Ўзбекистон тадбиркорлари учун Британия бозорига йўл очилдими? O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Тошкентдаги тадбир
Сурат тагсўзи, Ўзбекистон 1 ноябрдан бошлаб Буюк Британия Преференциялар бош тизимининг Кенгайтирилган схемаси (The UK Enhanced Framework of Generalised Scheme of Preferences)га расман қабул қилинди
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Эндиликда, ўзбекистонлик тадбиркорлар минглаб турдаги товарларни Буюк Британия бозорига ҳеч қандай бож тўловларисиз олиб киришлари мумкин.

Ўзбекистон 1 ноябрдан бошлаб Буюк Британия Преференциялар бош тизимининг Кенгайтирилган схемаси (The UK Enhanced Framework of Generalised Scheme of Preferences)га расман қабул қилинди.

Ушбу тизим ўзбекистонлик тадбиркорларга 7,800 дан ортиқ товарларни Буюк Британия бозорига ҳеч қандай бож тўловларисиз экспорт қилишларига имкон яратади.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Алоқадор мавзулар:

22 ноябрь куни пойтахт Тошкентда ушбу мавзуга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Би-би-си британиялик экспертлардан бу янгилик Ўзбекистон ишбилармонларига қандай манфаат келтиришини сўради.

Бу қандай тизим ўзи?

Ўзбекистон сабзавотлари

Сурат манбаси, official

Буюк Британия Преференциялар бош тизимининг Кенгайтирилган схемаси ёки GSP тизими Жаҳон Банки томонидан даромади паст ва ўрта паст, дея таснифланган, товарлар экспорти диверсификацияси яхши шаклланмаганидан иқтисодиёти заиф ҳолатда бўлган ҳамда халқаро савдо тизимига у қадар кириб бора олмаган мамлакатларни иқтисодий жиҳатдан дастаклашга хизмат қилади.

GSP тизими ривожланаётган давлатлар тадбиркорларига мева-сабзавотлар, тўқимачилик, нефть-кимё саноати маҳсулотлари, қурилиш материаллари каби товарларни Буюк Британия бозорига ортиқча қийинчиликларсиз олиб бориб сотиш имконини беради.

Буюк Британия Европа Иттифоқи таркибидан чиқиши ортидан учинчи дунё мамлакатларидан импорт қилинадиган товарларга иттифоқда мавжуд GSP+ тизимига ўхшаш имтиёзларни қўллай бошлаган.

Бу тизим орқали Буюк Британия ривожланаётган давлатлар билан эркин ва адолатли савдо шакллантириш, бу мамлакатлар иқтисодиётини кучайтиришни мақсад қилган.

Шу тариқа Ўзбекистон учун дунёдаги бешинчи йирик иқтисодиёт, етакчи халқаро истеъмол ва чакана савдо бозорига кириш эшиги очилмоқда.

Анорлар

Сурат манбаси, Getty Images

Ўз навбатида, GSP тизими Буюк Британия учун ҳам манфаатли бўлиб, мамлакат тадбиркорлари ва харидорлари кенг турдаги арзон импорт маҳсулотларига эга бўлади.

"Савдо ривожланса, қашшоқлик чекинади"

Ўзбекистон Буюк Британия Преференциялар бош тизимининг Кенгайтирилган схемасига қўшилган биринчи мамлакатга айланган.

Бундай мақомга эга бўлиш йўлида расмий Тошкент инсон ва меҳнат ҳуқуқлари, иқлим муҳофазаси, сифатли давлат бошқарувига доир 27 та асосий халқаро конвенцияларни ратификация қилган ва, эндиликда, мазкур конвенцияларда кўрсатилган мажбуриятларни бажаришига тўғри келади.

Хўш, Ўзбекистон иқтисодий жиҳатдан нега Буюк Британия учун муҳим мамлакатга айланмоқда?

Кенан Полео

Буюк Британиянинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича савдо комиссари Кенан Полеонинг Би-би-сига таъкидлашича, Ўзбекистон иқтисодиёти ривожланмоқда, ялпи ички маҳсулотнинг келаси беш йил давомида юқори суръатда ўсиши кутилмоқда.

"Бундан ташқари мамлакат аҳолиси ёш ва анчайин фаол. Ҳозирда мавжуд маҳсулотларга назар солсак, Буюк Британия ва Ўзбекистон ҳамкорлигини икки мамлакат ҳамда дунёнинг бошқа қисмларидаги харидорлар манфаатларига хизмат қилувчи мутлақо янги товарлар ва хизматлар даражасига олиб чиқиш имкониятини кўрамиз", сўзлайди жаноб Полео.

Экспертлар ушбу тизимдан ҳар икки мамлакат тадбиркорлари ва оддий харидорлари тенг манфаат кўришини таъкидлайдилар.

Фабиан Хартвелл

"Фикримча, Буюк Британияга олиб кирилаётган товарларнинг учдан икки қисмининг бож тўловларидан озод қилиниши ҳам ўзбекистонлик экспортчилар, ҳам британиялик импортчилар учун арзонроқ товарларни қўлга киритиш ва экспортни ошириш йўлида яхши имконият", дейди Буюк Британиянинг GSP бўйича мутахассиси Фабиан Хартвелл Би-би-си билан суҳбатда.

"GSP тизими ривожланиш учун ажойиб восита. Биламиз, савдо ривожланса, қашшоқлик чекинади. Биз Ўзбекистонда иқтисодий фаолликни кучайтиришимиз мумкин. Шунда GSP ўз вазифасини адо этган бўлади".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek