

«Қўйлиқ» бозори бузилиши ёки кўчиши ҳақида ҳақида расмий ва норасмий хабарлар 2021 йилнинг декабр ойидан бери айланади.

Ўшанда Тошкент шаҳар ҳокимлиги «Қўйлиқ» деҳқон бозори йўл кенгайтирилиши сабаб бошқа жойга кўчирилишини маълум қилганди.

Бозорда савдо қилувчи тадбиркорлар бу қарорга норозилик билдирган.

Шундан сўнг, «Қўйлиқ» деҳқон бозори директорининг хавфсизлик бўйича ўринбосари Қодиржон Нормирзаев бозор бузилиши ёки кўчиши ҳақида хат ёки оғзаки топшириқ берилмаганини ва қурилиши режаланган янги кўприк ҳозирча лойиҳа экани, унинг қурилишига маълум бир вақт белгиланмаганини маълум қилди.

24 июнь куни Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши раиси Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг 22 июнда имзолаган қарори билан «Қўйлиқ» деҳқон бозори ва «Қўйлиқ» универсал савдо мажмуаси объектлари жойлашган ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишга рухсат бергани ҳақида хабар берилди.

bolalar

Сурат манбаси, daryo.uz

Сурат тагсўзи, Шифохона ётқизилган болаларнинг аҳволи яхшилангани айтилди

Сирли касалликдан вафот этган болаларнинг қариндошлари ҳам шифохонага ётқизилди

Ўзбекистондаги интернет нашрларининг хабар беришича, Қашқадарё вилояти, Ғузор туманида 4 ёшли бола 20 июн куни номаълум касалликдан вафот этган. Xabar.uz нашри шу оилада яшовчи 6 ёшли қизалоқ ҳам оғир аҳволда жонлантириш бўлимига ётқизилган ва уни ҳам асраб қолиш имкони бўлмагани айтди.

Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Нуриддин Эгамовнинг «Дарё»га айтишича, 6 ёшли қизалоқ ва 4 ёшли боланинг қандай касалликдан вафот этгани шифокорларга маълум.

«Интернетда уларнинг номаълум касалликдан вафот этгани ҳақида хабар бериляпти. Бу нотўғри. Болаларнинг қайси касалликдан вафот этгани шифокорларга маълум. Бироқ, қонунчиликка кўра касаллик ташхиси жамоатчиликка ошкор қилинмаяпти», дейди у.

Сўнгги хабарларга кўра, мусибат тушган хонадонда бошқа болаларда ҳам касаллик аломатлари пайдо бўлган ва иситма билан шифохонага олиб келинган.

Шифохона ётқизилган болаларнинг аҳволи яхшилангани айтилди.

Ўзбекистон рекорд даражада тарвуз экспорт қилди

EastFruit лойиҳаси Ўзбекистон бир ой ичида сўнгги беш йил ичида мисли кўрилмаган тарзда тарвуз экспорт қилганини хабар қилди.

Республика Божхона қўмитасининг дастлабки маълумотларига кўра, 2022 йилнинг 16 майидан 15 июнига қадар Ўзбекистондан 28,1 минг тонна тарвуз экспорт қилинган.

"Бу 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 3,4 баробар кўпдир. Агар 2018-2020 йилларнинг худди шу даврида Ўзбекистондан тарвуз экспорти жисмоний жиҳатдан 1,6 минг тоннадан ошмаганини ҳисобга олсак, жорий мавсумнинг биринчи ойида экспорт ҳажми 2018-2020 йиллардаги кўрсаткичлардан камида 17 баробар ошиб кетди", дейилади хабарда.

Экспортнинг аксари Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи мамлакатлари бозорларига ва 70 тоннагача бўлган кичик партиялар Мўғулистон, Украина ва Латвияга юборилган

Тарвузнинг улгуржу нархлари 2020 йилнинг шу даври билан солиштирганда 40 фоиз арзон, килоси 2 минг сўмдан сотилмоқда. Кузатувчилар нархларнинг арзонлиги тарвуз экспорти ҳажмига таъсир қилганини айтган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek