Ўзбекистон: Рамазон афви, Афғон учоқлари Толибонга қайтарилмайди ва “Лочин” Афғонистонга киргани рад этилди – O'zbekiston, yangiliklar

Исматулла Иргашев

Сурат манбаси, Screenshot/VOA

Сурат тагсўзи, Иргашевнинг сўзларига кўра, учоқлар учун маблағни собиқ афғон ҳукуматини дастаклаган АҚШ тўлаган ва шу сабабдан уларнинг тақдирини ҳам Вашингтон белгилайди
  • Ўзбекистонга кирган афғон учоқлари АҚШга тегишли - Иргашев;
  • Афғонистон ҳаво макони бузилмаган - Мудофаа вазирлиги;
  • Мирзиёев Рамазон Ҳайити арафасида 65 инсонни афв этди;
  • 3 миллионга яқин ўқувчи сифатли таълим олиш имконига эга эмас - вазир;
  • Қашқадарёда ягона бўлган аёл ҳоким ҳибсга олингани рад этилди;

"Учоқлар Толибонга қайтарилмайди"

Ўзбекистон ўтган йилнинг август ойида ўз ҳудудига афғон ҳарбийлари бошқарувида кириб келган учоқлар тақдирини ҳал этиш масаласи бутунлай Вашингтонга боғлиқ, деб ҳисоблайди.

Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев Америка Овози билан суҳбатда расмий Тошкент шу вақтгача сукут сақлаб келаётган афғон ҳарбий техникалари тақдирига ойдинлик киритган.

Иргашевнинг сўзларига кўра, учоқлар учун маблағни собиқ афғон ҳукуматини дастаклаган АҚШ тўлаган ва шу сабабдан уларнинг тақдирини ҳам Вашингтон белгилайди.

Алоқадор мавзулар:

"Биз бу ҳарбий анжомларни АҚШ билан келишган ҳолда сақлаб келяпмиз ва Толибонга ҳам бу ҳақда айтганмиз", деган Иргашев Америка Овозига.

2021 йилнинг август ойида юзлаб афғонистонлик ҳарбийлар шиддат билан мамлакатни эгаллаётган толиблардан қочиб, эликка яқин ҳарбий вертолёт ва самолётларда Ўзбекистонга кириб келган эди.

Бир қанча вақт матбуот кўзидан панада Термизда сақланган афғонистонлик ҳарбийлар ўтган йилнинг сентябрь ойидан АҚШ томонидан БААга кўчирила бошланган, аммо улар олиб келган ҳарбий учоқлар тақдири номаълумлигича қолиб келаётган эди.

Афғонистонга ҳокимиятни ўз қўлига олган Толибон бир неча бор ҳарбий техникалар қайтарилиши талаби билан чиққан.

Январь ойида Толибон мудофаа вазири Муҳаммад Ёқуб ҳарбий учоқлар сақланаётган қўшни давлатларни Кобул "сабрини синамаслик"ка чақирган, акс ҳолда, толиблар ҳарбий техникаларни қайтариб олиш йўлида барча чораларни кўриши билан таҳдид қилган эди.

"Афғонистон ҳаво макони бузилмаган"

drone

Сурат манбаси, Screenshot/social media

Сурат тагсўзи, Мозори Шариф осмонида кузатилган учувчисиз учоқ

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги сўнгги кунларда киберфазода тарқалаётган хабарларга жавобан, мамлакат ҳарбий ҳаво кучлари "қўшни мамлакатлар ҳаво маконини бузиб кирмагани"ни билдирган.

Ўз навбатида, вазирлик Ўзбекистон ҳаво маконига қўшни давлатлар ҳаво кучлари бузиб киргани қайд этилмаганини ҳам таъкидлаган.

20 апрель куни Толибон Афғонистонда фаолият юритаётган ИшИД террорчи ташкилотининг Хуросон фирқаси жангарилари Ўзбекистон ҳудудини ракеталардан ўққа тутишга урингани, аммо снарядлар кўзланган манзилга етиб бормагани ҳақида хабар берган эди.

Шу куни бир қанча Афғонистон маҳаллий нашрлари Балх вилоятида Ўзбекистонга тегишли кўрилган ҳарбий вертолётлар парвози кузатилгани ҳақида ёзган.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Би-би-сининг ушбу хабарларни изоҳлаш юзасидан сўровини жавобсиз қолдирган эди.

30 апрель куни Спутник Афғонистон нашри Мозори Шариф осмонида учувчисиз бошқариладиган аппаратлар пайдо бўлгани ва учоқлар шаклан январь ойида Ўзбекистон Мудофаа саноати давлат қўмитаси оммага таништирган "Лочин" дронларига ўхшаб кетиши ҳақида ёзган.

1 май куни мамлакат Мудофаа вазирлиги бу хабарни рад этиб, вазирликнинг "учувчисиз бошқариладиган, қирувчи ва ишғол авиацияси қатъий белгиланган тартибда жанговар навбатчилик ўтаётгани"ни таъкидлаган.

Рамазон афви

pardon

Сурат манбаси, Prezident matbuot xizmati

Президент Шавкат Мирзиёев Рамазон ҳайити арафасида 65 нафар фуқарони афв этиш бўйича фармонга имзо чеккан.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг хабар беришича, мутасаддиларга адашиб жиноятга қўл урган, лекин айбини чуқур англаб, тузалиш йўлига қатъий ўтган ушбу фуқаролар байрамни ўз уйида, яқинлари бағрида кутиб олишлари учун барча шароитларни яратиш бўйича топшириқ берилган.

"Шунингдек, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари олдига байрам юқори савияда ўтишини таъминлаш вазифаси қўйилди", дея ёзган Асадов.

Ўқитувчилар тақчиллиги

minister

Сурат манбаси, Xalq ta'limi vazirligi

Сурат тагсўзи, Вазир Бахтиёр Саидов ўқитувчилар билан

Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов мамлакатда малакали ўқитувчилар етишмаслиги даражаси юқори экани, шу туфайли қарийб 3 миллионга яқин ўқувчи-болаларда сифатли таълим олиш имконияти мавжуд эмаслиги ҳақида ёзган.

Вазир ўзининг Telegram'даги каналида қолдирган постида республика мактабларида ишловчи 504 минг нафар ўқитувчининг 280 минг нафардан ортиғи ёки 56 фоиз ўқитувчиларнинг салоҳияти талаб даражасида эмаслигини билдирган.

Саидов, шу сабабдан, эндиликда, ўқитувчиларнинг доимий ўз устида ишлаши ҳамда билим ва малакаларини оширишлари талаб этилишини таъкидлаган.

"Энди ўқитувчи махсус платформа орқали ўз билимларини диагностика қилади ҳамда аниқланган билимдаги бўшлиқлар асосида малака оширади. Ҳар бир ўқитувчининг касбий ривожланиш динамикаси платформа орқали доимий мониторинг қилиб борилади", ёзган вазир.

"Собиқ ҳоким қамоққа олинмаган"

hakim

Сурат манбаси, Qarshi tumani hokimligi

Сурат тагсўзи, Вилоятдаги ягона аёл ҳоким ҳисобланган Мақсуда Мустафоева 2020 йил мартидан 2022 йил февраль ойига қадар Қарши туманини бошқарган эди

Расмийлар Қарши тумани собиқ ҳокими Мақсуда Мустафоеванинг қамоққа олингани тўғрисидаги хабарларни рад этди.

Қашқадарё вилояти прокуратураси бундай хабарларни "ёлғон маълумотлар" дея атаган.

Бироқ прокуратура 4,1 миллиард сўм миқдоридаги субсидия маблағлари талон-тарож қилингани ҳолати бўйича Қарши туман ҳокими собиқ ўринбосари, қишлоқ хўжалиги ва ирригация бўлимлари бошлиқлари ҳибсга олинганини билдирган.

"Мазкур жиноят иши бўйича Қарши туманининг собиқ ҳокими М.Мустафоева айбланувчи сифатида жалб қилинмаган", дейилади вилоят прокуратураси хабарида.

Вилоятдаги ягона аёл ҳоким ҳисобланган Мақсуда Мустафоева 2020 йил мартидан 2022 йил февраль ойига қадар Қарши туманини бошқарган эди.

Ўтган йилнинг сентябрь ойида Қашқадарё вилоятининг собиқ ҳокими Зоир Мирзаев Мустафоеванинг "ишини кўрмасдан, ҳокимликка тавсия қилгани"ни ўз хатоси, деб билиши ҳақида гапирган эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek